Ўзбекистон | 18:54 / 10.01.2024
8802
4 дақиқада ўқилади

“Калтак еб ўсдик, кам бўлмадик-ку” деганлар адашади — таҳқирланаётган болалар ҳақида оғриқли суҳбат

Болажон халқмиз деймиз-у, лекин болани калтаклашга, камситишга, унга зуғум ўтказишга, яратган шароитимизни миннат қилишга, ҳатто одам ўрнида кўрмасликка нормал қарайдиган, керак бўлса зулмни оқлаб берадиган инсонлар орамизда жуда кўп. Бу характеримизни камерали телефонлар ва ижтимоий тармоқлар даври яққол очиб ташлади.

Охирги йилларда боғчаларда, мактабларда ва энг ачинарлиси, оилаларда болаларга нисбатан зўравонлик акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тез-тез тарқалмоқда.

Бу видеоларнинг кўплиги ва улар остида ёзилаётган изоҳлар бир хулосага етаклайди: биз – болаларга нисбатан зулмга ҳаддан ортиқ даражада тоқатли жамиятмиз.

Kun.uz'нинг навбатдаги “Борича” подкасти шу мавзуда бўлди.

Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова республикамизда эркак аёлига ёки аёл эрига жаҳлини кўрсатиш мақсадида болалардан қурол сифатида фойдаланиш кўпайгани, йил охирида Жиззахда отаси томонидан таҳқирланган боланинг тақдири ҳақида гапирди:

“Бу вазиятда ота-онанинг болага муносабати асосида болани алоҳида шахс сифатида кўрмаслик ётибди, деб ҳисоблайман. Чунки бу оиладаги муҳит, болага бўлган муносабат шундан далолат бериб турибди. Афсусланарли тарафи шундаки, бу вазият анча давом этган бўлса-да, она бу ҳақдаги хабарни бола 1 ёшга тўлгандан кейин беряпти. Бунга турли сабаблар бор, онани айблаш ҳам тўғри бўлмайди. У ҳам ўз ўрнида ўша зўравон эрининг қурбонига айланган. Эътибор берган бўлсангиз, бу ҳолат бўйича эркакка нисбатан нафақат болани нисбатан муттасил қийнаш, балки аёлини ўлдириш билан таҳдид қилиш бўйича ҳам жиноий иш қўзғатилган. Чунки эри томонидан “бу ҳақда хабар берсанг, сени ўлдираман” деган таҳдидлар бўлган. Шунинг учун ўз вақтида хабар бермаган.

Бугунги кунда нафақат бола учун зарур ёрдам, балки онага ҳам керакли ижтимоий-психологик кўмак кўрсатиш чоралари кўриляпти. Унинг хавфсизлиги ҳам таъминланмоқда”, – деди у.

Маълумотларга кўра, 2023 йилнинг 9 ойи мобайнида Ўзбекистонда 22 нафар бола зўравонлик оқибатида дунёдан ўтган.

Сурайё Раҳмонова бу ҳолатлар ота-оналарнинг фарзанд кўришга тайёр бўлмай туриб оила қураётгани билан боғлиқлиги, бу билан боғлиқ стереотиплар борлигини таъкидлади.

Оила психологи Шоира Исоқованинг сўзларига кўра, болалигида ҳар қандай зўравонликка учраган болаларнинг асаб тизими ишдан чиқади ва бу унинг келажаги учун салбий таъсирлар келтиради.

“Бундай болалар асабий, агрессив, тажовузкор бўлиб улғайишади. Битта мисол келтираман: болалигида ана шундай муҳитда катта бўлган бола 2 йил олдин аёлини ўлдириб қўйган. Чунки ўша агрессивлик болани охир-оқибат шундай ҳолатга келтириб қўйган. Зўравонлик ҳеч қачон изсиз кетмайди.

Зўравонликка учраган болалардан калтак еган пайтларида ўзларини қандай ҳис қилганликлари ҳақида сўраганимда: “Ич-ичимдан отамга нисбатан жуда катта нафратни ҳис қилганман, тезроқ катта бўлиб, уларни ташлаб кетишни ва ҳеч қачон қайтмасликни ўйлаганман” дейишади. Биз илмсизлигимиз оқибатида болаларни яхши кўрмасдан, фарзанд дунёга келтирамиз.

Бир тадқиқотда мактаб ўқувчиларига савол бердим: “Ота-онани танлаш имконияти берилганида, ҳозирги ота-онангизни танлаган бўлармидингиз?” деб. Уларнинг катта қисми “йўқ” деб жавоб беришди. Сабабини сўралганида эса: “Мени камситади, миннат қилади – сени боқяпман, туғганман, сен мени айтганимни қилишга мажбурсан деб” каби жавобларни беришди. Болаларга нисбатан таҳқирлаш, таъна қилиш, ҳадеб танқид қилишлар кўп”, – деди психолог.

Долзарб мавзу кўтарилган подкаст билан юқоридаги видео орқали тўлиқ танишишингиз мумкин.

Гулмира Тошниёзова, журналист
Тасвирчи: Мирвоҳид Мирраҳимов
Монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов

Мавзуга оид