«Газдан қарз эвазига ракеталарни сўрашган» – Кулеба Путиннинг мактуби ва Украинанинг аввалги сиёсати ҳақида
Украина ташқи ишлар вазири Россия раҳбари урушдан анча олдин ҳам Украинани сунъий давлат деб ҳисоблагани ҳақида гапирди.
7 сентябр куни Марказий Осиё журналистлари билан бўлиб ўтган видеоучрашувда Украина ТИВ раҳбари Дмитрий Кулеба Kun.uz мухбирининг саволига жавоб бериб, хусусан Украинанинг аввалги раҳбарлари камчиликларини тилга олди.
— Биз, Марказий Осиёда яшовчилар, кўпчилигимиз Украинада бўлаётган ишларни, одамлар, болалар ҳалок бўлаётганини кўриб, чуқур қайғудамиз. Айтинг-чи, агарда хаёлан вақтни, дейлик, 10 йил орқага қайтарсак, воқеаларни биз кўраётгандан бошқа ўзанга йўналтириш учун нима қилса бўларди?
— 10 йил олдинга дедингиз-а? 2012 йил бўлади демак. Бизда ўшанда футбол [Европа чемпионати] бўлиб ўтганди... У пайтда Украинанинг Россияга нисбатан тутган сиёсати ҳозирда сизларнинг давлатларингиз Россияга нисбатан тутаётган сиёсатга ўхшар эди. Бир қарашда муносабатларда бироз конструктивлик бор эди, аммо айнан 2012 йилда Россия Украинага қарши биринчи катта иқтисодий урушни бошлаб юборди. Ҳали НАТОнинг дараги йўқ эди, Евроиттифоқ билан уюшиш ҳақидаги келишув ҳам йўқ эди, Россия томонидан очилган иқтисодий уруш эса бошланган эди. Чунки Россия учун иқтисодиёт бу – мажбуров воситаси, сиёсий дастак.
Биз албатта бошимизга тушиб турган ишлар бўлмаслигини истаган бўлардик, аммо, биласизми, биз яқинда ТИВ архивидан Путиннинг мактубини топиб олдик. Мактуб 2010 йилдан аввал ёзилган. У пайтда Путин президент бўлган ва ўша пайтдаги Украина президентига йўлланган мактубида фалон ишларни қилишни бас қилмасангизлар, Украина тарихини совет давридан бошлаб қайта кўриб чиқадиганлар топилади, деб ёзган.
Яъни уруш бошлашидан анча аввал Путин ўзининг Украина деган давлат мавжуд эмаслиги, у сунъий равишда юзага келтирилгани ҳақидаги қарашларида собит бўлган.
Бу дегани – бунақа ғоялар Путиннинг хаёлида 2014 йилдан кейингина пайдо бўлмаган, дегани. Афтидан, у бунга доим ишонган ва ўзининг президентлик лавозимини мазкур сценарийни – Россиянинг империвий «буюклиги»ни қайтариш режасини рўёбга чиқариш учун ишлатиб келган. Буни қандай қилиб, кимнинг ҳисобидан амалга ошириш мумкин? Фақат сиз билан бизнинг ҳисобимиздан!
Шунинг учун энди, буларни билганим, Путиннинг нима қилаётгани, нималарга ишонишини билганим ҳолда, мендан «нима қилган бўлардингиз» деб сўраётган экансиз, очиғини айтаман, мен янада аввалроқ – 1991 йилга қайтиб, армияни конверсия (ҳарбий-саноат комплекси корхоналарини халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқаришга ўтказиш – таҳр.) қилмаган бўлардим, мамлакатим мудофаасига максимал инвестиция қилган бўлардим.
Уруш бошлангандагина баъзи ҳақиқатлар ёдимизга тушди: 1991 йилда бизда мавжуд бўлган танклар сони билан ҳозирда мавжуд бўлган танклар сони... ақл бовар қилмайди... Ракеталарни айтмайсизми...
Ҳозирда руслар ҳар куни Украина шаҳарларини ўққа тутишмоқда. Бизда бу турдаги ракеталар бўлган. Аммо биз уларни русларга бериб юборганмиз... Улар нимага тайёр бўлаётганларини доим билишган.
Бир пайтлар газдан катта қарзимиз ҳосил бўлганди. Россия қарзни қандай ёпишни таклиф қилганини биласизми? Ракеталар билан... Ва афсуски, унча доно бўлмаган ўша пайтдаги ҳукуматимиз – «уруш бўлмаслиги»га ишонган ҳукуматимиз ракеталарни бериб юборган: «зўр-ку, пул бериш керакмас, ҳеч кимга керак бўлмаган ракеталарни бериб юборамиз...»
Бу ҳаммаси режанинг қисмлари бўлган.
Шунинг учун, фақат бир нарса қилган бўлардим: мамлакатни қуролсизлантирмасдим. «Мангу тинчлик»ка ишонмаган ҳолда, доим тайёр бўлган бўлардим.
Биз уруш бўлишига ишонмаган эдик. Мен касбим тақозоси билан дунёнинг қаерида нима бўлаётганини тушунаман, аммо энг қўрқинчли тушларимда ҳам бунақа – кенг кўламли уруш бўлишини тасаввур этолмасдим.
Шунинг учун мен сизлардан доим ҳушёр инсонлар бўлишни илтимос қиламан, «биз билан бу содир бўлмайди» деб ўйлаётган бўлсангиз... ишонинг, ҳамма нарса юз бериши мумкин.
Мавзуга оид
05:07
Байден Украинага ATACMS ракеталари билан Россия ичкарисига зарба йўллашга рухсат берди
16:28 / 17.11.2024
Фронтдаги вазият: Украина қуролли кучлари мудофааси кўплаб участкаларда қуламоқда
14:24 / 17.11.2024
«Энг йирик ҳаво ҳужумларидан бири». РФ қўшини Украина бўйлаб ёпирилма зарбалар уюштирди
10:05 / 17.11.2024