20:30 / 27.11.2019
4
50000

Нукусда табиий газ йўқлиги учун йўлни тўсиб қўйишди. Мутасаддилар аҳоли билан учрашди

Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистоннинг Нукус туманида одамлар кўчага чиқиб йўлларда автомашинанинг эски балонини ёқиб юргани тасвирланган видео тарқалди.

ЎзА хабар беришича, мазкур норозилик намойиши туман марказидан 8,5 километр олисдаги «Қирантау» овул фуқаролар йиғинига қарашли «Шортанбай» овулига табиий газ етиб бормаслиги ортидан келиб чиққан.

Нукус тумани ҳокимлиги берган маълумотга кўра, «Шортанбай» овули фуқаролари М.Ж. ва А.У. ҳудуд ичидан ўтадиган йўл бўйига чиқиб, қишлоқдошларини норозилик митингига чорлайди. Одамларнинг эътиборини тортиш учун асфальт йўлга автомашиналарнинг покришкаларини ёқади ва воқеа жойига 70га яқин одам йиғилади.

Туман ҳокими А.Сейтахов ва туман прокурори Ш.Алламбергенов вазиятни воқеа жойига бориб ўрганади. Қишлоқ аҳолисининг кўмирга бўлган талаби ўрганиб чиқилиб, шу куннинг ўзида 116 тонна кўмир етказилди.

Қиш мавсумида табиий газ тўлиқ етиб бормайдиган ижтимоий объектлар ва хўжаликларнинг рўйхати тузилган бўлиб, ушбу ҳудудларга бошқа муқобил энергия ресурсларини етказиб бериш бўйича қарор қабул қилинган.

«Қирантау» ОФЙ ҳудуди ҳам ушбу рўйхатга киритилган.

Ҳозирги вақтда мазкур ҳудудга суюлтирилган газ ва кўмир етказиб берилмоқда. Лекин, қишлоқ аҳолиси кўмир сифати паст эканлигини таъкидлаб, кўмир сотиб олишдан бош тортган ва ҳудудни табиий газ билан таъминлаб беришни талаб қилган.

«Ўзтрансгаз» АЖ «Қарақалпақстангаз» филиали бошлиғи Х.Айманов ва Қорақалпоғистон Ички ишлар вазири А.Темирханов норози аҳоли билан учрашиб, табиий газ етишмовчилиги сабабларини ва бу норозилик намойишлари қонунга зид эканлигини тушунтирди.

Ҳозирги вақтда ҳудуд аҳолисини муқобил энергия ресурслари билан доимий таъминлаш бўйича ишчи гуруҳ тузилиб иш олиб бормоқда.

Аҳолининг суюлтирилган газ ва сифатли кўмирга бўлган талаби ҳисоблаб чиқилиб, тез фурсатда етказиб бериш чоралари кўрилмоқда. Бугунги кунда ҳудудда 1541 хонадон бор бўлиб, шундан 420 ёрдамга муҳтож ҳар бир хонадонга 500 килограммдан кўмир ва 2 дона газ баллонлари бепул етказилди. Ҳамда 10 тележка қуруқ ўтин ҳам бепул берилди.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг топшириғи билан мазкур ҳудудда жойлашган ижтимоий объектлар (3 та мактаб, битта мактабгача таълим муассасаси ва қишлоқ врачлик пункти) шу йилнинг 1 декабрига қадар табиий газ тармоғига уланадиган бўлди.

Ҳудудга газ етказувчи 16 километр газ қувури яроқсиз ҳолатга келган бўлиб, юқори босимдаги газга бардош бера олмай фавқулодда вазиятларни келтириб чиқариши эҳтимоли бўлганлиги сабабли, ушбу қувурлар янгисига алмаштирилгандан кейин ҳудуддаги хўжаликларни босқичма-босқич табиий газ тармоғига улаш ишлари бўйича ҳам ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top