Ўзбекистон | 07:24 / 02.09.2024
9781
2 дақиқада ўқилади

Суд қарорисиз ва уй эгасига компенсация тўламасдан туриб уй-жойни бузиш тақиқланади

Қонунчиликка суд қарорисиз ва олдиндан компенсация тўламасдан туриб уй-жойларни бузишни тақиқловчи ўзгартиришлар киритилди. 

Фото: Kun.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 29 август куни қонун ҳужжатларига хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича янгиланган Конституцияга мувофиқлаштириш бўйича ўзгартиришларни имзолади.

Ҳужжат билан Уй-жой кодекси, Шаҳарсозлик кодекси ва «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Уй-жой кодексида «ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга мувофиқ бўлмаган ҳолда ўз уй-жойидан маҳрум қилиниши мумкин эмас» деб белгиланди.

Қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ўз уй-жойидан маҳрум бўлган мулкдорга уй-жой қиймати ва унга етказилган зарарнинг олдиндан ва тенг миқдорда қопланиши таъминланади.

Уй-жой кодексида уй-жойнинг ташқи кўринишини ўзгартириш, қайта қуриш ёки бузиш шаҳарсозлик қонунчилигига мувофиқ амалга оширилиши белгиланмоқда. Илгари бундай ҳаракатларга ҳокимликларнинг тегишли рухсати мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилиши кўрсатиб ўтилган эди.

Шаҳарсозлик кодексига зилзилабардош ҳудудларда бино ва иншоотларни лойиҳалаш ва қуришда шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга оширишни тақиқловчи янги норма киритилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид