Жаҳон | 21:51 / 05.05.2025
5519
2 дақиқада ўқилади

АҚШни ўз хоҳиши билан тарк этадиган ноқонуний мигрантларга 1000 доллардан пул берилади

Мамлакат ички хавфсизлик вазири ноқонуний мигрантларни CBP Home иловасини ҳозироқ юклаб олиб, мустақил депортацияни амалга оширишга чақирди.

Фото: The Wall Street Journal

АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги ноқонуний мигрантларнинг ватанига қайтиш жараёнини енгиллаштиришга қаратилган дастурни ишга туширмоқда. Бу ҳақда идоранинг расмий порталида эълон қилинган хабарда сўз боради.

Қайд этилишича, Қўшма Штатлардан ўз хоҳиши билан чиқиб кетадиган ноқонуний мигрантларга минг доллардан пул тўлаш режа қилинмоқда.

«Агар сиз бу ерда ноқонуний юрган бўлсангиз, мустақил депортация — бу ҳибсдан қочишнинг энг яхши, хавфсиз ва АҚШни тарк этишнинг нисбатан камхарж усулидир. CBP Home иловасини ҳозироқ юклаб олинг ва мустақил депортацияни амалга оширинг», — дейди АҚШ ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм.

Хабарда айтилишича, АҚШ Ички ишлар вазирлиги эндиликда ноқонуний мигрантларга ватанга қайтиш сафарлари учун молиявий ёрдам ва қайтиб боргандан сўнг тўлов таклиф қилмоқда. Маълумотларга кўра, CBP Home иловаси орқали ўз хоҳиши билан депортация қилинишни танлаган ҳар бир ноқонуний мигрант ватанга қайтгач, 1000 доллар миқдорида тўлов олади. «Бу ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, хорижликлар учун энг хавфсиз вариант ва АҚШ солиқ тўловчилари учун 70 фоизли тежамкорликни англатади», — дейилади пресс-релизда.

Доналд Трамп сайловолди кампанияси вақтидаёқ ноқонуний миграцияга қарши кураш унинг президентлик дастурининг бир қисми бўлишини айтиб ўтган эди. АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги томонидан келтирилган сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, йил бошидан буён мамлакатдан 117 минг киши депортация қилинган. Апрел ойининг бошида The Washington Post газетаси америкалик амалдорларга таяниб, 2025 йил якунига қадар АҚШ томонидан депортация қилинган мигрантлар сони 1 миллион кишига етишини маълум қилганди.

 

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов

Мавзуга оид