Спорт | 22:49 / 05.04.2026
6523
2 дақиқада ўқилади

Синдоров “дуранглар қироли” билан дуранг ўйнади

Жавоҳир Синдоров бугунги дуранг билан 7 имкониятдан 6 очко жамғариб турнир тарихида мутлақ рекордга эришди. Ҳали ҳеч бир шахматчи Номзодлар турнирининг биринчи даврасидаёқ бундай натижага эришмаган: на Карлсен, на Ананд, на Непомняшчий.

Фото: Youtube / FIDE chess

Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров 5 апрел куни Номзодлар турнирининг 7-турида жаҳон рейтингида 8-ўринда турувчи нидерландиялик Аниш Гири билан дуранг ўйнади.

Гирини “дуранглар қироли” деб аташ мумкин. У 2016 йилги Номзодлар турнирида 14та партиянинг барчасини дуранг билан якунлаган.

Синдоров бугунги дуранг билан 7 имкониятдан 6 очко жамғариб турнир тарихида мутлақ рекордга эришди. Ҳали ҳеч бир шахматчи Номзодлар турнирининг биринчи даврасидаёқ бундай натижага эришмаган: на Карлсен, на Ананд, на Непомняшчий.

Жавоҳир бунгача жаҳон рейтингида иккинчи ўринда бораётган америкалик Ҳикару Накамура, америкалик яна бир шахматчи, жаҳон рейтингида учинчи ўринда турган Фабиан Каруана, жаҳон рейтингида 7- ўринда турувчи хитойлик Вэй Ини таслим этганди.

Энди Жавоҳир Синдоров 7 апрел куни иккинчи давранинг 8-тур доирасида россиялик Андрей Есипенкога қарши дона суради.

Кипрнинг Пафос шаҳрида 29 март куни бошланган 2026 йилги Номзодлар турнири 15 апрелгача давом этади. Унда жаҳоннинг саккиз нафар номдор шахматчилари иштирок этмоқда. Жавоҳир Синдоров ушбу турнирга йўлланма олган илк ўзбекистонлик ҳисобланади.

Турнирда шахматчилар икки даврада жами 14 партия ўйнашади, яъни олдинда яна 9 тур бор. Ғолиб пул мукофотларидан ташқари (ғолиблик учун 48 минг евро берилади, шунингдек, ҳар бир иштирокчи жамғарган ҳар ярим очкоси учун 3500 евродан олади) амалдаги жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Доммараджу Гукешга қарши шахмат тожи учун баҳс олиб бориш ҳуқуқини қўлга киритади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид