Спорт | 11:32 / 12.10.2025
15446
14 дақиқада ўқилади

Норвегия Исроилни аямади, Роналду пеналтидан гол уролмади. Кун ўйинлари

Туркия сафарда 6 та гол урди, Италия яна мундиалдан қолиб кетиши мумкин. ЖЧ-2026 саралаши доирасида Европада шанба оқшомида ўтказилган ўйинлар ва гуруҳлардаги вазият.

I гуруҳи

Ҳоланд – гол машинаси

Норвегия – Исроил 5:0
Голлар:
Халаили, 18 – автвгол (1:0). Ҳоланд, 27 (2:0). Нахмиас, 28 – автогол (3:0). Ҳоланд, 63 (4:0). Ҳоланд, 72 (5:0)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Холанн, 6’
Норвегия: Нюланн, Айер, Ҳеггем, Волфе (Беркан, 76), Рюэрсон, Берге, Берг (Осгор, 76), Бобб (Деннум, 76), Нуса (Шелдеруп, 85), Серлот (Ларсен, 76), Ҳоланд
Исроил: Д. Перец, Нахмиас (Балтакса, 31), Э. Перец, Блориан, Ревиво, Даса (Мизраҳий, 71), Глуҳ (Тургеман, 87), Абу Фани (Ной, 46), Соломон, Битон (Барибо, 71), Ҳалаили
Огоҳлантириш: Тургеман, 89

Ослодаги ўйинда, кутилганидек, трибуналарда Фаластиннинг ҳам кўплаб байроқлари кўтарилди. Ўйиннинг ўзи эса Ҳоланд пеналтини аниқ ижро эта олмаслиги билан бошланди, ҳолбуки унда иккита уриниш бўлганди (биринчи уринишда дарвозабон ўрнидан вақтлироқ қимирлаб қўйгани учун). У тўпни турли бурчакларга йўналтирганига қарамай, Даниэл Перец унинг икки зарбасини ҳам қайтарди. 18-дақиқада эса исроилликлар яримҳимоячиси Халаили ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди. Эрлингнинг ўзи биринчи бўлим ўрталарида барибир ўз голини урди ва терма жамоадаги голли сериясини тўққиз ўйинга етказди. Бир дақиқа ўтиб энди исроилликлар ҳимоячиси Ҳоланднинг босими остида ҳаракатланиб, дарвозабондан қайтган тўпни ўз дарвозасига киритиб юборди. У оқшомнинг энг омадсиз футболчисига айланди ва бир неча дақиқа ўтиб жароҳат туфайли майдонни тарк этди.

Иккинчи бўлимда Эрлинг яна икки гол урди ва миллий жамоа сафидаги 46-ўйинида голлари сонини 51 тага етказиб қўйди. Шундан 13 таси ҳозирги саралаш циклига тўғри келади у олти ўйинда шунча гол уришга улгурди. Норвегия эса олти ўйиннинг барчасида ғалаба қозонди. Эндиликда Стол Солбаккен шогирдлари ўзи учун камида плей-офф масаласини ҳал қилди, Исроил учун эса кейинги турда Италияга қарши ўйин ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

Эстония – Италия 1:3
Голлар:
Кин, 5 (0:1). Ретеги, 38 (0:2). Эспозито, 74 (0:3). Саппинен, 76 (1:3)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Ретеги, 30’
Эстония: Хейн, Кууск (Метс, 62), Паскочи, Салисте (Шеннинг-Ларсен, 46), Пеэтсон, Шейн (Мустмаа, 83), Палуметс (Синявский, 46), Соометс, Саарма, Кяйт, Тамм (Саппинен, 62)
Италия: Доннарумма, Бастони, Калафиори, Ди Лоренцо, Тонали, Барелла (Кристанте, 78), Димарко, Орсолини (Спинаццола, 62), Кин (Эспозито, 15), Распадори (Камбиясо, 62), Ретеги (Фраттези, 78)
Огоҳлантиришлар: Кууск, 29. Палуметс, 41. Пеэтсон, 59. Синявский, 87 – Барелла, 12. Бастони, 72. Камбиясо, 84

Италия учун Таллиндаги ўйин омадли бошланганди. Аммо тезкор гол урган Мойзе Кин (у жаҳон чемпионатига саралаш босқичида қаторасига тўрт ўйинда гол уриб, Луиджи Рива, Роберто Беттеги ва Филиппо Индзагининг натижасини такрорлаганди) 15-дақиқадаёқ жароҳат туфайли майдонни тарк этди.

Шу билан бирга, унинг ўрнига тушган Пио Эспозито иккинчи бўлимда терма жамоадаги илк голини уриб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди. Унгача эса жамоанинг яна бир ҳужумчиси Ретеги ҳам мезбонлар дарвозасини ишғол этганди, унда шу куни дубл бўлиши мумкин эди, аммо пеналтидан фойдалана олмади. Ўйин охирларида Доннарумма қўпол хатога йўл қўйиб, тўпни мезбонлар ҳужумчиси Саппиненнинг оёқларига ташлаб берди ва «Скуадра адзурра» йирик ҳисобни сақлаб қола олмади. Лекин бу ғалаба Женнаро Гаттузо шогирдларининг вазиятини яхшилай олмайди.

Катта эҳтимол билан, гуруҳда норвеглар биринчи ўринни эгаллайди, саралаш босқичи якунига икки тур қолганида Норвегия ва Италия орасидаги фарқ олти очкони ташкил этмоқда. Норвегия кейинги турда ўз уйида Эстонияни мағлуб этиш орқали амалда мундиал йўлланмасини нишонлаши мумкин, вазиятни ўзгартириш учун Италия қолган уч ўйинида ҳам ғалаба қозониши ва охирги турда тўплар нисбатини яхшилаш учун Норвегияни (айни вақтда скандинавларда +26, италянларда +7) ўта йирик ҳисобда мағлуб этиши керак бўлади.

Амалда Италиянинг гуруҳдаги рақобатчиси Норвегия эмас, балки Исроилдир. Италия иккинчи ўрин билан плей-оффга ўтган тақдирда ҳам осон бўлмайди, йўлланмага эга чиқиш учун иккита ўйин ўтказиш керак бўлади ва бу босқичда Чехия, Словакия, Туркия, Сербия, Украина каби кучли рақиблардан иккитасига қарши ўйнашга тўғри келади.

14 октябр. Эстония – Молдава, Италия – Исроил.
13 ноябр. Норвегия – Эстония, Молдава – Италия.
16 ноябр. Исроил – Молдавия, Италия – Норвегия.

E гуруҳи

Ойярсабалда юбилей гол

Испания – Гуржистон 2:0
Голлар:
Пино, 24 (1:0). Ойярсабал, 64 (2:0)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Торрес, 30’
Испания: Симон, Ле Норман, Кубарси, Кукуреля, Порро (Лиоренте, 75), Субименди (Гарсия, 81), Педри (Барриос, 75), Мерино, Пино (Баэна, 65), Торрес, Ойярсабал (Иглесиас, 65)
Гуржистон: Мамардашвили, Кашия, Гогличидзе, Гочолеишвили, Какабадзе (Азаров, 80), Меквабишвили (Мамучашвили, 86), Кочорашвили, Китеишвили (Давиташвили, 69), Кварацхелия (Гагнидзе, 69), Двали, Микаутадзе (Квернадзе, 69)
Огоҳлантириш: Порро, 11

Испания бу ўйинда Ямал бошлиқ қатор етакчи футболчиларини тушира олмади, Гуржистонда эса оптимал таркибни тушириш имкони бор эди, Кварацхелия жароҳатидан тузалишга улгурганди. Аммо шундай ҳолатда ҳам меҳмонлар ўйинни асосан ҳимояланиш билан ўтказишига тўғри келди ва жамоада энг кўп ишни Мамардашвили бажарди – у дарвоза соҳасига тўғри йўлланган бешта зарбани қайтарди. «Валенсия»даги фаолияти давомида испан футболчилар билан яхши таниш бўлгани унга қўл келди дейиш ҳам мумкин, у Ойярсабал билан яккама-якка вазиятда устун келди, шунингдек Ферран Торреснинг пеналтисини қайтарди. Аммо Педрининг ажойиб узатмаси ва Ле Норман дарвозабон ҳудудида турган Йереми Пинога тўпни қулай қилиб ташлаб беришидан кейин ожиз қолди.

«Қизил фурия» ҳужумкорликни давом эттирди, лекин ҳадеганда иккинчи голни ура олмади. Масалан, Торрес бўш бурчакни аниқ нишонга ололмади, Педро Порро ва Ойярсабал эса бир ҳужумнинг ўзида икки бор устун ва тўсинни нишонга олишди. «Реал Соседад»форварди бир неча вазиятда қулай вазиятни йўққа чиқариб, бошини ушлаб қолди, аммо у якунда барибир майдонни голсиз тарк этмайдиган бўлди. 64-дақиқада у жарима зарбасидан тўпни тўсин остига михлади. Ойярсабал терма жамоада 2025 йил бошидан буён урган голлари сонини 10 тага етказди ва бу борада фақат Ҳоланддан ортда (15). Испания гуруҳнинг яккапешқадамига айланди, Гуржистон эса Туркия билан иккинчи ўрин учун кураш олиб боради.

Болгария – Туркия 1:6
Голлар:
Арда Гулер, 11 (0:1). Кирилов, 13 (1:1). Попов, 49 – автогол (1:2). Кенан Йилдиз, 51 (1:3). Кенан Йилдиз, 56 (1:4). Зеки Челик, 65 (1:5). Ирфан Қаҳвачи, 90+3 (1:6)
Болгария: Митов, Божинов, Христов, Петров, Попов (Димитров, 64), Стоянов, Краев, Чочев (Крастев, 73), М. Петков (Турицов, 64), Кирилов (Л. Петков, 73), Десподов (Минчев, 64)
Туркия: Угуржан Чақир, Мерих Демирал (Оқойдин, 83), Абдулкарим Бардакчи, Ферди Кадиўғли, Зеки Челик, Ўрхун Гўкчи, Ҳоқон Чалхонўғли (Ўзжан, 64), Арда Гулер (Узун, 69), Кенан Йилдиз (Ирфан Қаҳвачи, 64), Ўғиз Ойдин, Карим Оқтуркўғлиу (Гул, 83)
Огоҳлантиришлар: Божинов, 43. Кирилов, 44 – Ўғиз Ойдин, 88

Болгариядаги ўйиннинг биринчи бўлимида Туркия тўпга эгалик қилиш бўйича 79 фоиз устунликка эга бўлди, аммо жамоалар танаффусга 1:1 ҳисобида йўл олишди. Иккинчи бўлимда эса барчаси жой жойига тушди: туркиялик вундеркиндликлар барчасини ҳал қилишди. Гулер 1+2 қайд этди, Йилдиз дублни расмийлаштирди. Яна бир вазиятда болгариялик Виктор Попов ўз дарвозасини ишғол этиб, рақибнинг устунлигини мустаҳкамлади. Якунда турклар 6:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва биринчи ўрин учун курашда қолди.

14 октябр. Туркия – Гуржистон, Испания – Болгария.
15 ноябр. Гуржистон – Испания, Туркия – Болгария.
18 ноябр. Болгария – Гуржистон, Испания – Туркия.

F гуруҳи

Қаҳрамонликдан драмагача

Португалия – Ирландия 1:0
Гол:
Рубен Невеш, 90+1 (1:0)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Криштиану Роналду, 75’
Португалия: Кошта, Рубен Диаш, Гонсалу Инасиу (Вейга, 46), Нуну Мендеш, Далот (Семеду, 62), Рубен Невеш, Витиня (Тринкау, 62), Бруну Фернандеш (Рамуш, 86), Педру Нету (Леау, 62), Бернарду Силва, Криштиану Роналду
Ирландия: Келлеҳер, Коллинз, О`Ши, О`Брайен, Каллен, Молумби, Мэннинг, Коулман (Иган, 86), Огбене (Смоллбоун, 77), Эбоселе (Жонстон, 64), Фергюсон (Пэрротт, 77)
Огоҳлантиришлар: Бруну Фернандеш, 68. Бернарду Силва, 90 – Эбоселе, 18. Келлеҳер, 71. Молумби, 76. Мэннинг, 84. Каллен, 87

Табиийки, шанба оқшомида Криштиану Роналдудан навбатдаги рекорд кутилганди – у жаҳон чемпионатлари саралаш босқичларидаги 40-голини уриши мумкин эди. Аммо унинг жарима майдони ташқарисидан йўллаган кучли зарбасидан кейин тўп устунга тегди, қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган Бернарду Силванинг эса яқин масофадан туриб тўпни бўш бурчакка киритиб юбора олмади.

Ва бу ҳали ҳаммаси эмасди. Роналду иккинчи бўлим ўрталарида жарима майдони марказида туриб яхши зарба беролмади, кейин эса пеналтидан ҳам гол уролмади. О'Ши жарима майдони ичида тўпни қўли билан ўйнаганидан кейин арбитр нуқтани кўрсатганида, «Жозе Алваладе» ўйингоҳига йиғилганлар тарихий голга тайёрланиб, ҳайқиришди. Аммо сўнгги ҳафталарда Мбаппе ва Бруну Фернандеш ижросидаги 11 метрлик жарима зарбаларини ҳам бартараф этган Келлеҳер бу сафар Криштианунинг марказга йўллаган зарбасини оёқлари билан тўсиб қолди.

Шунинг ўзи ҳам ўзига хос юбилейга айланди – Криш терма жамоа ўйинларида ўнинчи бор пеналтидан фойдалана олмади. Келлеҳер эса ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда антиқаҳрамонга айланди, у Тринкаунинг узатмасига чиқишда хатога йўл қўйди ва Рубен Невеш бўш қолган дарвозани ишғол этди. Португалия уч учрашувда уч ғалабага эришган ҳолда гуруҳ пешқадамлигини давом эттирди, Ирландия эса гуруҳнинг сўнгги ўрнида қолмоқда ва кейинги турда Арманистон билан ўйинда британларга ғалаба сув ва ҳаводек зарур бўлади.

Венгрия – Арманистон 2:0
Голлар:
Лукач, 56 (1:0). Грубер, 90+4 (2:0)
Венгрия: Б. Тот, Салаи, Орбан, Керкез (Дардаи, 90), Него, Шефер, Стайлс (Ошват, 75), А. Тот (Над, 63), Собослаи, Болла (Виталиш, 75), Лукач (Грубер, 63)
Арманистон: Авагян, С. Мурадян, Арутюнян (Миранян, 86), Пилоян, Оганесян, Иву (К. Мурадян, 79), Сперцян, Бичахчян (Шагоян, 59), Тикнизян, Барсегян (Ранос, 79), Селаррайян (Серобян, 59)
Огоҳлантириш: Арутюнян, 14

Егише Меликян ирландларга қарши ўйинда иш берган схемани такрорлади — футболчилар яна 3-4-3 бўйича жойлашди. Аммо бу сафар ғалаба қозонишнинг имкони бўлмади: Болла рақиб ҳимоя чизиғини битта пас билан кесиб ўтди ва Лукачни дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқариб юборди. Арманистонда ўйин охиригача ҳисобни мағлубиятдан қутулиш учун имконият сақланиб қолди, аммо қўшимча дақиқаларда қарши ҳужумдан иккинчи голни ўтказиб юборди. Энди арманлар кейинги турда Ирландияда ҳам ютқазадиган бўлса, иккинчи ўрин учун курашни ҳам тарк этиши мумкин.

14 октябр. Ирландия – Арманистон, Португалия – Венгрия.
13 ноябр. Арманистон – Венгрия, Ирландия – Португалия.
16 ноябр. Венгрия – Ирландия, Португалия – Арманистон.

K гуруҳи

Серблар яна ҳафсалани пир қилди

Сербия – Албания 0:1
Гол:
Манай, 45+1 (0:1)
Сербия: Петрович, Велкович, Павлович, Милосавлевич, Максимович (Жукич, 74), Станкович (Илич, 84), Костич, Живкович (Йович, 63), Самаржич (Костов, 74), А. Митрович (С. Митрович, 63), Влаҳович
Албания: Стракоша, Айети, Жимсити, Митай, Ҳюсай, Аслани, Шеху, Лячи (Байрами, 78), Узуни (Михай, 90+3), Бройя (Хўжа, 63), Манай (Даку, 78)
Огоҳлантиришлар: Велкович, 85. Йович, 90 – Шеху, 42. Манай, 45. Митай, 90

Сербларни бу саралаш босқичида умуман тушуниб бўлмаяпти: жамоа ўз уйида ғалаба қозониб, иккинчи ўринга чиқиб олиши мумкин эди, аммо албанларга ютқазди. Ғалаба голи биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Рей Манай томонидан урилди, мезбонлар ҳужум чизиғидаги Влаҳович, Митрович, Самаржич ва бошқалар эса ҳеч нарса ўйлаб топа олишмади. Энди жамоа иккинчи ўриндаги Албаниядан тўрт очкога ортда қолмоқда. Бу сафар жаҳон чемпионати сербларсиз ўтадиган кўринмоқда. Азалий рақибга қарши ўйиндаги мағлубиятдан кейин жамоа бош мураббийи Драган Стойкович истеъфо берди.

Латвия – Андорра 2:2
Голлар:
Сан Николас, 33 (0:1). Зеленков, 41 (1:1). Гутковский, 55 – пеналти (2:1). Оливера, 78 (2:2)
Латвия: Звиедрис, Балодис, Черномордий, Юрковскис (Вейпс, 46), Циганик, Савалниекс (Дашкевич, 87), Савелев (Икауниекс, 46), Варславанс, Зеленков (Пулис, 87), Гутковский, Шитс (Вапне, 46)
Андорра: Алварес, Лловера, Гарсия, Сан Николас, Оливера, Валес (Тейшейра, 69), Гилен, Сервос, Борра (Фернандес, 75), Росас (Лопес, 69), Родриго (Гомес, 87)
Огоҳлантиришлар: Савалниекс, 68 – Гилен, 25. Гарсия, 84
Четлатиш: Гилен, 90 (иккинчи сариқ карточка)

Андорра ЖЧ саралаш босқичларидаги илк очкосини ишлаб олди. Қолаверса футбол карликлари қаторидаги бу жамоа икки йил ичида илк голини урди. Бир ўйиннинг ўзида икки марта. Латвияликларнинг омади келмади: улар ҳамон иккинчи ўрин учун курашаётганди, аммо бу ўйин натижасидан кейин вазифа максимал даражада оғирлашди.

14 октябр. Андорра – Сербия, Латвия – Англия.
13 ноябр. Андорра – Албания, Англия – Сербия.
16 ноябр. Албания – Англия, Сербия – Латвия.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид