Ўзбекистон | 15:00 / 06.07.2023
34541
5 дақиқада ўқилади

Ғаниев “приписка”га қарши... Бу унинг эволюциясими?

Ҳар бир даврнинг ўзига мос муҳри бўлади, СССРнинг ҳам шундай ўзига хосликлари бўлган. Янги давр эски “муҳр”ларни олиб юрса, мувафақиятсизликларни ўзига эш қилади.

Советлардан салом

Қўшиб ёзиш (“приписка”) – совет даврида пайдо бўлган ва ўша тузумнинг моҳиятидан келиб чиққан иллат. Чунки совет тузуми мафкурасида хусусий мулкчиликка барҳам бериш ғояси бўлган ва бу ғояни 20-асрда айнан социалистик мамлакатлар ҳаётга татбиқ этишга ҳаракат қилган.

Мулк хусусий эмас, давлатники бўлса, моддий манфаатдорлик стимули ишламайди. Демак, ишларнинг ривожини кўп жиҳатдан:

– маъмурий мажбурлов,

– назорат,

– “яхши ишламаганлик” учун турли жазо чораларини қўллаш таъминлайди.

Айнан шундай шароитда “приписка” қилиш эҳтиёжи пайдо бўлади: мақсад самара эмас, “режани бажариш” ва жазодан қочиб қолиш бўлгани учун, қўшиб ёзишга стимул пайдо бўлади.

Биз ҳозир тарихда қолган совет тузуми ҳақида гапиряпмиз. Савол: нега унда янги Ўзбекистон шароитида “приписка” гуллаяпти? Ахир совет тузумидан воз кечилганига 31 йил бўлди!

“Жипириқлик” ва “жиннилик”

Ижтимоий тармоқда тарқалган видеода Ўзбекистон президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Шуҳрат Ғаниев видеоселекторда бир қанча туманларда такрорий экин мадонлари ақбовар қилмас ҳажмда қўшиб ёзилганини айтади ва ўз услубида ҳолатга ва буни қилган ҳокимларга муносабат билдиради.

“Катта холангни чорвоғими бу, Мухтор, бу нима қилганинг, 6200 гектар ёзиб юборибсан! Гапир, Мухтор. Ҳозир бориб ўлчайми? Нима қиласан бунақа ёлғон маълумот бериб. Кимни алдаяпсан?” – дейди Ғаниев Нишон тумани ҳокимига қарата.

Такрорий экинларни қўшиб ёзгани учун Қарши тумани ҳокимини у “жипириқ” деб атади: “Қарши тумани 5830 гектар экиб ташлабди... 3315 та хонадонга 1100 гектар эктириб ташлабди... Сан жипириқ рақамларни кўрмаяпсанми? Ишламаяпсанми такрорий экин бўйича, жипириқ?”

“Ҳозир чақирасиз прокуратурага Косоннинг ҳокимини, Қаршининг ҳокимини, Нишоннинг ҳокимини, Миришкорнинг ҳокимини, хўпми?” – дейди Шуҳрат Ғаниев прокуратура масъулига қараб.

У Касби туман ҳокими Тўхтамурод Мейлиев берган маълумотни прокуратурадан одам юбориб текширтиришини айтади. Навоий вилояти Хатирчи тумани раҳбариятини “жинни” деб атайди. Паст Дарғом тумани ҳокимининг эса “миясини жойига тушириш” кераклигини таъкидлайди.

Ғаниев юволюцияси?

Йўқ, Шуҳрат Ғаниев ўша-ўша, у фақат ўзи бошқараётган – на советча, на бозор тамойилларига асосланган, фавқулодда гибрид ричаглар билан бошқараётган қишлоқ хўжалиги соҳасида бирқанча ҳокимлар “приписка”ни ҳаддан ошириб юборишганидан нолияпти. “Инсоф билан-да” деяпти...

Иккита стулда ўтириш

Маълумки, бирваракайига иккита стулда ўтиришга уриниш кўпинча жисмоний жароҳатларга олиб келади. Жамиятлар ўзига иқтисодий-ижтимоий йўналиш танлашида “иккита стулда ўтириш”га уриниши эса албатта (кўпинча эмас) катта иқтисодий-ижтимоий йўқотишларга олиб келади.

Хусусий мулкчилик ва қонун устуворлигига асосланмиш бозор иқтисодиётига ўтмоқчимизми, демак, тугал ўтмоғимиз керак, шунда у – бозор иқтисодиёти самара келтиради. Яримсоветча маъмурий услубларга таяниб, замонавий бозор иқтисодиётини орзу қилиш – ўз-ўзни алдаш, саробга қараб юриш, барча турдаги ресурсларни заволга учратиш.

Анахронизм

Шуҳрат Ғаниевни йиғма персонаж сифатида қабул қилсак бўлади – унинг иқтисодиётга нисбатан муносабати – айнан мумтоз советча муносабат: маъмурий мажбурлаш, “чора кўриш”, урушиш, ҳақорат қилиш, қўрқитиш. Бунақа бошқарувда “приписка” ва бошқа – бозорга хилоф унсурлар гуллаб-яшнаши табиий!

Зотан, бу тоифа мансабдорлар бизни олдинга эмас, орқага тортади, зудлик билан илдам ҳаракат қилишимиз керак бўлган даврда ортга қараб “юришимизни”, икки стулда ўтириб, замон ва макон кенглигида муаллақ туриб қолишимизни таъминлайди. 21-аср – шиддатли тезликлар даври. Шундай замонда муаллақ туриш – ўта хавфли ҳолат.

Шокир Шарипов

Мавзуга оид