Light | 12:59 / 30.07.2018
8730
5 дақиқада ўқилади

Кастамону сафари, биринчи мақола: Туркий дунёнинг маданият пойтахти

“Туркия фақат денгиз, қуёш ва қумдан иборат эмас” – Туркиянинг собиқ туризм ва маданият вазири Наби Авжи тарафидан айтилган бу сўзлар, шундоқ ҳам ривожланган туризмни янада ривожлантириш, турларини кўпайтириш ҳамда ҳар қарич тупроғи тарих билан, ҳар қадами табиат гўзаллиги билан тўла Турк диёрини дунёга янада кенгроқ танитиш борасида қардош ўлка Туркияда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг мазмунини ўзида тўла ифодалайди.

Ўтган ҳафта Туркияда бўлиб ўтган, 2016 йил 15 июлдаги муваффақиятсиз давлат тўнтаришига халқнинг муносабатини намоён этган тадбирлар доирасида дунёнинг кўплаб давлатлари халқаро журналистлари қаторида Туркияда бўлдик. Истанбулда Туркия президенти Ражаб Эрдўғаннинг иштирокида ўтказилган йиғинда иштирок этдик.

Туркий давлатлардан келган журналистларни ташкилотчилар томонидан тақдим этилган ажойиб сюрприз кутиб турарди: Истанбулдан сўнгра, уч кунлик ташриф билан Қораденгиз қирғоқларида жойлашган Кастамону вилоятига медиа-тур ташкил этилди.

Нега Кастамону ва нега фақат Туркий давлатлардан келган журналистлар, дейсизми?

Туркий халқларнинг моддий ва маданий меросини асраб-авайлаш, ривожлантириш ҳамда келажак авлодларга етказиб беришда туркийзабон мамлакатлар ҳамкорлигини таъминлашни ўз мақсад ва вазифаси қилиб белгилаган ташкилот бор: Халқаро Туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ. (TÜRKSOY)

Ўзбекистон, Озарбойжон, Туркия, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон маданият вазирларининг 1992 йилдаги учрашувларида бу ташкилотни тузиш ғояси пайдо бўлган. 1993 йилда Олмаотада бўлиб ўтган учрашувда расман Туркий маданият ва санъатни ҳамкорликда ривожлантириш ташкилоти номи билан асос солинган. 2009 йилда ташкилот ҳозирги номини олган.

Юқорида номи келтирилган 6 давлатдан ташқари, Шимолий Кипр, Молдавия таркибидаги Гагаузия мухторияти ҳамда Россиянинг баъзи туркийзабон мухтор республикалари бу ташкилотга аъзо ҳисобланади.

Бу ташкилот, 2012 йилдан эътиборан ҳар йили туркий давлатлар ичидан бир шаҳарни Туркий дунёнинг маданият пойтахти деб эълон қилади. 2012 йилда Остона (Қозоғистон), 2013 йилда Эскишеҳир (Туркия), 2014 йилда Қозон (Татаристон), 2015 Марв (Туркманистон), 2016 йилда Шаки (Озарбойжон), 2017 йилда Туркистон (Қозоғистон) шаҳарлари бундай номни олишган. Жорий, 2018 йилда айнан Кастамону шаҳри Туркий дунёнинг маданият пойтахти ўлароқ эълон қилинган.

Истанбулдан 500 километр узоқликда жойлашган Кастамону, милоддан аввалги XVIII асрда барпо этилган. Византия императорлиги таркибида бўлган шаҳар, 1070 йилда Салжуқийлар томонидан ишғол этилган ва шу пайтдан бошлаб туркий ҳудуд ҳисобланади.

Диққатга молик хусусиятлардан бири, 1400-йилларда Амир Темурнинг тобора ошиб борган қуввати Кичик Осиё минтақасига ҳам етиб боради. Ўша пайтда Кастамонуда ҳукм сурган Исфандиёрбей, Амир Темур билан алоқа ўрнатиб, ўзининг унга боғлиқлигини эълон қилади. Маълум даврда бу ҳудудда Темур давлати тангалари амал қилади...

Қисқаси, катта тарихга эга Кастамону, ўзининг бетакрор табиати, денгизи, дунёга машҳур ёғоч маҳсулотлари ҳамда ҳисобсиз маҳаллий таом турлари билан сизни ўзига мафтун этади.

Усмонлилар даврида то Истанбулга қадар бўлган минтақанинг маъмурий маркази бўлган Кастамону шаҳрида, 1902 йилда қурилган ва бугунга қадар 116 йил давомида (!) вилоят волийлиги (ҳокимлиги) муттасил фаолият олиб бораётган бинода Кастамону волийси Яшар Қораденгиз билан учрашдик.

Кастамонуда 2030 та тарихий обиданинг мавжудлигини, ҳам денгизда таътил қилиш, ҳам қиш спортлари билан шуғулланиш имконияти бўлган дунёнинг кам сонли гўшаларидан бири эканини, 800 дан зиёд маҳаллий таом турларини татиб кўриш мумкинлигини, ҳудудининг деярли ярми ўрмонлар билан қопланган вилоятда дунёга машҳур паркет маҳсулотлари ва эшиклар ишлаб чиқариш йўлга қўйилганини айтиб ўтган волий, “ҳаммасини ўз кўзингиз билан кўринг, тафсилотларни айтиб вақтингизни олмай” дея, биз журналистларни Куршунлихан карвонсаройи обидаси ўрнида барпо этилган меҳмонхона ҳудудидаги ресторанга расмий тушликка таклиф этди.

Туркий давлатлар, хусусан, Ўзбекистоннинг ҳам байроқлари билан безатилган очиқ ҳовлида ташкил этилган зиёфатда, ҳақиқатан ҳам Кастамону ошхонаси ўта бой эканига гувоҳ бўлдик...

Дилмурод Жумабоев,
Kun.uz учун махсус
Суратлар муаллифи Ҳотам Мамадалиев

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид