Жаҳон | 18:01 / 30.12.2025
5638
6 дақиқада ўқилади

Саудия Яманга зарба берди. Нишон – айирмачи гуруҳларни қўллаш учун БААдан юборилган қуроллар бўлган

Саудия бошчилигидаги коалиция кучлари сешанба куни Ямандаги Мукалла портига ҳаво зарбалари берди. Қиролликка кўра, ушбу портга «Жанубий Ўтиш Кенгаши» кучларини қўллаб-қувватлаш учун БААнинг Фужайра шаҳридан иккита кемада қурол-яроғ олиб келинган.

Саудия бошчилигидаги коалиция зарбасидан кейин Яманнинг Ал-Мукалла портида шикастланган ҳарбий техникалар. Фото: AFP / Getty Images

30 декабр куни Саудия Арабистони ҳарбийлари Ямандаги Мукалла порт шаҳрини бомбардимон қилди.

Ямандаги қонуний ҳокимиятни қўллаб-қувватлаш бўйича Коалиция сешанба тонгида БААдан кемалар Мукаллага етиб келганидан кейин уларга зарба берилганини маълум қилди. Шундан сўнг Яман маҳаллий кучлар ўз назоратидаги ҳудудларда барча чегара ўтиш пунктларини, шунингдек, аэропортлар ва денгиз портларига киришни 72 соатга ёпди.

Саудия бошчилигидаги Коалиция матбуот котиби Турки ал-Маликийнинг айтишича, икки кема 27-28 декабр кунлари БААнинг Фужайра портидан келган. Улар Коалиция қўшма кучлар қўмондонлигидан расмий рухсат олмаган ҳамда юк туширишдан олдин кемаларнинг кузатув тизимлари ўчириб қўйилган.

Ал-Маликийга кўра, бу ҳарбий юклар Шарқий Яман вилоятларида можарони авж олдиришга қаратилган бўлган. Шу сабабли Яман президентлик идораси Ҳадрамавт ва ал-Маҳра ҳудудларида тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун зарур барча чораларни кўриш ҳақида мурожаат қилган.

«Шундан сўнг коалиция ҳаво кучлари сешанба куни эрта тонгда Мукалла портида туширилган қурол ва техникани нишонга олган чекланган, аниқ операцияни амалга оширди», дейилади баёнотда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган, ушбу зарба оқибатлари экани айтилган, лекин тасдиқланмаган фото

Икки манбанинг Reutersʼга айтишича, зарба икки кеманинг юклари туширилган махсус платформа – докни нишонга олган. Саудия ҳарбийлари «ҳеч қандай қўшимча зарар бўлмаслиги» учун ҳужум тунда амалга оширилганини билдирди. Коалиция шунингдек, Яманнинг қонуний ҳукумати ва улар билан мувофиқлаштирилмасдан ҳар қандай давлат турли гуруҳларга ҳарбий ёрдам етказилишининг олдини олишда давом этишини билдирди.

Ҳужумдан кейин Саудия давлат телевидениеси разведка самолёти ёки дрондан олинган видеоларни намойиш қилди. Унда зирҳли техника Мукалла орқали йиғилиш ҳудудига ҳаракатланаётгани акс этган. Техника турлари ижтимоий тармоқлардаги кадрларга мос келади.

Ҳужумда Саудия Арабистонидан ташқари яна қайсидир давлат ҳарбийлари қатнашган-ёки қатнашмагани аниқ эмас. Зарба оқибатида қурбонлар бўлмагани айтилмоқда.

БАА томони жим

БАА ҳозирча ушбу зарба юзасидан изоҳ бермади. The Associated Press нашрининг ёзишича, AIC сунъий йўлдош телеканали зарбаларни тан олган. Бироқ тафсилотларни очиқламади.

Таҳлилчиларга кўра, ҳужум St. Kitts байроғи остида сузувчи «Greenland» номли кемага қаратилган бўлиши эҳтимоли юқори. Кузатув маълумотларига кўра, ушбу кема 22 декабр куни БААдаги Фужайра портида бўлган ва якшанба куни Мукаллага етиб келган. Иккинчи кема эса ҳозирча номаълум, дарҳол аниқланмади.

Яман бўйича экспертлар «ҳар икки томондан эҳтиёткорона кескинлашув бўлишини кутмоқда. Шу билан бирга, Саудия ҳаво ҳудудини назорат қилгани сабабли портга ҳужумидан сўнг гуруҳга қурол оқими чекланади.

Жанубий Ўтиш Кенгаши ва уруш гирдобидаги Яман

Саудия ҳужум қилган Мукалла ҳам Яманнинг Ҳадрамавт вилоятида – Аден шаҳридан 480 километр шимоли-шарқда жойлашган. Сўнгги кунларда айнан шу ҳудудни Жанубий Ўтиш Кенгаши кучлари эгаллаб олганди.

Яман харитасида Мукалла портининг жойлашуви

AP'нинг ёзишича, Кенгаш тарафдорлари кўпроқ 1967–1990 йилларда алоҳида давлат бўлган Жанубий Яман байроғини ҳилпиратмоқда.

Аслида Саудия ва БАА қўллаётган Ямандаги турли гуруҳлар, хусусан, Жанубий Ўтиш Кенгаши (STC – Southern Transitional Council) 2010 йилларда «битта фронт»да бўлган.

Жанубий Ўтиш Кенгаши сепаратистлари ҳам Эронга алоқадор кўрилган ҳусийларга қарши урушда Саудия бошчилигидаги алянс таркибида жанг қилган. Бироқ кейинчалик улар жанубда ўзини ўзи бошқаришни талаб қилишга ўтди.

2022 йилдан бери улар ҳокимиятни бўлишиш ташаббусида бўлган алоҳида гуруҳга уюшди. Ҳозирда БАА томонидан қўллаб-қувватланадиган кучлар жанубда, жумладан, стратегик жиҳатдан муҳим Ҳадрамавт вилоятини ҳам ўз ичига олган катта ҳудудларни назорат қилмоқда.

Жанубий Ўтиш Кенгашининг ҳарбий кучлари / Фото: Reuters

Ҳадрамавт эса Саудия Арабистони билан чегарадош бўлиб, улар маданий ва тарихий алоқаларга эга. Кўплаб нуфузли саудияликлар ўз илдизларини шу ҳудудга боғлайди.

Саудия-БАА зиддияти ортиб бормоқда

Сепаратистларнинг бу ҳаракатлари эса Саудия Арабистони ва БАА ўртасидаги муносабатларни янада таранглаштиради. Улар яқин иттифоқчилар ва OPEC аъзолари бўлишига қарамай, сўнгги йилларда минтақавий таъсир ва халқаро бизнес учун рақобатга киришган.

Таҳлилчилар Саудиянинг бу ҳужумларини Жанубий Ўтиш Кенгашига Ҳадрамавт ва Маҳра вилоятларидан чиқиб кетиш ҳақидаги огоҳлантириш сифатида баҳоламоқда.

Бундан ташқари, Қизил денгиз бўйидаги яна бир давлат — Суданда ҳам зўравонлик кучаймоқда. У ерда ҳам Саудия ва БАА қарама-қарши томонларни қўллаб-қувватлаяпти.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид