UMS мобил оператори ICTEXPO-2019 кўргазмасида ўз маҳсулот ва хизматларини намойиш этган ҳолда ривожланиш истиқболларига урғу бермоқда.

Ёрқин, технологик, инновацияларга бой. Ҳар йили бўлиб ўтадиган анъанавий ICTEXPO кўргазмасига айнан шундай таъриф бериш мумкин. Унинг доимий иштирокчиларидан бири – UMS компаниясидир. Ўтган йили унинг стенди дизайни энг зўр деб топилган эди. Мазкур йилда ҳам муносиб иштирок этиш мақсадида оператор 25-27 сентябрь кунлари Тошкент ва Фарғона шаҳарларида бўлиб ўтаётган кўргазманинг иккаловида ҳам қатнашмоқда. 

Пойтахтдаги “Ўзэкспомарказ” МККга жойлаштирилган UMS стенди кўринишидан 3 та секторга бўлинган, ахборот-маълумот билан таъминланганлиги ва вазифалари бўйича эса уни 5 та бўлимга ажратиш мумкин.

B2C секторида UMS ходимлари меҳмонларга мобил алоқанинг барча масалалари бўйича маслаҳат бериш, тариф режалари ва рақамларни танлашга кўмаклашиш, қўшимча хизмат ва сервисларни ёқиб беришга шай. Компаниянинг тариф режалари, хизмат ва имкониятлари кенг бўлганлиги учун кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда.

Шу йилнинг ўзида UMS компанияси аҳоли учун ойлик абонент тўловига эга 4 та ва йиллик тўловга эга 2 та тариф режасини тақдим этди. Ҳусусан, “Ёрқин” ва “Ёрқин” йиллик тарифлари ўзининг жозибадорлиги ва қулайлиги (ҳар ойда 10 000 МБ, 1 000 дақиқа ва 1 000 SMS) билан абонентларга манзур бўлмоқда. «Chilla Lite», «Shodlik», «Omad» тарифлари эса маълум ҳудудлар абонентларининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Мазкур йилда компаниянинг бир қатор тарифлари қайта кўриб чиқилди ва ихчамлаштирилди – уларда дақиқа ва мегабайтлар ҳажми оширилди, абонент тўловлари эса ўзгаришсиз қолдирилди. Турли хил Интернет-тўпламларининг нархлари туширилди. Тарифлар билан бир хил ҳажмдаги дақиқа, мегабайт ва хабарларни ўз ичига олган ноёб Fresh-тўпламлар жорий қилинди.

Яратилган имкониятлар ҳақида сўз борар экан, акциялар бўйича барча тоифадаги чиройли рақамлар нархлари арзонлаштирилди. Ушбу акциялар фақат 30 сентябрга қадар давом этишини инобатга олган ҳолда ICTEXPO меҳмонлари қулай фурсатдан фойдаланиб қолишлари мумкин.

UMS стендида, шунингдек, кўчма база станциялари учун пневматик тиргагич намунаси намойиш қилинмоқда. Бундай база станциялари энг қисқа муддатларда у ёки бу ҳудудни алоқа билан вақтинчалик таъминлаб туриш имконини беради. Мисол учун, бу байрам ва спорт тадбирларида жуда ҳам асқотади. Бундай станциянинг ишлаш радиуси ва сиғими оддий база станциялар билан бир хил. Кўргазмада намойиш қилинаётган база станцияси тиргагичи пневматика ёрдамида ишлайди. UMS компанияси бундай қурилмалардан кенг тарзда фойдаланиш ниятида.