Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан анъанавий очиқ мулоқоти бошланди
Президент тадбиркорларнинг мурожаатлари асосида ишлаб чиқилган, бизнесга қўшимча қулайликлар яратишга қаратилган ташаббусларни илгари суриши кутилмоқда. Тадбирда бир гуруҳ тадбиркорларга давлат мукофотлари ҳам топширилади.
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бошланди.
“Бугун шуни фахр билан айта оламизки, юртимизда яратилаётган ҳар бир иш ўрни, қад кўтараётган ҳар бир корхона, халқимиз оғирини енгил қилаётган ҳар бир хизмат, экспорт бўлаётган ҳар бир маҳсулот – сизнинг жасорат билан қилаётган меҳнатингиз, ташаббус ва изланишингиз маҳсулидир”, – деди давлат раҳбари сўзининг аввалида.
Бугунги тадбир шунчаки анжуман эмас, давлат ва бизнес ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган жонли ва самимий мулоқот майдони экани таъкидланди.
“Ҳар бир соҳа, ҳар бир ҳудуд, ҳар бир маҳалла – фақат тадбиркор ҳаракат қилганида, уларга қулоқ тутиб, ишонч билдирилганида ривожланади, обод бўлади.
Шу боис, бугун сизларни эшитамиз. Сизнинг овозингиз орқали ҳал қилинадиган масалаларни биргаликда муҳокама қилиб, уларга аниқ ечимлар ҳақида келишиб оламиз”, – деди президент.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, ўтган 8 йилда Ўзбекистон иқтисодиётига 230 млрд доллар инвестиция кириб келди, шундан 120 миллиарддан ортиғи – хорижий сармоя.
“Бир қарашда айтишга осон ушбу рақамни олдинлари ҳисоб-китоб қилиш тугул, тасаввур қилиб ҳам бўлмасди. Лекин биз буни уддаладик”, – деди президент.
Турли низо ва зиддиятлар туфайли жаҳон иқтисодиёти ғоят мураккаб даврни бошидан ўтказаётган бир вақтда прагматик ва проактив сиёсат туфайли биринчи ярим йилликда ЯИМ 7,2 фоизга ўсгани таъкидланди.
1600 та микро корхона бир йил ичида айланмасини 10 миллиард сўмдан ошириб, бирданига ўрта корхонага, 143 таси эса 100 миллиард сўмдан ошириб, йирик корхонага айланди. Яна 122 та кичик корхона йирик бизнес сафига қўшилди.
Ўтган йили айланмаси 1 триллион сўмдан ошган 203 та корхона бор эди. Бу йилнинг ўтган олти ойида уларга қўшимча яна 47 та корхона 400-500 миллиард сўмлик маррани забт этди.
Бизнесни соядан чиқариш бўйича янги механизмлар кўпайтирилгани ҳисобига 139 мингта корхонада иш ўринлари 811 мингтага кўпайди, 273 мингта корхона иш ҳақи фондини 22 фоизга ёки 4,6 триллион сўмга оширди.
Ўтган йили хусусий секторда ўртача ойлик 4 миллион сўмни ташкил қилган бўлса, бугунги кунда 5 миллион сўмга яқинлашди.

Анъанага кўра, бу йил ҳам кичик бизнес вакилларидан тортиб йирик корхоналар раҳбарларигача – энг илғор ва фидойи тадбиркорлардан 49 нафари давлат мукофотлари, 112 нафари эса “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланди. Улар орасида илми билан бизнесни ривожига катта ҳисса қўшаётган олимлар ҳам бор.
Ўтган бир йилда яна 52 нафар ишбилармон тадбиркорлар, миришкор деҳқон ва фермерлар, ташаббускор инвесторлар орден ва медаллар соҳибига айланди.
“Айниқса, ҳомийлик қилиб боғча ва мактаб, шифохоналар қураётган, эҳтиёжманд оилаларга кўмаклашаётган, ёшларни қўллаб-қувватлаётган саховатпеша тадбиркорларимиз кўпайиб бораётгани бизни қувонтиради.
Ўғил-қизларимизни спортга жалб қилиш учун катта-катта шароит қилиб бераётган, уларнинг жаҳон ва қитъа чемпионатлари, Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинлари, бошқа нуфузли халқаро мусобақаларда юқори чўққиларни забт этишига кўмаклашаётган бизнес вакиллари юртимизнинг чинакам фидойиларидир”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари фурсатдан фойдаланиб бутун республиканинг бизнес вакилларига ўзининг чуқур ва самимий миннатдорлигини изҳор қилди ва байрам билан табриклади.
Мавзуга оид
20:08 / 08.10.2025
Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Тожикистонга боради
13:49 / 09.09.2025
Президент: “Ўқитувчилар маошини минг долларга етказамиз деган гапларим ҳақиқатга айланди”
21:33 / 22.08.2025
Бердимуҳамедов Мирзиёевга Ўзбекистон халқига чуқур ҳурмат-эҳтиром рамзи сифатида туя ва бўталоқ совға қилди
19:30 / 22.08.2025