Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тиббиётда “маблағни бевосита беморга сарфлаш” тамойили асосида молиялаштириш жорий этилади
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига табриги эълон қилинди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинган табрик матнида айтилишича, жорий йилда ўтказилган мулоқотлар ҳар томонлама фойдали бўлган. Бунинг натижасида 2022 йилда соҳага оид йигирмадан зиёд қонун, фармон ва қарорлар ҳамда бошқа зарур меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.
Бу йил ҳудудлар бўйлаб ўтказилган саломатлик акциялари давомида фуқароларнинг 210 минг нафари амбулатор ва 65 минг нафари стационар шароитда соғломлаштирилган.
"Шу сабабли, тиббиёт соҳасини ривожлантириш жараёнида, аввало, бу борадаги мавжуд муносабат ва ёндашувларни тубдан ўзгартириб, “инсон – жамият – давлат” тамойилини ҳаётга жорий этиш устувор масала бўлиб қолмоқда. Шу мақсадда тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга алоҳида аҳамият қаратмоқдамиз", дейилади табрикда.
2022 йилда жойларда 100 дан зиёд оилавий шифокорлик пункти, поликлиникалар ҳамда олис ва чекка ҳудудларда 1000 дан ортиқ маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилган. Натижада қўшимча равишда яна 3,5 миллион аҳолини бирламчи тиббий хизмат билан қамраб олишга эришилган.
Оилавий шифокорлар томонидан аҳолига бепул тарқатиладиган 70 хилдаги дори-дармонлар учун маблағлар ҳажми ўтган йилга нисбатан 3 баробарга оширилган. Бирламчи тиббиёт муассасалари замонавий ультратовуш, электрокардиограмма ускуналари, стоматологик ва жарроҳлик тўпламлари билан жиҳозланаётгани айтилади.
Таъкидланишича, оилавий поликлиникаларда кундузги даволаш ўринлари ташкил этилиши натижасида 740 минг киши шифохонага бормасдан, бевосита ўзи истиқомат қилаётган маҳаллада муолажа олиш имкониятига эга бўлган.
Мамлакатда хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш мақсадида ушбу клиникаларга солиқ ва божхона имтиёзлари берилиб, мажбурий туристик йиғимлар бекор қилинди ҳамда давлат маблағлари ҳисобидан тиббий хизмат кўрсатишга рухсат этилди.
"Саломатлик посбонларининг оғир ва масъулиятли меҳнатини муносиб қадрлаш, уларнинг ўз касбидан манфаатдорлигини ошириш масаласи ҳам давлатимизнинг доимий эътибор марказида турибди.
Яқинда соҳа ходимларининг ойлик маоши 30 фоизгача оширилиб, иш самарадорлиги ва натижасига қараб табақалаштирилган рағбатлантириш ҳамда устама тўловлари жорий этилгани ҳам бу йўлдаги муҳим қадам бўлганини қайд этиш лозим.
Соғлиқни сақлаш тизимида эришилаётган ижобий натижалар билан бир қаторда, ҳали олдимизда бажаришимиз зарур бўлган вазифалар ҳам етарли эканини барчамиз яхши тушунамиз.
Бу ҳақда гапирганда, тиббиёт тизимини ривожлантириш йўлида бошланган ва халқимиз саломатлигини асрашда муҳим аҳамиятга эга бўлган қуйидаги масалаларни таъкидлаб ўтиш ўринли, деб ўйлайман.
Бугунги кунда беморларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда уларнинг танловига ҳурмат билан қараш зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда.
Ана шу заруратдан келиб чиқиб, бундан буён тиббиёт тизимини “маблағни бевосита беморга сарфлаш” тамойили асосида молиялаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Яъни, маблағлар тиббиёт муассасаларига умумий тарзда эмас, балки даволанган беморларга сарфланган харажатлардан келиб чиққан ҳолда йўналтирилади", дейилади матнда.
Билдирилишича, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини мустаҳкам қарор топтириш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳар бир фуқаронинг соғлиғини асраб-авайлаш, уларни малакали тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олиш масалалари бундан буён ҳам устувор вазифа бўлиб қолади.
Мавзуга оид
20:24 / 08.05.2026
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Хотира ва қадрлаш куни билан табриклади
22:05 / 04.04.2026
Шавкат Мирзиёев геология соҳаси ходимларини касб байрами билан табриклади
19:50 / 19.03.2026
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Рамазон ҳайити билан табриклади
19:22 / 18.02.2026