Ўзбекистон | 12:34 / 31.05.2024
9501
2 дақиқада ўқилади

МИБга нисбатан бюронинг туман бўлимида ижро иши очилган. Қарздорлик ярим млрд сўм

Мажбурий ижро бюроси “Caravan Group” МЧЖдан 512 млн сўм қарз. Ундирув билан бюронинг Юнусобод туман бўлими шуғулланяпти. Бўлим қарздорликни ундириш учун МИБнинг марказий аппаратига қарашли кўчмас мулкка ва автотранспортга тақиқ қўйиб қўйган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Юнусобод туман МИБдан 512 млн сўм қарзи бор. Бу – МИБнинг очиқ манбаларида келтирилган.

Маълумотда кўринишича, умумий қарздорликнинг асосий қисми “Caravan Group” МЧЖ фойдасига ундирилиши белгиланган маблағдан иборат. МИБдан мазкур қарздорликни ундириш мақсадида МИБ томонидан 2024 йилнинг 22 апрел куни кўчмас мол-мулкка ҳамда автотранспортга тақиқ солиш тўғрисида қарорлар чиқарилган.

МИБ матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, Мажбурий ижро бюроси Юнусобод туман бўлими иш юритувида Тошкент туманлараро иқтисодий судининг ижро варақасига асосан МИБдан ундирувчи “Caravan Group” МЧЖ фойдасига 512 млн 557 минг сўм қарз ва 30 минг сўм почта харажати ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати мавжуд. Мазкур ижро ҳужжати МИБнинг Юнусобод туман бўлимига 2024 йил 17 апрел куни келиб тушган.

“Амалдаги қонунчиликка мувофиқ ижро ҳужжати ихтиёрий муддат тугаган кундан эътиборан икки ой муддат ичида ижро этилиши белгиланган. Юқоридагиларга асосан, ижро ҳужжатнинг ижроси белгиланган муддатда ижро этилиши таъминланади”, дейилади муносабатда.

МИБ матбуот хизмати “Caravan Group” МЧЖдан қарздорлик нима сабабдан юзага келганлигини очиқламаган.

Очиқ маълумотларга кўра, айни вақтда “Caravan Group” МЧЖнинг фаолияти тугатилган. МЧЖ ресторанлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиш фаолияти билан шуғулланган.

Мавзуга оид