Ўзбекистон | 21:00 / 21.11.2018
16091
4 дақиқада ўқилади

UMS мобиль операторининг 100 фоизлик давлат улуши «Рақамли ишонч» жамғармасига берилади

Universal Mobile Systems (UMS) уяли алоқа оператори устав капиталидаги давлат улуши 100 фоиз «Рақамли ишонч» рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси давлат муассасасига топширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21 ноябрь куни имзоланган «Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида рақамли инфратузилмани янада модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган. Ҳужжат матни ЎзАда келтирилган.

Ҳужжатда мазкур қарор рақамли иқтисодиётни жадал ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш, ундан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, замонавий инфратузилмани қўллаш мақсадида қабул қилингани қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги рақамли иқтисодиётни жорий этиш ва ривожлантириш соҳасида ваколатли орган ҳисобланади. Сентябрь ойида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш соҳасидаги, шу жумладан, «блокчейн» технологияларини жорий этиш билан боғлиқ лойиҳаларни давлат-хусусий шериклик шартларида амалга ошириш учун инвесторларнинг маблағларини жалб этиш ва бирлаштириш асосий вазифаларидан бири ҳисобланган давлат муассасаси шаклидаги «Рақамли ишонч» рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилган. 

Қарор билан президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва «Рақамли ишонч» жамғармасига юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда икки ой муддатда самарадорликнинг асосий кўрсаткичлари (KPI) ва мамлакатда рақамли иқтисодиётни жорий этиш учун зарур техник базани яратиш билан бир қаторда қуйидагиларни назарда тутувчи 2019−2021 йилларда «Universal Mobile Systems» МЧЖни ривожлантириш Концепциясини ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши белгиланди:

  • операторнинг бошқарув тизимига, шу жумладан, мобиль хизматлар кўрсатиш соҳасида етарли тажрибага эга малакали мутахассисларни жалб этиш орқали инновацион менежментни жорий этиш; 
  • ички куч ва маблағларни сафарбар этиш, телекоммуникация ускуналарини модернизация қилиш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш; 
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожланган мамлакатлар даражасида интернет глобал тармоғига уланиш имкониятлари билан имкон қадар тўлиқ қоплашни босқичма-босқич таъминлаш; 
  • барча давлат хизматларининг фақатгина операторнинг маълумотларга ишлов бериш марказлари орқали кўрсатилишини таъминлаш. 

Ўрнатиладиган тартибга кўра, операторнинг устав капиталидаги топширилаётган давлат улушини бошқариш Жамғарма томонидан фақатгина Жамғарма Кенгаши билан келишилган ҳолда амалга оширилади, операторнинг устав капиталидаги давлат улушидан олинадиган даромадлар, шунингдек, мақсадли имтиёзлар беришдан бўшайдиган молиявий маблағлар Концепцияни амалга ошириш даврида технологик ускуналарни модернизация қилиш ва мамлакатда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида Жамғарма ҳисобига йўналтирилади. Концепцияда назарда тутиладиган тадбирлар операторнинг ўз маблағлари ва Жамғарма маблағлари, жалб этиладиган қарз маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади. 

Оператор 2021 йил 1 декабрга қадар муддатга телекоммуникация соҳасида фаолиятни амалга оширишга лицензия бериш учун давлат божи, радиочастоталар спектридан фойдаланиш учун тўлов, шунингдек, радиоэлектрон воситалардан фойдаланиш учун эксплуатация йиғими тўлашдан озод этилган.

Мобил операторига фақат ўз тижорат эҳтиёжлари учун, бошқа оператор ва провайдерларга овозли телефония ва интернет трафиги халқаро каналларини ташкил этиш бўйича хизматлар кўрсатиш ҳуқуқисиз халқаро телекоммуникация тармоқларига (маълумотлар ва овоз узатиш тармоқларига), шу жумладан, «IP-телефония» технологиясидан фойдаланган ҳолда тўғридан-тўғри уланиш, шунингдек, зиммасига юклатилган вазифаларни сифатли бажариш мақсадида Жамғарма билан келишилган ҳолда шартнома асосида мустақил хорижий, миллий консультант ва экспертларни жалб этиш ҳуқуқи берилди.

UMS бош идораси АТ ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Нукус кўчаси, 22-уй манзилида жойлашган биносига жойлаштирилади.

Мавзуга оид