Жаҳон | 22:49 / 16.07.2024
17923
4 дақиқада ўқилади

Россияда мигрантларга чиройли аёлни кўрганда ҳуштак чалмаслик, нотаниш кишига “брат” демаслик ва кўчада қўй сўймаслик тавсия қилинмоқда

Фото: Анатолий Жданов, Коммерсантъ

Россия миллатлар иши бўйича федерал агентлик марказий осиёлик меҳнат мигрантларининг ижтимоий-маданий мослашуви бўйича курс ишлаб чиқди. Бу ҳақда мазкур курс материаллари билан танишган «Коммерсант» нашри хабар қилмоқда.

Нашр маълумотларига кўра, тайёрланган курс тўрт қисмдан иборат 70 дақиқалик маърузадан иборат. Биринчи қисмда Россиянинг миграция ва меҳнат қонунчилиги тўғрисида гап боради. Хусусан, мигрантларга Россия хорижликларнинг кириши ва бўлиб туриши, патент расмийлаштириш ва меҳнат шартномаси тузиш ҳақида ҳикоя қилинади. Шунингдек, мигрантларга «қуролли кучларда контракт асосида хизмат қилиб, Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда қўлга киритиш» имконияти ҳақида ҳам тушунча берилади.

«Россияда ноформал хулқ-атвор» деб аталувчи иккинчи қисмда мигрантларга ўзини «Россияда қабул қилинган тарзда» тутиш уқтирилади. «Коммерсант» бу бўлимдан бир неча иқтибос келтирган:

  • «Россияликлар — кўп миллатли халқ, лекин ҳамма рус тилида гапириши шарт ».
  • «Сизга қариндош ёки таниш бўлмаган кишиларга “брат” ёки “сестра” деб мурожаат қилиш ярамайди».
  • «Атрофингиздаги кишиларни ўз она тилингизда муҳокама қилиш, бошқа инсонлар бор жойда ўз она тилингизда пичирлашиш ярамайди».
  • «Россияда диний маросимларни кўчада ўтказиш ёт нарса. Шунингдек, кўчада ҳайвонларни қурбонликка сўйиш ярамайди».

Худди шу бўлимда «қарама-қарши жинс вакиллари билан мулоқот асослари» ҳақида гап боради. Курс материалларида қайд этилишича, «Россияда аёллар анъанавий тарзда очиқ ва ёрқин либослар кийишади» ва бу ҳол асло «уларнинг танишишга тайёр экани»ни билдирмайди. Мигрантлар нотаниш эркаклар ва аёлларга «тегиниши, пайпаслаб кўриши, қучоқлаши, қўлидан ёки кийимидан ушлаши» мумкин эмаслигидан огоҳлантирилган, чунки бундай хатти-ҳаракатлар «шилқимлик» деб баҳоланиши мумкин.

Ёқтириб қолган эркак ёки аёлларнинг диққатини жалб қилиш учун овоз чиқариш, ҳуштак чалиш ва тилни танглайга уриш мумкин эмаслиги тушунтирилган.

Курснинг учинчи бўлимида РФ қонунчилигига риоя қилмаслик, жумладан, митинг ва намойишларда қатнашиш қандай оқибатларга олиб келиши тушунтирилган. Рухсат этилмаган акцияларда қатнашиш учун ҳибсга олиниб, жаримага тортилиш, хорижий давлат фуқаролари эса мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкинлиги айтилган. Якуний блокда Россия ва Марказий Осиё давлатларининг алоқалари тарихидан ҳикоя қилинган.

Матнли материалларга 11 та анимацион роликлар илова қилинган. Видеонинг бош қаҳрамони Тимур Россиядаги ҳаёт қоидалари ҳақида ҳикоя қилади. Ҳар бир ролик «Ассалому алайкум, ака-укалар, опа-сингиллар! Менинг исмим Тимур ва мен 10 йилдан буён Москвада яшайман», деган сўзлар билан бошланади. «Коммерсант» нашрига кўра, роликлар мазмуни кўпгина ҳолларда маъруза матни билан мос тушади.

Миллатлар иши бўйича федерал агентлик раҳбари ўринбосари Станислав Бедкиннинг хабар беришича, ишлаб чиқилган курс тўртта ҳудудда «муваффақиятли синовдан ўтган». Синовдан сўнг идора янгиланган курсни барча ҳудудларга йўналтирган.

«ПСП-фонд» мигрантларни мослаштириш ва миллатлараро муносабатлар ҳудудлараро ресурс маркази директори Борис Паничнинг «Коммерсант»га сўзлашича, ҳудудларда мигрантлар билан кенг миқёсда шундай машғулотлар ўтувчи тузилмалар ва мутахассислар йўқ. Шунингдек, кўплаб мигрантларни бир жойда тўплаш мумкин бўлган майдончалар ҳам йўқ.

Мавзуга оид