Жаҳон | 11:19 / 13.09.2024
6118
4 дақиқада ўқилади

Россия қўшинлари Покровскка сув таъминотини тўхтатиб қўйди

Ҳарбий ҳаракатлар натижасида модул филтрлаш станциясининг иши тўхтатилди, ундан Покровск аҳолиси сув олаётганди. Унинг фаолиятини тиклашнинг ҳозирча имкони йўқ, дейди расмийлар. Улар эвакуацияга чақирди.

Фото: Igor Burdyga/DW

Ҳарбий ҳужум операциялари давомида Россия қуролли кучлари Покровск шаҳрига сув таъминотини тўхтатди. Бу ҳақда 12 сентябр, пайшанба куни Донецк области ҳарбий маъмурияти (ВҲМ) раҳбари Вадим Филашкин маълум қилди. «Ҳарбий ҳаракатлар натижасида Покровск сув олган модулли филтрлаш станцияси иши тўхтатилди», — деб ёзди у станцияни қайта тиклашнинг ҳозирча имкони йўқлигини тушунтириб. Филашкин яқин келажакда вазият «яхшилашмаслигини» қўшимча қилди ва шаҳар аҳолисини эвакуация қилишга чақирди.

Аввалроқ Донецк ВҲМ раҳбари Покровскда ҳали ҳам 26 мингга яқин аҳоли қолаётгани ҳақида хабар берган эди. Рус катта қўшинлари шаҳарга яқинлашмоқда. Британия Мудофаа вазирлигининг 1 сентябр куни берган маълумотларига кўра, Россия қўшинлари аллақачон Покровскдан 10 километр узоқликда жойлашган.

Зеленский: Покровск яқинидаги вазият «жуда оғир»

Украина президенти Володимир Зеленский Донецк областида жанговар ҳаракатлар кузатилаётган бошқа ҳудудлар каби Покровск яқинидаги вазият ҳам «ўта оғир» эканини айтди. «Россиянинг асосий саъй-ҳаракатлари ва энг катта кучлари у ерда тўпланган, ҳозир бизнинг ҳар бир бўлинмамизнинг барқарорлиги, йўқ қилиш қобилиятимиз ҳозир жуда муҳим», деди у 28 август куни кечки видеомурожаатида.

Украина раҳбари, шунингдек, Украина қуролли кучларининг Курск области ҳудудида ҳужум операцияси давом этиши ва россиялик ҳарбий хизматчилар асирга олингани ҳақида маълум қилди. «Биз Украина чегараси яқинидаги маълум ҳудудларда назоратимиз ҳудудини кенгайтиришда давом этмоқдамиз, ҳар куни бўлгани каби, алмашиш фонди тўлдирилмоқда», деди у Россия Федерациясининг Украинага қарши кенг кўламли уруши 917-кунида.

Сирский: Украина Россия қўшинларининг Покровск томон юришини тўхтатди

Украина қуролли кучлари Россия армиясининг Донецк областидаги Покровск йўналишида юришини тўхтатди, деди Украина қуролли кучлари бош қўмондони, генерал-полковник Александр Сирский 5 сентябр куни CNN телеканалига берган интервюсида. «Сўнгги олти кун ичида душман Покровск йўналиши бўйича бир метр ҳам илгариламади, бошқача айтганда, бизнинг стратегиямиз ишламоқда», деди Сирский Украинанинг Россия Федерацияси Курск областидаги ҳарбий амалиётига ишора қилиб. Ҳарбий раҳбар уни «муваффақиятли» деб атади. Сирскийнинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучларининг Курск областига бостириб кириши Россия Федерацияси томонидан «ҳужум қилиш хавфини камайтирди» ва уни бошқа йўналишлардан кучларни ўтказиш имкониятидан маҳрум қилди. «Биз артиллерия ҳужумлари сони ва ҳужумнинг шиддати камайганини кўрмоқдамиз», деди бош қўмондон.

Генерал Сирский CNN телеканали билан суҳбатда Украина қуролли кучлари Россия ҳудудига бостириб кириши чоғида амалга оширган бешта мақсадни айтиб ўтди: Россиянинг Курск областидан янги ҳужум учун трамплин сифатида фойдаланишига йўл қўймаслик; рус қўшинларини бошқа йўналишлардан олиб чиқиш; хавфсиз ҳудудни яратиш, шу билан Украинадаги тинч аҳоли нишонларини ўққа тутишнинг олдини олиш; россиялик ҳарбий хизматчиларни қўлга олиш ва ниҳоят, «Украина армияси ва бутун халқнинг жанговар кайфиятини» кўтариш.

ISW: Россия қўшинлари Покровск яқинида муваффақиятга эришди

Август ойининг охирида Александр Сирский Покровск яқинидаги «қаттиқ жанглар» ҳақида хабар берди. Шу билан бирга, Америка урушни ўрганиш институти (ISW) Россия қўшинлари Донецк областида бу йўналишда «катта тактик муваффақиятларга эришгани»ни таъкидлади. 1 сентябр куни Британия Мудофаа вазирлиги Россия қуруқликдаги кучлари «Покровскдан 10 км узоқликда жойлашганлиги эҳтимоли юқори», деб хабар берди.

Мавзуга оид