Янги таҳрирдаги Фуқаролик кодексига «Қўшни ҳуқуқи» боби қўшилади
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига қўшнилар ҳуқуқи бўйича янги боб қўшилади ва унда муайян бир чегараларни белгилаш, мавжуд мулкка нисбатан кимнинг ҳуқуқи борлиги каби масалалар акс этади. Бу ҳақда Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири Нурилло Имомов 10 сентябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
Тадбирда қўшничилик муносабатлари бугунги кунгача Фуқаролик кодексида алоҳида боб билан тартибга солинмагани, қўшнилар ўртасида низолар бўлса, умумий қоидалар асосида ечиб келиниши қайд этиб ўтилган.
«Қўшни ҳуқуқи илғор хорижий давлатлар тажрибасида бор. Масалан, Германия, Грузия, Польша, Франция ва Россия давлатлари фуқаролик кодексларида қўшничилик ҳуқуқи деган алоҳида боблар мавжуд. Биз ушбу мамлакатлар тажрибасини ўрганиб, янги таҳрирдаги Фуқаролик кодексига «Қўшни ҳуқуқи» деган бобни киритдик.
Бунда муайян бир чегараларни белгилаш, мавжуд мулкка нисбатан кимнинг ҳуқуқи борлиги каби масалалар акс этади. Мисол учун, уй-жой, иморатлар қурилаётганда баландлиги қанча бўлиши керак, у қўшнига зарар қилмайдими, ўртадаги девор келишиб қуриладими ёки бировнинг мулки ҳисобланадими, симлар, сув қувури ўтиши, дарахт ўсган бўлса унинг шохидан тўкиладиган мевалар кимники каби ўнлаб масалалар тартибга солинган», деди Нурилло Имомов.
Маълум қилинишича, янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси лойиҳаси учун 50дан ортиқ маҳаллий, 20дан ошиқ хорижий экспертлар ёрдамидан фойдаланиляпти. Ҳужжат 1178та моддадан иборат бўлиб, уни тайёрлаш жараёни давом этмоқда.
Мавзуга оид
12:02 / 02.08.2022
Фуқаролик кодексига мулк ҳуқуқига оид ўзгартишлар киритилади
08:47 / 11.02.2021
Янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси лойиҳаси эълон қилинди
01:05 / 12.09.2020
«Социалистик тузумда ўйлаб топилган ҳуқуқий конструкция» — контрактация шартномаси ФКдан чиқарилмоқда
20:25 / 11.09.2020