Иқтисодиёт | 18:42 / 05.05.2026
3422
2 дақиқада ўқилади

Тадбиркорларни қийнаётган солиққа оид айрим муаммолар бўйича президентга таклифлар киритилди

ҚҚС гувоҳномасини тўхтатиб қўйиш тартибини такомиллаштириш, кафе-ресторанлар учун ҚҚС кешбекини олишни осонлаштириш, солиқ қарзи бўйича ҳисобланаётган пеня асосий қарз суммасидан ошиб кетмаслиги бўйича нормани жорий этиш ва бошқа таклифлар шулар жумласидан.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 5 май куни тадбиркорларни ўйлантираётган муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан тақдимот билан танишди.

Расмий релизга кўра, тақдимотда жумладан қуйидаги таклифлар илгари сурилган:

  • умумий овқатланиш корхоналарига қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш тартибини соддалаштириш;
  • айрим савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектлари учун экологик экспертиза ҳамда компенсация тўловлари билан боғлиқ тартибларни енгиллаштириш;
  • меҳнат муносабатларида иш берувчи ва ходим ўртасидаги айрим тартиб-таомилларни аниқлаштириш;
  • солиқ имтиёзларини қўллашда юзага келаётган низоли ҳолатларни бартараф этиш;
  • солиқ қарздорлиги бўйича ҳисобланаётган пеня асосий қарз суммасидан ошиб кетмаслиги бўйича нормани жорий этиш;
  • чек бермаслик ҳолати юзасидан хабар юбориш тизимини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш;
  • ҚҚС гувоҳномасини тўхтатиш тартибини такомиллаштириш.

Расмий хабарда юқоридаги таклифларнинг деталлари келтирилмаган. Давлат раҳбари тадбиркорлар учун қулай шароитларни кенгайтириш юзасидан топшириқлар бергани айтилган.

Аввалроқ Kun.uz билан суҳбатда солиқ маслаҳатчилари Мурод Муҳаммаджонов ва Нодирбек Хўжабеков тадбиркорларни қийнаётган солиққа оид қатор муаммоларни санаб ўтган эди. Улар, жумладан, кўплаб ҳолатларда ҚҚС гувоҳномаси асоссиз тўхтатиб қўйилиши, ҳатто гувоҳномани тиклаш бўйича суд қарори чиққанидан кейин ҳам унинг ижроси чўзилишини айтган эди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид