Ўзбекистон | 16:50 / 30.06.2022
9148
5 дақиқада ўқилади

“Энди ҳеч ким осонликча бировнинг уйини “снос” қила олмайди!” — адлия вазири

Русланбек Давлетовнинг айтишича, янги қонун қабул қилиниши муносабати билан, эндиликда аҳоли пунктларида жойлашган, лекин “кадастри бўлмаган” уйлар бузилган тақдирда, агар бу ер бўйича 15 йилдан ортиқ солиқлар тўлаб келинган бўлса, компенсация тўланади. Ер участкаси олиб қўйилгани муносабати билан эгасига етказилган ноқулайликлар учун компенсацияга қўшимча равишда 5 фоизлик тўлов ҳам тўланади.

Фото: Kun.uz

Адлия вазири Русланбек Давлетов Facebook’даги саҳифасида уй-жой бўйича конституциявий кафолатнинг ҳуқуқий асосини миридан сиригача белгилаб берадиган “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун президент томонидан имзолангани, ушбу ҳужжат халқимизни кўп йиллардан буён қийнаб келган муаммоларга барҳам бериши ҳақида ёзди.

“Ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига асос бўладиган мақсадларнинг тугал рўйхати тасдиқланмоқда. Энди қонунда белгиланган ҳақиқатан ҳам жамоат эҳтиёжи бўлган 6 та мақсаддан бошқа ҳар қандай ҳолатларда ер участкаларини олиб қўйишни жамоат эҳтиёжлари учун деб баҳолаш тақиқланди.

Қонуннинг яна бир ютуғи шундаки, ер участкаси жамоат эҳтиёжларини амалга ошириш учун бошқа чора бўлмаганда – энг сўнгги чора сифатидагина олиб қўйилиши мумкин. Энг муҳими ташаббускор ер участкасини олиб қўйиш энг сўнгги чора эканини маҳаллий кенгаш ва жамоатчилик олдида исботлаб бериши керак бўлади.

Энди “снос”га тушган бино учун компенсация тўлашга зарур маблағ бўлмаса, бундай ташаббус билан чиқилмайди, яъни “бузаверайлик-чи, компенсация бир гап бўлар” қабилидаги гаплар кетмайди”, дейди Русланбек Давлетов.

Адлия вазирига кўра, ер участкасини олиб қўйиш ташаббусини маъқуллашдан бошлаб, уни олиб қўйиш, олиб қўйилган ер участкасидаги кўчмас мулкларни бузишгача бўлган жараёнларда ушбу масала маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан нақд 3 маротаба кўриб чиқилади. Бунда Конституцияга киритилаётган маҳаллий кенгаш ва ҳокимлик ваколатлари аниқ ажратиб қўйилаётганини инобатга олсак, ташаббускорларнинг бузиш жараёнларини “тезлаштириб” юбориши борасида хавотирга ўрин қолмайди.

“Қонуннинг энг асосий принципларидан бири бу жараённинг очиқлигидир, шунга монанд равишда ҳуқуқ эгалари билан очиқ муҳокама ўтказишдан бошлаб, қолган ҳар қандай босқичда жараёнлар 100 фоиз очиқ, яъни ҳуқуқ эгалари ОАВ, жамоатчилик иштирокида ўтказилиши белгиланди.

Ҳуқуқ эгаси билан келишувга эришилмаган тақдирда, ҳуқуқ эгасини келишувни имзолашга жисмонан мажбур қилиш мақсадида турар ёки нотурар жойни сув, канализация, электр, алоқа (интернет ҳам), иссиқлик ва газ тармоқларидан узиб қўйишга, кириб чиқиш йўлини тўсиб қўйишга йўл қўйилмайди”, дейди у.

Таъкидланишича, қонун билан қуйидаги ҳуқуқлар компенсация қилиб берилиши аниқ қилиб белгилаб қўйиляпти:

  • кўчмас мулк объектларининг бозор қиймати;
  • олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати (қишлоқ хўжалиги ерларидан ташқари);
  • кўп йиллик дов-дарахтларнинг бозор қиймати;
  • кўчиш ва бошқа уйни вақтинчалик ижарага олиш билан боғлиқ харажатлар;
  • ер участкасидан ва унда жойлашган кўчмас мулк объектларидан фойдаланишдан олиниши мумкин бўлган бой берилган фойда;
  • ҳуқуқ эгасининг бошқа харажатлари ва зарарлари.

Адлия вазирининг қўшимча қилишича, ҳатто кўпчилик давлатларда мавжуд бўлмаган янги турдаги тўлов компенсация киритилмоқда, ҳуқуқ эгасига келтирилган ноқулайликлар учун кўчмас мулк бозор қийматининг 5 фоизи миқдорида бир марталик тўлов амалга оширилади. Бундан ташқари, ҳуқуқ эгасига қонуний тегишли бўлган ерда ўзбошимчалик билан қурилган турар ва нотурар жойлар учун ҳам компенсация тўлиқ берилади.

Шу билан бирга, бузишга тушганда компенсация бериладиган уй-жойлар кўлами кенгайтирилди – энди агар аҳоли пункти ичида жойлашган, лекин “кадастри бўлмаган” уйлар бузилса ҳам, агар ушбу ер бўйича 15 йилдан ортиқ солиқлар тўлаб келинган бўлса компенсация тўланади. Таъбир жоиз бўлса, ушбу қонун 3 млнга яқин ҳужжатсиз уйларни бузилишдан “суғурталайди”.

Қайд этилишича, эндиликда “снос” билан боғлиқ барча ҳуқуқий жараёнлар электрон тизимлар орқали амалга оширилади, шу жумладан, қабул қилинган қарорлар, тузилган шартномалар ва берилган компенсацияларнинг ҳисоби электрон юритилади.

Мавзуга оид