Ўзбекистон | 17:57 / 19.11.2025
3893
2 дақиқада ўқилади

Қайси ҳоким натижа кўрсатса, шу туман кўп маблағ олади — президент

Президент раислигида ўтган йиғилишда таъкидланишича 2026 йилда илк бор маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 триллион сўм вилоятларнинг ўзига берилади. Аммо маблағ тенг тақсимланмайди, балки яхши натижа кўрсатган ҳокимларнинг туманларига кўпроқ ажратилади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар сарҳисоби ва келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Таъкидланишича, 2026 йилда илк бор маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 триллион сўм вилоятларнинг ўзига берилади. Лекин бу маблағ ҳамма туманга тенг тақсимланмайди.

«Энди қайси ҳоким тез ҳаракат қилиб, аниқ лойиҳа асосида натижа кўрсатса, ўша туман кўп маблағ олади, деди президент.

Қайд қилинишича, Дўстлик туманига берилган 5 миллиард сўм мақсадли ишлатилиб, Чинобод маҳалласидаги 2 километрли кўчанинг инфратузилмаси яхшиланди, кун-у тун ишлайдиган масканга айлантирилди. Ишнинг самараси кўрингани сабабли туманга яна 10 миллиард сўм ажратилган эди, кўчага туташган дарё бўйи ободонлаштирилди, савдо-сервис учун қўшимча жой очилди. Натижада 130 нафар янги тадбиркор иш бошлаб, 700 нафар одамни банд қилди. Лекин худди шундай лойиҳалар учун маблағ олган Учкўприк, Бектемир, Жомбой, Китоб, Тошкент туманларида ҳали натижа кўрингани йўқ.

Вилоят ҳокимларига иш ўрни яратиш ва камбағалликни қисқартиришга катта туртки берадиган лойиҳаларни саралаб, барча тайёргарликни шу йилнинг ўзида охирига етказиш топширилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид