Ўзбекистон | 15:17 / 02.10.2021
13062
2 дақиқада ўқилади

1 октябрдан бошлаб қурувчиларга ўзи қурган уйларга 2 йил хизмат кўрсатиш мажбурияти юклатилмоқда

2021 йил 1 октябрдан бошлаб қурилиши тугалланган ва фойдаланишга қабул қилинган кўп квартирали уй-жойни бошқариш биринчи икки йилда қурувчи томонидан амалга оширилади.

Президентнинг “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, мазкур муддатга кўп квартирали уй-жой эксплуатациясининг кафолат муддати жорий қилинади

Бунда:

  • қурувчи томонидан мазкур вазифани амалга ошириш учун шартномага асосан бошқарувчи ташкилот жалб қилиниши мумкин;
  • биринчи икки йил ичида кўп квартирали уй-жойдаги қурувчидан ташқари мулкдорларнинг сони эллик фоиздан ошган тақдирда мулкдорлар томонидан белгиланган тартибда умумий йиғилишнинг қарорига мувофиқ кўп квартирали уй-жойни бошқариш усули танланади.

Президент Шавкат Мирзиёев 28 май кунги видеоселекторда Ўзбекистон бўйлаб янги қурилган 3 мингта кўп квартирали уй-жойларга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилмагани ҳақида айтиб ўтганди.

Тошкент вилоятида – 623 та, Бухорода – 621 та, Хоразмда – 249 та, Сурхондарёда – 195 та ва Наманганда – 170 та янги кўп қаватли уйларга бошқарувчилар бириктирилмаган.

«Шунинг учун бир ой муддатда қурувчи ташкилот янги қурилган кўп қаватли уйларни, бошқарув компанияси ташкил қилган ҳолда, икки йил давомида сақлашни ўз зиммасига олишини назарда тутувчи тизим яратилсин. 20 фоиз пулини тўламаслик керак, токи 2 йил ишлаб берсин. Шуни қонуний жиҳатдан қилиш лозим», – деганди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид