Спорт | 00:10 / 27.07.2021
48854
2 дақиқада ўқилади

Токио-2020. 27 июлда чиқиш қиладиган ўзбекистонлик спортчилар рўйхати

27 июль куни Ёзги Олимпиаданинг тўртинчи кунги баҳслари ўтказилади. Яна 5 нафар ўзбекистонлик спортчи 4 спорт тури бўйича ўз омадини синаб кўради.

Бугун икки нафар дзюдочи, бир нафардан таэквондо, бокс ва сузиш спорти вакиллари мусобақаларда иштирок этади.

Соат 7:00да таэквондочиларнинг сўнгги вакили Светлана Осипова (+67 кг) медаллар учун курашади. Унинг илк рақиби  қозоғистонлик Cансел Дениз бўлади. 

Соат 7:00да дзюдо бўйича мусобақалар ҳам бошланади. Фарангиз Ҳожиева (-63 кг) кабо верделик Сандрин Биллетга қарши гиламга чиқади.

Эркак дзюдочилар жамоасида Шарофиддин Болтабоев (-81 кг) ҳам курашга киришади. Унга вануатулик Уго Кумбо рақиблик қилади. Дзюдо бўйича мусобақалар кун бўйи давом этади.

Соат 07:15да боксчилар жамоасидан Бобо-Усмон Ботуров (-69 кг) биринчи жангини ўтказади. Унинг илк босқичдаги рақиби доминиканлик Роҳан Поланко бўлади.

Соат 15:10да сузувчи Хуршиджон Турсунов 100 метрга эркин усулда сузиш бўйича саралаш баҳсларида қатнашади.

UPD: Об-ҳаво ноқулай келиши сабабли академик эшкак эшиш бўйича 29-30 июль кундаги мусобақалар 27 июлга кўчирилганди ва бугун соат 5:00да Собир Сафаралиев ва Шаҳбоз Холмирзаев чиқиш қилиши кутилганди. Аммо бу қарор бекор қилиниб, мусобақалар ўз вақтида ўтадиган бўлди.

Олимпиаданинг учинчи куни якунларига кўра, Ўзбекистон делегацияси 1 олтин медал билан 23-ўринда жойлашган. Бундан ташқари, беш нафар боксчи илк жангларида ғалабага эришиб, медаллар учун курашни давом эттирмоқда.

Фото: Telegram / uzsport_tv
Фото: Telegram / uzsport_tv
Фото: Telegram / uzsport_tv
Фото: Telegram / uzsport_tv
Фото: Telegram / uzsport_tv

Мавзуга оид