20:26 / 12.08.2021
10421

“Биржада бензин нархлари бошланғич нархлардан деярли ошмаяпти” — РТХБ вакили

Июл ойида Ўзбекистонда бензин 4 фоизга, пропан эса 5,5 фоизга қимматлашди. Товар-хомашё биржаси масъули нарх ошишининг асосий омилларини келтирди. У биржада бензин деярли ошмаганини таъкидлади.

Фото: Getty Images

Нарх ошишининг асосий сабаби – жаҳон бозорида брент маркали нефт нархи ошишидир. Бизда нарх брент нефтга боғлаб қўйилган, мақсад – мувозанатни сақлаш, дея изоҳ берди Республика товар-хомашё биржаси AЖ бош маклери Исломбек Ибрагимов 12 август куни AОКAда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

“Нарх шаклланишида маълум иқтисодий омиллар бор. Aсосан, талаб ва таклифдан келиб чиқиб нарх шаклланади. Биржа нарх шаклланишида асосий функцияни бажаради.

Биринчи навбатда чет элда тайёр маҳсулотга бўлган нархлар даражаси бизда нарх ошишига сабаб бўлган.

Ундан ташқари, таклиф қилувчи, яъни ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан бу маҳсулотни ички бозорга қанақа нархларда таклиф қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон бозори очиқ, талаб ва таклифдан келиб чиқиб ички бензиндан ташқари Қозоғистон, Россиядан бензин импорт қилинади.

Тайёр бензинни чет элда брент маркали нефтнинг нархи ошиши асосий хомашёси нефт бўлган бензин нархларини ҳам оширган. Бундан ташқари, ички ишлаб чиқарувчи “Бухоро нефтни қайта ишлаш” заводи ва “Фарғона нефтни қайта ишлаш” заводи томонидан биржага маҳсулот қўйиб келинмоқда. Биржадаги нархлар бошланғич нархлардан деярли ошмаяпти, десак ҳам бўлади, ошиш бир-икки фоизни ташкил қилмоқда. Aсосан, нарх ошиши таклиф қилувчи ёки ишлаб чиқарувчи томонидан бошланғич нархлар оширилиши билан боғлиқ.

Ишлаб чиқарувчилар эса президент қарорига асосан хомашё нархини брент нефт нархига боғлаб қўйган. Брент нефт маркаси нархи ошгани сабабли ички бозордаги маҳсулот нархига ҳам таъсир қилади.

Ишлаб чиқарувчилар нефт ва газ конденсати нархини брент нефти нархига боғлаган. Биз хомашё, яъни нефтни чет эл маркасига боғлаб қўйганимиз сабаби – мувозанатни таъминлашдир.

Ишлаб чиқарувчи ўзимизда ишлаб чиқариш таннархидан келиб чиқиб бензинни кейинчалик ички бозорга сотадиган бўлса, ташқи бозорда нарх нисбатан қиммат бўлганда, маҳсулот чет элга чиқиб кетиши мумкин”, – деди у.

Статқўм маълумотига кўра, республикада 2021 йилнинг 1-ярмида йирик корхоналар томонидан 546,5 минг тонна автомобил бензини ишлаб чиқарилган. Бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,6 фоизга кўп.

Иқтисодиёт вазирлиги эса 2021 йилнинг 1-ярмида Ўзбекистонда нефт маҳсулотлари ишлаб чиқариш 32 фоизга қисқарганини билдирганди.

Top