Жаҳон | 16:03 / 26.11.2025
3355
2 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Ҳамас сўнгги жасадлардан бирини қайтарди

Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакиллари қолдиқларни Исроилга етказди. Ғазода яна икки гаровга олинган шахснинг жасади борлиги тахмин қилинмоқда.

Фото: Anadolu

Ҳамас 25 ноябр куни марказий Ғазодан топилган бир исроиллик гаровга олинган шахснинг жасадини топширди. Қизил Хоч воситачилари қолдиқларни Ҳамасдан Исроилга етказди.

Суд-тиббий экспертизадан сўнг Исроил ҳукумати жасаднинг – 2023 йил 7 октябрда олиб кетилган Дрор Ор эканини аниқлади.

Ғазода ҳамон икки кишининг жасади борлиги айтилмоқда: бири исроиллик – 24 ёшли Ран Гвили ва бири таиландлик – 43 ёшли Судтҳисак Ринтҳалак.

New York Times'нинг ёзишича, бу Ҳамас ва Исроилни Ғазо бўйича сулҳнинг энг муҳим тортишув нуқталаридан бирини ҳал этишга яна бир қадам яқинлаштирди.

Исроил ва Ҳамас АҚШ қўллаб-қувватлаган сулҳга 10 октябр куни келишган эди. Бу Ғазодаги икки йилдан ортиқ давом этган урушни тўхтатди. Келишувнинг бир қисми сифатида Ҳамас анклавда қолган 20 нафар тирик исроиллик гаровдагиларни – деярли 2 000 нафар фаластинлик маҳбус ва қўлга олинган шахслар эвазига озод қилди.

Ҳамас шунингдек, Ғазода қолган яна 28 нафар исроиллик ва хорижий фуқаронинг жасадларини топширишга рози бўлган. Тирик гаровдагилар тезда топширилган, жасадлар эса бир неча ҳафта давомида босқичма-босқич бериб келинмоқда.

Исроил раҳбарлари, жумладан, бош вазир Бенямин Нетаняҳу Ҳамасни жараённи чўзаётганликда айблаган. Лекин Ҳамас буни рад этади. Гуруҳга кўра, анклавдаги Исроилнинг 2 йиллик бомбардимонларидан сўнг вайроналар остидаги жасадларни топиш қийинлашган.

Сулҳга қарамай ҳар икки томон бир-бирини келишув шартларини бузаётганликда айблаб келмоқда. Исроил армияси қуролланган шахслар ўз кучларига қарата ўқ узганини айтиб, сектор бўйлаб зарбалар берди.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги идорасига кўра, сулҳ имзоланганидан бери Исроил ҳужумларидан 300 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид