Токио кундалиги. Ўзбекистон яна бир медал олди, икки боксчи иштирокини якунлади
Ўзбекистон делегацияси 1 олтин ва 1 бронза билан умумий рейтингда ўттизталикда жойлашган.
28 июль куни Ёзги Олимпиаданинг бешинчи кунги баҳсларида 4 нафар ўзбекистонлик спортчи 2 спорт тури бўйича иштирок этди.
Дзюдо
-70 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Гулноза Матниёзова биринчи даврада чадлик Демос Мемнелумга қарши гиламга чиқиб, иппон эвазига ғалаба қозонганди.
Аммо иккинчи даврада Гулнозага амалдаги жаҳон чемпионати совриндори, ушбу вазннинг биринчи сараланган вакили Санне ван Дайке рақиблик қилди. Беллашув ўзбекистонлик спортчининг мағлубияти билан якунланди (Санне ван Дайке якунда бронза медал олди).
Энди Матниёзова аралаш жамоавий йўналишда иштирок этади.
-90 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган дзюдочи Давлат Бобонов эса дастлаб италиялик Николас Мунгай тўсиғидан ўтди. Иккинчи даврада украиналик Кеджау Набалини биринчи раунддаёқ мағлубиятга учратди.
Аммо чоракфинал у Европа чемпиони, грузиялик Лаша Бекаури билан баҳсда дзюдо қоидаларига зид ҳаракати учун (рақиб ҳужумида бош билан нотўғри ҳаракат) ҳакам томонидан қизил карточкага лойиқ кўрилди ва мағлубиятга учради.
Шундан сўнг Бобонов бронза медали учун курашадиган бўлди. Ўтиш баҳсларида икки карра жаҳон чемпиони келиб чиқишига кўра грузин бўлган, Испания номидан қатнашган Николоз Шеразадишвилини вазари баҳоси билан енгди.
Ҳал қилувчи баҳсда эса туркиялик Михаэл Зганк иппон эвазига ғалаба қозониб, Ўзбекистон делегацияси учун яна бир медал - бронза тақдим этди.
Go Sport маълумотига кўра, бу Ўзбекистон дзюдо жамоасининг олимпиадалар тарихидаги 7-медали бўлди. Бунгача терма жамоа вакиллари 4та олимпиадада жами 2та кумуш ва 4та бронза медалларни қўлга киритганди.
Бокс
Ўзбекистон бокс жамоаси учун кун муваффақиятсиз якунланди.
Амалдаги жаҳон чемпиони Миразизбек Мирзахалилов Олимпиадани эрта тарк этди. -57 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Миразизбек Мирзахалилов 1/8 финалда ирландиялик Кёрт Уокерга 1:4 ҳисобида ютқазди.
Бу баҳс натижаси кўпчиликда шубҳа уйғотди, мутахассислар ўзбекистонлик спортчи кучлироқ бўлганини таъкидлашди.
-81 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Дилшод Рўзметов ҳам турнирни эрта тарк этадиган бўлди.
1/16 финалда ирландиялик Эммет Бреннан устидан осон ғалабага эришган Рўзметов асли келиб чиқиши кубалик бўлган ва ҳозирда Озарбойжон байроғи остида рингга чиқаётган Алфонсо Домингес қаршисида ожиз қолди - 1:4.
Бунгача Санжар Турсунов (-91 кг) илк рақибга мағлуб бўлиб, турнирни 1/16 финалдаёқ тарк этганди.
Турсуной Раҳимова (+51 кг), Элнур Абдураимов (-63 кг), Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг), Фанат Қаҳрамонов (-75 кг) ва Бобо-Усмон Ботуров (-69 кг) курашни давом эттирмоқда. Ўзбекистон бокс термаси етакчиси Баҳодир Жалолов эса Олимпиададаги иштирокини 29 июль куни озарбойжонлик Муҳаммад Aбдуллаевга қарши жанг билан бошлайди.
Мавзуга оид
14:52 / 04.03.2024
Тошкентдаги турнирда ўзбекистонлик дзюдочилар 6 та медал олди
22:08 / 10.10.2022
Давлат Бобонов: «Президентимиз финални томоша қилиб турганда, ютқазишга ҳаққим йўқ эди»
18:16 / 10.10.2022
Давлат Бобонов – дзюдо бўйича жаҳон чемпиони
04:22 / 14.08.2022