Ўзбекистон | 20:24 / 08.05.2026
2188
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Хотира ва қадрлаш куни билан табриклади

Давлат раҳбари фахрийларни, бутун эл-юртни чин дилдан қутлаб, сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларга тинчлик ва хотиржамлик, файзу барака тилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Хотира ва қадрлаш куни билан табриклади.

«Сиз, азизларни, кўп миллатли бутун халқимизни қутлуғ айём – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабанинг 81 йиллик байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Ушбу унутилмас кунда, аввало, жанг майдонларида тенгсиз жасорат кўрсатиб, инсониятни фашизм балосидан халос этишга муносиб ҳисса қўшган қаҳрамон ота-боболаримизнинг сўнмас хотираси олдида бош эгиб, таъзим қиламиз. Бугунги кунда орамизда соғ-омон яшаб келаётган уруш ва меҳнат фахрийлари, нуроний отахон ва онахонларимизга юксак эҳтиромимизни изҳор этамиз. Мустақиллик йилларида Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини сақлаш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш йўлида мардларча ҳалок бўлган азму шижоатли ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотирасини меҳр ва ҳурмат билан ёдга оламиз», дейилади табрик сўзида.

Таъкидланишича, фашизмга қарши урушда ўша даврда 6 миллион 800 минг кишидан иборат бўлган республикамиз аҳолисининг 1 миллион 950 минг нафари иштирок этган. Шундан ярим миллиондан зиёд киши жанг майдонларида ҳалок бўлиб, 158 мингдан кўпроғи бедарак йўқолган, 60 минг нафардан ортиқ ватандошимиз эса ногирон бўлиб қайтган. Уруш даврида 214 минг нафар ўзбекистонлик аскар ва офицерлар жанговар орден ва медаллар билан тақдирланган бўлса, уларнинг 301 нафари энг олий нишон – Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган, 70 нафар юртдошимиз эса учала даражадаги “Слава” ордени билан мукофотланган.

Ўзбек халқи уруш ҳудудларидан кўчириб келтирилган 1 миллион 500 мингдан ортиқ инсонга, жумладан, ота-онаси ва оиласидан жудо бўлган 250 минг нафар болага бошпана бериб, уларга меҳр-оқибат кўрсатди.

«Бугунги ғоят таҳликали замоннинг ўзи барчамиздан жамиятимиздаги тинчлик ва барқарорлик, миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги дўстлик ва тотувлик муҳитини янада қадрлаб яшашни талаб этмоқда. Ҳеч қачон унутмайлик, миллий бирлик ва ҳамжиҳатлик – бизнинг бебаҳо бойлигимиз, барча ютуқ ва ғалабаларимизнинг мустаҳкам асосидир», дейилади табрик сўзида.

Президентнинг таъкидлашича, ҳозирги мураккаб даврда Ватан мустақиллигини, халқ осойишталигини асраш, иқтисодий қудрат, Қуролли Кучлар салоҳиятини ошириш, жаҳон ҳамжамияти, аввало, қўшни давлатлар билан ҳамкорликни кучайтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш ҳал қилувчи вазифа бўлиб қолмоқда.

«Фурсатдан фойдаланиб, фашизм балосини бартараф этишда жонбозлик кўрсатган қардош халқларни, барча эзгу ниятли инсонларни бугунги шонли байрам билан самимий табриклаб, уларга барқарор тараққиёт ва фаровонлик тилаймиз», дейилади табрик сўзида.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид