Иқтисодиёт | 21:46 / 31.05.2021
16431
2 дақиқада ўқилади

«Олти кишилик оила бир кунда камида 100 минг сўм даромад кўриши керак» — Илҳом Норқулов

Минимал истеъмол харажатларининг киши бошига миқдори, 440 минг сўм базасида ҳисоблаганда, олти кишилик оила бир ойда камида 2 миллион 640 минг сўм даромад олиши керак.

Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари қийматининг дастлабки ҳисоб-китоблари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ҳаётий мисоллар орқали бу масалага изоҳ бериб ўтди.

«Биз фақат Тошкент шаҳри, вилоят ёки алоҳида катта туман марказларигина эмас, балки чекка туманларда ҳам ўрганиш ишларини олиб бордик.

Масалан, олти кишилик оилани оладиган бўлсак, хусусан, ота-она ва тўрт нафар фарзанд. Бу оила учун ой давомида 2 миллион 640 минг сўм минимал истеъмол харажати миқдори ҳисобланади. Кўп ҳолатларда бундай оилаларда фақат бир киши, яъни ота ишлайди. Ой давомида эркак киши камида 3-4 кун фарзандларининг олдида бўлиши кераклиги ва дам олишини инобатга оладиган бўлсак, бундай оилаларда кунлик даромад 100 минг сўмни ташкил этиши керак.

Бу бугун эълон қилинган минимал истеъмол харажатларининг киши бошига миқдори, 440 минг сўм базасида ҳисобланган кўрсаткич. Ёки беш кишилик, 3 нафар фарзандли оилани инобатга олсак, бу ерда кунлик даромад камида 80—90 минг сўм атрофида бўлиши лозим», дея таъкидлади Илҳом Норқулов.

Аввалроқ, Ўзбекистон аҳолисининг минимал истеъмол харажатлари миқдори дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, киши бошига бир ойда 440 минг сўм этиб белгилангани хабар қилинганди.

Мавзуга оид