Ўзбекистон | 09:24 / 13.02.2026
1687
3 дақиқада ўқилади

Тошкент, Янги Тошкент ва Нукусда креатив парклар ташкил этилади

Президент Шавкат Мирзиёев креатив иқтисодиётни ривожлантириш, маданият муассасалари инфратузилмасини яхшилаш ҳамда янги креатив майдонларни ташкил этиш бўйича тақдимот билан танишди. Унда Тошкент шаҳри, Янги Тошкент ҳудуди ва Нукус шаҳрида креатив парклар ташкил этиш режалари муҳокама қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, креатив иқтисодиёт бугунги кунда кўплаб давлатларда иқтисодий ўсишнинг муҳим драйверларидан бирига айланган. Жаҳон ЯИМнинг 3–7 фоизи ушбу соҳа ҳиссасига тўғри келиши қайд этилди. Ўзбекистонда 2024 йилда креатив иқтисодиётнинг ЯИМдаги улуши 3,7 фоизни ёки 56,8 триллион сўмни ташкил этган, экспорт ҳажми 770,6 миллион долларга етган, соҳада 319 минг нафардан ортиқ аҳоли бандлиги маълум қилинди.

Тақдимотда аҳолининг 60 фоиздан ортиғи ёшлар экани, рақамли инфратузилманинг жадал ривожланаётгани ҳамда маданий мероснинг бойлиги креатив индустрияни янада жадал ривожлантириш учун катта имконият экани таъкидланди.

Қайд этилишича, 2024 йилда креатив иқтисодиёт тўғрисида алоҳида қонун қабул қилиниб, соҳанинг ҳуқуқий асоси яратилди. Креатив индустрия парки таъсис этилиб, унинг резидентлари учун махсус солиқ режими жорий қилинди. Жумладан, даромад солиғи ва ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 6 фоизга туширилди. Мазкур чора-тадбирлар ҳисобига 2030 йилга қадар креатив иқтисодиётнинг ЯИМдаги улушини 5 фоизга ёки 145 триллион сўмга етказиш, экспортни 1 миллиард долларга олиб чиқиш ва соҳадаги банд аҳолини 500 минг нафардан ошириш мақсад қилинган.

Тақдимотда Тошкент шаҳрида жойлашадиган креатив индустрия паркининг концепцияси кўриб чиқилди. Унда яшил боғ, арт-объектлар, халқаро дастурлаш тармоғининг Тошкент мактаби, китоб кафеси, спорт майдонлари, ижодий павильонлар, коворкинг маркази ва офислар, кино ва видео ишлаб чиқариш майдонлари, овоз ёзиш студияси, креатив индустрия кампуси ҳамда ёшлар ва ижодкорлар учун меҳмонхона барпо этилиши режалаштирилган. Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади.

Шунингдек, Янги Тошкент ҳудудида ташкил этиладиган креатив паркда резидентлар учун ижара майдонлари, студиялар, медиа ва анжуман заллари, тижорат ҳамда хизмат кўрсатиш объектлари жойлаштирилиши белгиланган.

Нукус шаҳрида эса Истиқлол боғидаги мавжуд павильон реконструкция қилиниб, кўп функцияли жамоат-маданият марказига айлантирилади. Нукусдаги креатив парк лойиҳасида Ўзбекистоннинг “ЭКСПО-2025”даги миллий павильони жойлаштирилиши ва ён атрофида замонавий кутубхона барпо этилиши ҳам кўзда тутилган.

Якунда президент креатив иқтисодиётни ривожлантириш маданий жиҳатдан ҳам, иқтисодий жиҳатдан ҳам стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, белгиланган лойиҳалар ижросини сифатли таъминлаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид