Ўзбекистон | 15:07 / 09.11.2020
17632
9 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура 7 ой ичида 14 мингдан ортиқ мурожаатни қабул қилмаган. Уларнинг тақдири нима бўлади?

Шу йилнинг 2 апрелидан 31 октябрга қадар Бош прокуратурага почта орқали турли ҳудудларидан келиб тушган жами 14 310 та (шу жумладан, чет мамлакатлардан 211 та) мурожаат қабул қилинмасдан ортга қайтариб юборилган.

Фото: Рамиз Бахтияров

Пандемия кўплаб соҳалар қаторида фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишни ҳам масофадан туриб, яъни онлайн режимга ўтказиш жараёнини тезлаштирди. Албатта, рақамлашув бизга анча қулайликлар беради: оворагарчиликларни аритади, вақт ва маблағимизни тежайди. Лекин танганинг иккинчи тарафи ҳам бор…

Рақамли технологияларни қилишда, айниқса мурожаатларни онлайн қабул қилишда давлат ташкилотлари ва аҳолининг барча қатламларида [ҳеч бўлмаса зарурат туғилганида] замонавий технологиялардан фойдаланиш имкони бўлиши керак. Агар бунинг имкони йўқ бўлса ёки бир қанча вақт талаб қилинса, бошқаларга муқобил вариант – анъанавий усулда мурожаат қилиш имкониятларини қолдириш керак.

Маълумотларга кўра, пандемия даврида касалликни жиловлаш мақсадида кўрилган кескин чоралар, қабул қилинган қарорларга ўз вақтида изоҳ берилмаслиги оқибатида келиб чиққан тушунмовчиликлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан прокуратурага мурожаатлар сонини ошириб юборган.

Бизга келган мурожаатларга кўра, бир неча ойдан буён прокуратура органлари томонидан «коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида» деган важ билан аҳоли мурожаатларини хат орқали қабул қилиш тўхтатиб қўйилган.

«Тошкент почтамти»нинг Kun.uz’га маълум қилишича, Бош прокуратурага мамлакатнинг турли ҳудудларидан 2020 йилнинг 2 апрелидан 1 ноябрга қадар жами 14 310 та, 1 июлдан 1 ноябрга қадар чет мамлакатлардан 211та хат келиб тушган ва уларнинг ҳеч бири қабул қилинмаган (хатларнинг аксарияти эгаларига қайтариб юборилган).

Кўриб турганингиздек, гап бир ёки бир неча кишининг муаммоси ҳақида эмас, мурожаатларига жавоб бериш тугул, ҳатто кўрилмай қолиб кетаётган 10 минглаб одамлар ҳақида кетяпти.

Аслида бир кишининг мурожаати бўлса ҳам, уни давлат ташкилотлари эшитишга ва ваколати доирасида жавоб беришга мажбур эмасми?

Масалан, Бош прокуратура қоғоз шаклидаги ҳужжатларни қабул қилишни вақтинча тўхтатгани туфайли мурожаатлари етиб бормаган фуқаролардан бири Президент Халқ қабулхонасига мурожаат қилади. Қабулхона эса фуқаронинг мурожаатини қабул қилиб олиб, унинг аризаси прокуратурага етиб келмаганини аниқлаб берган. Бир ташкилот (прокуратура) «қоғоз олмайман», деса яна бир ташкилот (Халқ қабулхонаси) уни «қоғоз олмаслиги»ни айтиб беради. Қизиқ эмасми?

Энди масаланинг ҳуқуқий жиҳатларига тўхталсак. Биринчидан, ҳар қандай ҳолатда ҳам давлат ташкилотларига мурожаат қилиш фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқи хисобланади. Қонундан четга чиқиб, фуқароларни бундай ҳуқуқдан маҳрум қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

«Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт»дейилади Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида.

Бундан ташқари, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасида «мурожаатлар давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан қабул қилиниши ва кўриб чиқилиши шарт» дея белгилаб қўйилган.

Қонунда мурожаатларни давлат органига мустақил равишда, почта орқали ёки электрон шаклда юбориш мумкинлиги таъкидланган.

Қонуннинг 23-моддасида эса давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари мурожаатни рўйхатдан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмаcлиги қатъий белгиланган.

Шунингдек, «Прокуратура тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасида: «Прокуратура органлари фуқароларнинг ариза ва шикоятларини ҳамда юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқадилар, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини кўрадилар»деб ёзилган.

Кўриб турганингиздек, Конституцияда ҳам, фуқароларнинг мурожаатлари ва прокуратура фаолиятини тартибга солувчи асосий қонунларда ҳам қоғоз шаклидаги мурожаатларни кўрмаслик учун асос кўрсатилмаган.

Бош прокуратура берган жавобда колл-марказнинг 1007 қисқа рақамига қўнғироқ қилиш мумкинлиги айтилган. Биринчидан, ушбу рақамга «тушиш» анча қийин, буни масъуллар ҳам билса керак. Кўп ҳолларда навбатингиз келгунига қадар алоқа операторлар томонидан қўйилган вақт чегараси тугаб қолади, қайта қўнғироқ қилсангиз, яна бошқатдан навбатга ёзиласиз. Чекка ҳудудларда алоқа сифати мақтанишга арзирли ҳам эмас. Бундан ташқари, қўнғироқ қилиш давомида муаммони тўлиқ очиб берадиган ҳужжатлар, фото ва бошқа медиа маълумотларни ҳам тақдим қилиш имкони йўқ.

Бош прокуратура тавсия этаётган «pm.gov.uz» интернет сайти орқали мурожаат юборишнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор. Аввало, ёши катта инсонларнинг кўпчилиги сайт орқали мурожаат қилиш ва порталга маълумотлар киритиш у ёқда турсин, интернетга киришни ҳам билмайди. Бундан ташқари, сайт орқали мурожаат қилинганда ўз муаммосини электрон шаклда ёзиб чиқиш керак бўлади, бунинг учун компьютер керак бўлади.

Мурожаатчиларнинг йўлидаги тўсиқлардан яна бири – чекка ҳудудларнинг интернетга уланишда муаммоларга дуч келиши бўлса керак. Ўзингиз ўйлаб кўринг, шаҳарлар марказларида яшайдиган аҳоли билан чекка қишлоқларда яшовчи аҳолида интернетдан фойдаланиб мурожаат юбориш учун имкониятлар қай даражада тенг?

Агар интернет орқали мурожаат юборишни билганида ёки имконият қила олганда 7 ойда 14 мингдан ортиқ фуқаро Бош прокуратурага хат ёзган бўлармиди?

Тиббий-санитария жиҳатдан олиб қаралса, хатлар ва умуман қоғоз юзасида коронавируснинг яшаб қолиши муддати бўйича олимлар турлича фикр билдирган. Масалан, АҚШ Миллий саломатлик институти вирусологлари коронавирус инфекцияси очиқ ҳавода 3 соатгача, картон қоғозларда 24 соатгача тирик қолишини айтган бўлса, АҚШ Аллергик ва инфекцион касалликлар Миллий институти ва Ҳонконг университети олимлари ўтказган тадқиқотларда вирус қоғоз ва салфеткалар юзасида 3 соатдан камроқ яшаши айтилади.

Яна бир қизиқ ҳолат, вирус қоғоздан кўра металл, пластик буюмлар, ойна ва эшик тутқичларида кўпроқ муддат – 4 кундан 7 кунгача яшаб қолади. Яъни ташкилотлар ўз ходимларини хатларни қабул қилмаслик йўли билан касалликдан ҳимоя қила олмаслиги аниқ эди. Чунки ишга автомобилда, жамоат транспортида келадиган ходимлар, сайёр қабулларда фуқароларни қабул қиладиган раҳбарлар ҳам вирус ташувчи бўлиши мумкин.

Яна бошқа бир мисол, пандемия даврида бошқа давлат ташкилотлари, вазирликлар ва маҳаллий ҳокимиятлар карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда қоғоз билан муомала қилишди. Асосан хатлар билан ишлайдиган почта хизмати ҳам, тинимсиз фуқароларнинг мурожаатлари келиб тушадиган Президент халқ қабулхоналари ҳам, ҳар куни қоғоз пуллари айланмаси бўладиган Марказий банк каби ташкилотлар ҳам ишлашда давом этди. Бундан ташқари, Бош прокуратуранинг ўзида шу даврда ҳам бошқа ташкилотлар билан қоғоз ҳужжатлар айланмаси давом этган бўлса керак.

Агар ташкилот ходимларидан бунчалик хавотир олса, юқоридаги каби тиббий-санитария талаблари асосида фуқаролардан келган мурожаатлар учун алоҳида дезинфекциялаш хонаси қилиб қўйса ҳам бўларди. Шу хонада хатларни бир неча кун сақлаб, дезинфекция қилингач, улар ўрганилиши ҳам мумкин эди.

Ёки бўлмаса, махсус ҳимоя воситалари билан таъминланган ходим (мутахассис) келиб тушган ҳар бир хатни сканер аппаратидан ўтказиб, тегишли бошқарма ва бўлимларга электрон ҳужжат кўринишида ҳам юбориши мумкин эди. Ваҳоланки, ташкилотларда бу амалиётдан анча йиллардан буён фойдаланилмоқда.

Ушбу масала юзасидан Бош прокуратуранинг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаётбек Шамсутдинов билан боғландик. Шамсутдиновга кўра, ҳақиқатан ҳам пандемия сабабли ходимлар орасида касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида почта орқали Бош прокуратурага келиб тушган мурожаатлар қабул қилинмаган.

Масалани ўрганишимиз давомида Бош прокуратура 7 ойлик танаффусдан сўнг, 1 ноябрдан хат шаклидаги мурожаатларни ҳам қабул қилишни бошлагани ҳақида хабар олдик. Аммо ортга қайтариб юборилган 14 мингдан ортиқ хатлардаги мурожаатлар тақдири нима бўлади, деган савол актуаллигича қолмоқда.

Фаррух Абсаттаров,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид