Жаҳон | 09:20
1026
2 дақиқада ўқилади

Трамп Қрим сабабли Россияга қарши санкцияларни яна бир йилга узайтирди

Қрим билан боғлиқ ҳолда РФга қарши санкциялар бўйича “фавқулодда ҳолат режими” дастлаб Барак Обама томонидан жорий этилганди, у яна бир йилга узайтирилди. Бу ҳақда Федерал реестр базасидан маълум бўлди. Ҳозирги узайтириш Украина бўйича музокаралар давом этаётганига қарамасдан амалга оширилган.

Фото: Gent Shkullaku/Light Studio Agency/IMAGO

АҚШ президенти Доналд Трамп Россияга қарши санкцияларни яна бир йилга узайтирди. Бу санкциялар Москва 2014 йилда Украинанинг Қримини қўшиб олганидан кейин жорий этилган эди. Бу ҳақда пайшанба куни, 19 февралда, АҚШ ҳукумати ҳужжатлари тўплами бўлган Федерал реестрнинг электрон базасида келтирилган.

“Мен 13660-сонли фармонда эълон қилинган фавқулодда ҳолатни яна бир йилга узайтиряпман”, — дейилади Оқ уй раҳбари имзолаган ҳужжатда. Ушбу фармонни АҚШ давлат раҳбари лавозимида бўлган Барак Обама 2014 йил 6 март куни дастлаб имзолаганди.

Санкциялар бўйича “фавқулодда ҳолат режими” кейинчалик 2017 йил 6 мартгача узайтирилган, шундан сўнг яна бир неча бор қайта-қайта узайтириб келинган. У режим Украинадаги “демократик жараёнлар ва институтларни заифлаштириш”, шунингдек унинг тинчлиги, хавфсизлиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига таҳдид солиш учун жавобгар деб ҳисобланган жисмоний ва юридик шахсларнинг активларини музлатишга рухсат берган.

Санкцияларнинг бу галги узайтирилиши Украина бўйича уч томонлама музокаралар давом этаётганига қарамасдан амалга оширилди.

Россиянинг Украинага қарши урушини тинч йўл билан ҳал этиш масаласи бўйича Женевадаги маслаҳатлашувлар 17 ва 18 феврал кунлари бўлиб ўтди. РФ делегацияси раҳбари Владимир Мединский бу маслаҳатлашувларни оғир, аммо ишчан деб таърифлади. “Музокаралар икки кун давом этди: кеча турли форматларда жуда узоқ бўлди”, — деди у. Мединский кейинги раунд яқин вақтда ўтказилишини айтди, бироқ санани аниқлаштирмади.

Ўз навбатида, Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби ва украин делегацияси раҳбари Рустем Умеров бир қатор масалаларда ойдинлик киритилганини билдирди, аммо “бу босқичда тафсилотларни ошкор қилиш мумкин эмас”, деб таъкидлади. У, шунингдек, Россия томони билан муҳокамаларни “интенсив ва мазмунли” деб атади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид