1 январдан бошлаб онлайн назорат-касса машиналари тажриба-синов тариқасида жорий этилади
2018 йилнинг 1 январь кунидан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида 500 тадан 1000 тагача бўлган онлайн назорат-касса машиналари тажриба-синов тариқасида амалиётга жорий этилади.
2018 йилнинг 1 июли кунидан ушбу ҳудудлардаги барча юридик шахслар, 1 декабрдан эса барча юридик ва жисмоний шахслар товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишда аҳоли билан нақд пулдаги ҳисоб-китобларни мажбурий тарзда фақат онлайн назорат-касса машиналарини қўллаган ҳолда амалга ошириш босқичма-босқич жорий этилади.
Мазкур қарорнинг қабул қилиниши харидорларга берилган назорат-касса машиналари чекларининг марказлашган электрон маълумотлар базасини яратади. Назорат-касса машиналаридан фойдаланмаётган савдо шохобчаларини онлайн режимда аниқлаб, тезкор чоралар кўришга имкон беради. Шунингдек, назорат-касса машиналари орқали харидорларга берилган чеклар ҳақидаги маълумотларни қасддан ўзгартириш, тушум суммасини камайтириш, назорат-касса машиналарини йўқотиш, бузиш ёки рўйхатдан ўтмаган назорат-касса машиналаридан фойдаланиш, шунингдек, иккиламчи бухгалтерия юритиш каби ҳолатларга чек қўйилади.
Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, онлайн назорат-касса машиналарининг амалиётга татбиқ этилиши тадбиркорлик субъектларининг нақд пул тушуми билан боғлиқ фаолиятига аралашиш ва турли хил назорат тадбирлари ўтказилишининг камайишига ҳам олиб келади.
Бугунги кунда Қашқадарё вилоятида 11 минг 681 та нақд пул тушумига эга савдо ва пулли хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият кўрсатмоқда. Давлат солиқ қўмитаси Ахборот хизмати эълон қилган маълумотга кўра, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида улар томонидан банк кассаларига 931 миллиард сўмдан ортиқ нақд пул маблағлари топширилган.
«Албатта, ушбу маблағлар банк кассаларига ўз-ўзидан тушаётгани йўқ. Бу давлат солиқ хизмати органи ходимлари томонидан субъектларда кун давомида нақд савдо пулининг назорат-касса машинасига кирим қилинишига қаратилган хронометраж тадбирларнинг мунтазам ўтказилаётганлиги самарасидир», дейилади Ахборот хизмати тарқатган хабарда.
Айни пайтда шуни ҳам афсус билан айтиш керакки, тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳисобланадиган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини камайтириш, нақд пул тушумларини банк кассаларига топширмасдан яшириш мақсадида харидорларга назорат-касса машинаси чекини бермаслик, назорат-касса машинасини носоз ҳолатга келтириш, фискал хотирадаги маълумотларни қасддан ўзгартириш, назорат-касса машиналарини йўқотиш орқали амалга оширилган товар айланмалари тўғрисидаги маълумотларни сохталаштириш каби ҳолатлар ҳамон учраб турибди.
Натижада, нақд пул тушумларининг ҳақиқий ҳажмини аниқлаш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари ходимлари жуда кўп вақт талаб этиладиган хронометраж тадбирларига мунтазам равишда жалб этишга тўғри келмоқда. Масалан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 83 мингдан ортиқ ана шундай тадбирлар ўтказилди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида давлат солиқ хизмати органлари томонидан вилоятда савдо ва пулли хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя қилиниши юзасидан 1483 маротаба текшириш ўтказилган.
Уларнинг 1173 тасида харидорга жами 231 миллион сўмга назорат-касса машинаси чекини бермаслик ҳолати аниқланган. Шунингдек, 306 та савдо дўконида умуман назорат-касса машинаси ўрнатилмаганлиги маълум бўлди.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бу масалада соҳага янгиликларни жорий этишни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Хусусан, бунинг учун жойларда фискал хотирали назорат-касса машиналар қўлланишини янада такомиллаштириш ва назорат қилиш тизимини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этадиган вазифалардан биридир.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 июлдаги «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан давлат солиқ хизмати органлари тизимини ислоҳ этишнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида солиқ маъмуриятчилиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор автоматлаштирилган таҳлил услубларини кенг жорий этиш, солиқ тўловчиларга, энг аввало, тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатишга тўлиқ ўтиш белгиланган.
Ушбу вазифалар, шунингдек, Фармон билан тасдиқланган «Давлат солиқ хизмати органлари фаолияти ва солиқ маъмуриятчилигининг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури»нинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 сентябрдаги «Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинганди.