Ўзбекистон | 17:01 / 08.06.2021
15487
2 дақиқада ўқилади

Навоийда оҳак ишлаб чиқариш цехида содир бўлган ёнғинда бир киши ҳалок бўлди

2021 йилнинг 7 июнь куни тахминан соат 15:52да Кармана туманининг Боғишамол маҳалласи ҳудудида, «Zarafshon Golden Grоup» МЧЖга қарашли оҳак ишлаб чиқариш цехида ёнғин келиб чиққан. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди. 

Маълум қилинишича, ёнғин технологик жараённинг бузилиши натижасида юзага келган. Ҳодиса оқибатида корхонанинг бир нафар ишчиси воқеа жойида ҳалок бўлган. 

Шунингдек, ёнғин жойида бўлган бир нафар ФВВ ходими куйиш тан жароҳати билан РШТЁИМ Навоий вилояти филиалига ётқизилган.

Аввалроқ «Zarafshon Golden Grоup» МЧЖнинг 91,5 фоизлик улуши Навоий вилоят кенгаши депутати, Олий Мажлис Сенати аъзоси Улуғбек Ғаниевич Файзиевга тегишли экани, ушбу компания нафақат Навоий вилоятида, балки Тошкент шаҳрида ҳам қурилиш ишларини амалга ошириб келиши маълум бўлганди. Компания Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағларидан 8,2 млрд сўмга 650 ўринли карантин зонасини қурган. 

Март ойида Қурилиш вазирлиги жойлардаги қурилишларни ўрганиши давомида Навоий вилояти бўйича берилган маълумотлардан маълум бўлишича, «Zarafshon Golden Grоup» Зарафшон шаҳрида шаҳарсозликка рухсат берувчи ҳужжатлар расмийлаштирилмаган ҳамда ҳудудий инспекцияни хабардор этмасдан кўп қаватли турар жой объектида қурилиш-монтаж ишларини бошлаган.

Кейинроқ «Zarafshan Golden Group» МЧЖ қурилишдаги камчиликлар бартараф этилаётгани тўғрисида хабар қилиб, тегишли ҳужжатлар ўз вақтида расмийлаштирилмагани ва қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган масъул ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланганини билдирганди.

Мавзуга оид