Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 сентябрдаги «Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига шарҳ эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 72-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарларни реализация қилиш, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишда нақд пул билан ҳисоб-китоб қилиш Назорат-касса машиналарининг давлат реестрига киритилган фискал хотирали назорат-касса машиналарини мажбурий қўллаган ҳолда амалга оширилади.
Фискал хотирали назорат-касса машиналарининг қўлланилиши Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги 306-сонли қарори билан тасдиқланган низомлар билан тартибга солинади.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан аҳоли билан нақд пулда амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотлар назорат-касса машиналарининг фискал хотирасида сақланади.
Ҳозирги пайтда тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳисобланадиган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини камайтириш, нақд пул тушумларини банк кассаларига топширмасдан яшириш мақсадида харидорларга назорат-касса машинаси чекини бермаслик, назорат-касса машинасини носоз ҳолатга келтириш, фискал хотирадаги маълумотларни қасддан ўзгартириш, назорат-касса машиналарини йўқотиш орқали амалга оширилган товар айланмалари тўғрисидаги маълумотлар сохталаштирилмоқда.
Бундан ташқари, йирик савдо тармоқларида товарлар ҳисобини юритиш, харидорларга назорат-касса машинасидан чек бериш ягона компьютер тизими орқали амалга оширилиши сабабли улардаги нақд пул тушумлари тўғрисидаги маълумотларнинг ишончлилиги кафолатланмайди.
Нақд пул тушумларининг ҳақиқий ҳажмини аниқлаш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари ходимлари жуда кўп вақт талаб этиладиган хронометраж тадбирларига мунтазам равишда жалб қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 июлдаги «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5116-сон Фармони билан давлат солиқ хизмати органлари тизимини ислоҳ этишнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида солиқ маъмуриятчилиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор автоматлаштирилган таҳлил услубларини кенг жорий этиш, солиқ тўловчиларга, энг аввало, тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатишга тўлиқ ўтиш белгиланган.
Ушбу вазифалар, шунингдек, юқоридаги Фармон билан тасдиқланган «Давлат солиқ хизмати органлари фаолияти ва солиқ маъмуриятчилигининг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури»нинг 8-банди ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.










