Ғарбий фронтда ўзгариш бор: Байден Украина чегараси яқинига боргани нимадан далолат?
АҚШ президенти Жо Байден 25 март куни Польшанинг Жешув шаҳрига борди. Бу шаҳар Украина чегарасидан 60 км узоқликда жойлашган. Байден 26 март куни Варшавада украиналиклар билан ҳам учрашди. АҚШ президенти ташрифи вақтида эса Украина ғарбидаги Лвов шаҳрига Россия томонидан ракеталар отилди. Бу ташриф фронтдаги воқеалар ривожига қандай таъсир қилади?
АҚШ Украина билан бирга эканини кўрсатмоқчи
Уруш бошлангандан буён Ғарб Украинани ташлаб қўйгани ҳақида кўп гапирилди. Аммо Ғарбнинг ёрдамисиз Украина Россияга қаршилик қилиши қийин бўларди. Америка рус танклари сонидан ҳам кўп Javelin (танк ҳужумига қарши ракета) етказиб беришини айтди, аллақачон бир миллиард долларлик қурол юборди, Европа Иттифоқи ҳам ёрдамни тўхтатгани йўқ. Миллионлаб украинлар айнан Ғарбнинг молиявий кўмаги билан жон сақламоқда.
Америка бу қўллаб-қувватлаш фронтининг олд қаторида турибди. Жо Байден бундан кейин ҳам шундай бўлишини кўрсатиш учун уруш майдони яқинигача борди. Америка армиясининг 82-ҳаво десантчи кучлари дивизияси Польшада Украина чегарасидан 60 км узоқликда жойлашган. Байден чегарагача боришни истагани, аммо қўриқлаш хизмати бу тахмин қилиш қийин бўлган хатарлар келтириб чиқариши мумкин бўлгани учун розилик билдирмаганини айтди.
Аммо факт шуки, АҚШ президенти НАТОнинг энг шарқий қанотига – Украинадаги урушнинг ғарбий фронти яқинигача борди. Қўшимчасига Россия президенти манзилига аввал ҳеч ким тилга олмаган гапларни айтди, Путин ҳукуматда қолмаслиги кераклигини таъкидлади. Байден Варшавада Оқ уй тарихий деб таърифлаган нутқини сўзлаётган бир вақтда чегарадаги Лвов шаҳрига учта ракета келиб тушди. Россия мудофаа вазирлиги ҳам буни тасдиқлади.
Ҳарбийлар билан пицца
Байден америкалик десантчилар билан учрашувда оч қолгани ва тамадди қилиб олишни исташини айтди. Унга ҳарбий ошхонадан пицца олиб келишди. Байден уни ҳарбийлар билан бўлишиб еди ва баҳонада Ироқда ўғлини ҳарбийлар ичидан топа олмагани ҳақида айтиб, аскарларни кулдирди: «Ироқдаги аскарлар билан учрашувда қарасам, ўғлим кўринмайди. Жин урсин, ўғлим қаерда, деб сўрадим. Кейин топилиб қолди. Билсам, бейжигига бошқа исм ёзиб олган экан, шунга топишга қийналишган. Нега бундай қилдинг десам, «Дада, ахир Байден фамилиясини эшитганлар нимадир бўляпти деб ўйлаши мумкин», деганди. Шундай экан, қайсингиздир исмингизни ўзгартирсангиз, бир оғиз айтиб қўйинг», деб ҳазил қилди Байден. Президент америкалик аскарларни дунёда энг зўр деб атади.
Унинг ўғли Бо Ироқдаги урушда қатнашган. 8 йил давомида Делавэр штатида бош прокурор бўлиб ишлаган Бо Байден 2015 йил 46 ёшида саратондан вафот этганди.
«Набираларингиз қандай ҳаётда яшаши ҳал бўляпти»
Байден Польшадаги америкалик ҳарбийлар билан суҳбатлашар экан, айни дамда дунё нафақат Украина тинчлиги учун, балки бутун дунёдаги тинчлик учун бирлашиши кераклигини таъкидлади. «Ҳозир болаларингиз, набираларингиз қандай дунёда яшаши ҳал бўлмоқда», деди у.
АҚШ президенти украиналикларнинг урушда қаҳрамонларча олишаётганини алқади. Қуруқ қўл билан рус танкларини тўхтатиб қолган одамларнинг қаҳрамонлиги алоҳида таҳсинга сазовор эканини айтди.
АҚШ етакчисининг фикрича, Украинадаги воқеалар бутун дунёни ўзгартириб юборди, «Ким енгади: демократиями ёки бир кишининг иродасига боғлиқ бўлган автократиями?» деган саволни кун тартибига олиб чиқди. Украина ҳукумати вакиллари билан учрашувда ҳам Байден Украинадаги уруш ХХI аср тақдирини ўзгартириб юборганини таъкидлади.
Дуда самолётининг фавқулодда қўниши
Польша президенти Анжей Дуда америкалик ҳамкасбини кутиб олиш учун Жешувга бораётганида, унинг самолёти фавқулодда қўнишни амалга оширди. Табиийки кўпчилик Польша президенти ва авиаҳалокат деганда 2010 йил Россия ғарбидаги Смоленск шаҳри осмонида содир бўлган ҳалокатни эслайди. Ўшанда бортида Польша президенти Лех Качинский бўлган самолёт авиаҳалокатга учраганди. Учоқда бўлган 96 кишининг барчаси ҳалок бўлган. Аммо бу гал Польша президентини олиб учган самолёт Варшавада фавқулодда қўнишни амалга оширишга улгурди. Дуда эса захира самолётида Жешувга учиб кетди. Қизиғи, бу воқеадан бир кун аввал Дуда АҚШ Европа ва Польшага ҳам иқтисодий, ҳам ҳарбий ҳамкор сифатида ҳар қачонгидан кўпроқ керак эканини айтганди.
Байден НАТО коллектив мудофааси тўғрисидаги 5-модда ҳақида гапирди
АҚШ президенти Украина ҳукумати вакиллари билан учрашувда НАТОнинг машҳур 5-моддаси ҳақида гапирди. «Ҳамкасбларим бу ҳақда жуда кўп эшитганлар, АҚШ учун 5-модда муқаддас ҳисобланади. Биз ҳеч қачон ундан бўйин товламаймиз», деди Байден.
Альянс тузилиши тўғрисидаги келишувнинг 5-моддасида НАТОга аъзо бирор давлатга ҳужум бўлса, қолган барча аъзолар буни ўзига ҳужум деб қабул қилиниши белгиланган. Бу моддага кўра альянс аъзолари ҳужумга учраган аъзо давлатга ҳар қандай кўринишда ҳарбий ёрдам кўрсатади. Бугунги кунда Болтиқбўйи давлатлари ёки Польша шундай ҳужум хавфида яшамоқда. Шу сабабдан АҚШ бу ҳудудларда эҳтиёткорликни ва аскарлари сонини оширмоқда. Шу вақтгача 5-модда фақат бир марта кучга кирган. 2001 йил 12 сентябр куни. Бир кун аввал Нью-Йорк теракти амалга оширилганди.
Байденнинг тарихий нутқи
АҚШ президенти Россия ракеталари Лвовга учган кунда Варшавада тарихий нутқ сўзлади. Путинни яна бир марта қаттиқ айблаган Байден россияликларга ҳам мурожаат қилиб, улар бундай урушга муносиб эмаслигини айтди. Байденнинг бу нутқини тарихий деб аташмоқда. Уни навбатдаги совуқ уруш бошланишига ишора деганлар ҳам бўлди. Аниғи шуки, Россиянинг биқинига келиб, уруш бўлаётган жойдан 60 км нарида ўз аскарлари билан учрашиб, НАТО ҳақидаги келишувнинг 5-моддаси ҳақида гапирган Байден ушбу инқироз тақдирига жиддий таъсир қилди. Унинг Польшага ташрифи билан урушнинг ғарбий фронтида жиддий ўзгариш бўлди.
Ўткир Жалолхонов
Мавзуга оид
14:01 / 31.10.2024
«Бу Камала ва Байден шарафига». Трамп чиқинди ташувчи машинага миниб олди
21:25 / 30.10.2024
Трампнинг тарафдорлари Байден уларни «чиқинди» деб атаганини айтишмоқда
22:18 / 28.10.2024
Байден президентлик сайловида муддатидан олдин овоз берди
13:20 / 19.10.2024