Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Супер-контракт тўлиқ бекор қилиниши ҳақида тарқалган хабар рад этилди
Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Ўзбекистонда супер-контракт тўлиқ бекор қилинди” деган хабар асоссиз. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги расмий муносабат берди.
Фото: Kun.uz
Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сон қарорига кўра, 2017 йил 20 июнда қабул қилинган 393-сон қарор ўз кучини йўқотди.
Шу билан, абитуриентларга юқори миқдордаги супер-контракт асосида ўқишга кириш имкони берилган тартиб бекор қилинди.
Аввал кириш имтиҳонларида 56,7 баллдан кам балл тўплаган абитуриентларга биринчи ўқув йилига амалдаги оширилган тўлов-контрактнинг таълим йўналиши бўйича белгиланган энг юқори миқдорининг (ўқув йилига амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан 10 баробар ва ундан ортиқ оширилган тўлов-контракт миқдорининг) 2 баробарига тенг тўловни амалга ошириш шарти билан ўқишга кириш ҳуқуқи берилар эди.
Эндиликда тўлов-контракт миқдори қуйидагича белгиланади:
🔵 1,05 баллга етмаганлар учун — базавий тўлов-контрактнинг 1,5 баробари;
🔵 1,06–2,05 баллга етмаганлар учун — 2,0 баробари;
🔵 2,06–3,05 баллга етмаганлар учун — 2,5 баробари;
🔵 3,06–4,05 баллга етмаганлар учун — 3,0 баробари.
Қабул чегарасидан 4,05 баллдан ортиқ етишмаганлар учун эса миқдор ОТМ раҳбарлари томонидан базавий тўлов-контрактнинг камида 3 баробари миқдорида белгиланади.