Ўзбекистон | 18:20 / 05.09.2022
63202
2 дақиқада ўқилади

Мактаб дарсликлари ва машқ дафтарлари бепул ижарага берилади

Президент мактаб дарсликларининг ижара тўловлари нархи кескин оширилиши ортидан кенг жамоатчилик, жумладан, ота-оналар томонидан билдирилган эътирозлар фонида дарсликларни бепул ижарага беришни тезкор йўлга қўйиш юзасидан топшириқ берди.

Фото: Kun.uz

Шавкат Мирзиёев мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларини бепул ижарага беришни тезкор йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати раҳбари Шерзод Асадов хабар қилди.

«Мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларининг ижара тўловлари миқдорлари кескин оширилиши муносабати билан кенг жамоатчилик, ота-оналар томонидан билдирилган эътирозлар юзасидан президентимизга ахборот берилди. 

Мактаб дарсликлари болаларнинг умумий ўрта таълим олишида фавқулодда муҳим ўрин тутишини ҳисобга олиб ҳамда мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналарини, қонуний вакилларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий адолатни таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбари Вазирлар Маҳкамаси ва Халқ таълими вазирлигига мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларини бепул ижарага беришни тезкор йўлга қўйиш юзасидан топшириқ берди», дейилади хабарда.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар Ўзбекистонда мактаб дарсликлари ижараси нархи «2−3 бараварга» қимматлашгани ва биринчи чоракдан кейингина янги китоблар чиқарилишидан шикоят қилишганди. Халқ таълими вазирлиги буни қоғоз нархлари ва транспорт харажатлари ошгани билан изоҳлаганди.

Мавзуга оид