Жамият | 19:50 / 17.08.2018
3803
2 дақиқада ўқилади

Саид-Абдулазиз Юсупов: «Медиа йўналишида 10 нафар талаба Туркияда бепул ўқиши мумкин»

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсупов Миллий матбуот марказида фонд фаолияти тўғрисида ҳисобот берди.

Маълум қилинишича, ушбу фонд Туркия Республикаси Кастамону давлат университети билан ўзаро ҳамкорлик келишувига эришди. Бунинг эвазига жамоат фонди тавсияси билан ушбу университетга медиа йўналишида ҳар йили 10 нафар талаба магистратура ва докторантура босқичига бепул ва имтиҳонсиз қабул қилинади. Номзодлар ОТМнинг журналистика йўналишида бакалаврлик дипломига эга бўлишлари ёки 1 йил журналистика соҳасида фаолият юритган бўлишлари талаб этилади. Истовчилар жорий йилнинг 30 августигача фонд маъмуриятига мурожаат қилиб, қўшимча маълумотларни олишлари мумкин.

Шу билан бирга, ушбу меморандумга асосан ҳар йили 2 марта халқаро мутахассислар иштирокида ташкил этиладиган тренингда ўзбекистонлик журналистлар иштирок этиб, малакаларини ошириб қайтади.

«Фонднинг халқаро алоқалари бу билан чекланиб қолгани йўқ. Бир қанча лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2018 йилнинг 18 май ойида ЮНЕСКО ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида меморандум имзоланди. Ҳозирда худди шундай меморандумни ЕХҲТ (Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти) билан тузиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда АҚШ ва Мичиган университети билан кадрлар тайёрлаш масаласи бўйича музокаралар олиб борилиб, йил якунигача ҳамкорлик меморандуми имзоланиши кутилмоқда», дея фонд раҳбарининг сўзларини келтирмоқда «Kun.uz» мухбири.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид