09:50 / 23.07.2019
28467

Ғаллаоролликлар нега дарғазаб: бу ерда қурилаётган кимёвий ўғит ишлаб чиқариш комбинати саломатлик ва экология учун зарарлими?

«Ассалому алайкум, ҳурматли таҳририят аъзолари. Бугун юртимизда жуда катта ўзгаришлар юз бермоқда. Тадбиркорлар учун имкониятлар яратилмоқда. Шу халқ учун завод фабрикалар қуриб аҳолини иш билан таъминлаётган тадбиркорларимизнинг борлиги таҳсинга сазовор. Бироқ, бу имкониятдан нотўғри фойдаланиб, ўз фойдаси йўлида иш юритаётган тадбиркорларга қандай баҳо бериш мумкин?

Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани «саноат зонаси»да инсон ҳаёти учун хавфли саналган минерал ўғит ва фосфор ишлаб чиқариш учун кичик корхона ва кимёвий база қурилмоқда. Ушбу корхона тумандаги «Самарқанд» ҳамда «Ғафур Ғулом» МФЙ ҳудудидаги аҳоли яшаш пунктларидан атиги 200 метр нарида жойлашгани бизни ниҳоятда ташвишлантиряпти.

Биз ушбу кимёвий ўғит ишлаб чиқариш комбинатининг инсон саломатлиги учун зарари борасида деярли барча мутасадди ташкилотларга мурожаат қилдик. Ижобий натижа кўрмадик.

Ушбу муаммо тўлиқ бартараф этилишида беминнат ёрдамингизни аямайсиз деган умидда сизга мурожаат қиляпмиз.  Ҳурмат билан, Ғаллаорол тумани «Самарқанд» ва «Ғафур Ғулом» маҳалла фуқаролар йиғини аҳли».

300 киши имзолаган ушбу мурожаатнинг қисқача мазмуни шундан иборат эди. Сайт таҳририятига арзнома йўллаган ғаллаороллик юртдошларимиз билан уларни қийнаётган муаммо юзасидан учрашдик.

Саҳардан кун қизиди. Қуёшнинг ўткир тиғига чидаш қийин. Ҳаво ҳарорати 44 даража бўлишига қарамасдан, мурожаатда келтирилган Ғаллаорол тумани «саноат зонаси»даги «Ғаллаорол калий фосфат» МЧЖ минерал ўғит, калий сульфат ишлаб чиқарувчи корхонаси ҳовлисида бизни кутиб турган юртдошларимиз (уларнинг аксарияти кекса кишилар эди ) билан шикоят юзасидан суҳбатлашдик.

«Мен шу маҳаллада яшайман, нафақадаман. Айни дамда тинчгина яшасам бўлади, аммо бундай қилолмайман. Бу кимёвий база нега айнан Ғаллаоролда қуриляпти? Инсон саломатлиги учун ўта хавфли ҳисобланадиган бу завод қурилмаслиги учун барча тегишли ташкилотларга мурожаат қилдик. Ҳеч ким дардимизга қулоқ солмади. Келажак авлоддан хавотирдамиз. Бу ҳаводан қандай нафас оламиз? Экин, чорваларимиз нима бўлади? Бунинг устига, туман марказидан тортиб келинган газ қувурлари талаб даражасида эмас. Эски, фойдаланилган газ қувурларини ўрнатишган. Агар улар дош беролмай ёрилиб кетса, бунинг бадалини ким тўлайди? Нега бу корхона аҳоли пунктга яқин жойда жойлашган? Бизни саволларимизга кимдир жавоб берадими?!», — деди маҳалла фаоли Асрор Шойзақов.

«Ҳар куни тонг саҳарда уч-тўрт киши шу атрофда сайрга чиқамиз. Соғлиқ учун. Ҳарқалай, тоза ҳавода саҳарда сайр қилишнинг гашти ўзгача. Балки ишонмассиз, аммо эрталабдан ҳали ишга тушмаган шу завод қувурларидан тутун чиқади. Аҳоли билмасин, деган мақсадда корхона ҳали ишга тушгани йўқ дейишмоқда, лекин у ишлаяпти. Заҳарли ҳидни сезиш қийинмас. Аввалига эътибор бермадик, лекин икки-уч кун ўтгач таъсирини сездик. Қувурлардан ҳавога кўтарилаётган ҳидга чидаш қийин. Худди сизни нимадир бўғаётгандек бўлади. Бу заводнинг турган-битгани зарар экан. Кислота ҳам ишлатишади, дейишяпти. Бунинг инсон саломатлиги учун қанчалик зарарлигини наҳотки ҳеч ким инобатга олмаса? Бизнинг тақдиримиз ҳеч кимни қизиқтирмайдими? Ахир бундай ишлаб чиқаришлар аҳоли яшаш пунктларидан бир неча километр узоқликда жойлашиши керак эмасми?», — деди Неъмат ҳожи Ҳайдаров.

«Бугун Ғаллаоролда тўй ёки маъракага борсангиз асосий мавзу шу корхона. Ҳар ким ўз билганича гапиради. Кимдир кимёвий ўғитлар инсон саломатлигига ўта зарарлигини айтса, кимдир яқинда томорқага бирорта экин эколмаслигимиздан сўзлайди. Хуллас, ваҳима! Аҳоли жуда норози. Айтинг-чи, ким заҳарли моддалар билан тўйинган ҳаводан нафас олишни истайди? Бизга маълум бўлишича, корхонани қуришга рухсат берганлар шамолнинг эсиши, аҳоли яшаш жойига яқинлигини мутлақо ҳисобга олишмаган. Нега унинг ўрнига бошқа ишлаб чиқариш қилинмайди? Аҳоли ҳам, ёшлар ҳам иш ўрнига эга бўлармиди?», — дейди Нажмиддин ҳожи Ҳилолиддинов.

Куйиниб гапираётган юртдошларимизнинг мулоҳазалари қайсидир маънода ўринли албатта. Аслида, инсон учун унинг саломатлигидан ортиқ бойликнинг ўзи йўқ. Мурожаат йўллаганларнинг ҳасратларига қулоқ тутарканмиз, наҳотки бугун 160 мингдан зиёд аҳолига эга Ғаллаорол туманида мутасаддилар бундай «бебошлик»ка жимгина, қўл қовуштириб қараб туришган бўлса, деган ҳақли савол туғилади. Саволларимизга жавоб олиш мақсадида «Ғаллаорол калий фосфат» МЧЖга тегишли «Минерал ўғит калций-сульфат» кимёвий ўғит ишлаб чиқариш комбинатида бўлдик.

«Ўзим «Навоий Азот» заводида ўн беш йилдан бери фаолият юритаман. Қарийб икки ойдан бери шу ерда хизмат сафаридамиз. Жамоамиздан 15 нафар йигит ҳам биз билан бирга келган.

Барча саволларингизга жавоб бераман. Айни дамда 30 нафардан зиёд шу ерлик маҳаллий ёшларни ишга олганмиз. Ҳар куни малакали мутахассисларимиз уларга ўқув машғулотлар олиб боришмоқда.

Олдиндан мутахассис сифатида айтиб қўяй, бу комбинат ишга тушиши инсон саломатлиги учун хавф туғдирмайди. Аввало, бу каби муаммоларнинг олдини олиш учун барча чораларни кўриб қўйганмиз. Аввало маҳсулот зарарини аҳоли сезмаслиги ва уларнинг саломатлигига хавф туғдирмаслик учун фильтрлаш чораларини кўряпмиз.

Корхонамиз ёнидан қўшимча бино қуришни бошладик. Аҳолининг норозилиги албатта тушунмовчиликдан. Менимча ортиқча ваҳиманинг кераги йўқ. Чунки мутахассис сифатида шуни айта оламанки, маҳсулотни ишлаб чиқариш учун ипидан игнасигача ўйлаб, йўлга қўйишни режалаштирганмиз. Қолган барча саволларингизга корхонамиз раҳбари тўлиқ ва батафсил жавоб беради», — деди корхона бош мутахассиси Улуғбек Холмуродов.

«Адашмасам ўтган йили ноябрь ойида ҳам шу машмаша бошланган эди. Сўзим аввалида айтиб ўтаман, биз фаолиятимизни қонун доирасида олиб боряпмиз. Корхонамиз Ғаллаорол туманидаги «саноат зонаси»да жойлашган. Агар бу саноат зонасида кўплаб ноқонуний уйлар қурилган бўлса, бу бизнинг айбимиз эмас.

Аҳоли томонидан қилинган мурожаат юзасидан 2018 йилнинг ноябрь ойида йиғилиш бўлган эди. Ўшанда ҳам уларнинг барча саволларига батафсил жавоб берганмиз. Қурилаётган ушбу корхона учун барча ҳужжатларимиз мавжуд. Мана шу каби мурожаатлар олдини олиш учун биз барча тегишли ташкилотлар билан маслаҳатлашган ҳолда ҳужжатларни расмийлаштириб берганмиз. Инсон саломатлиги ва экология учун бу маҳсулотнинг ҳеч қандай зарари йўқлигини айтиб ўтмоқчиман. Қолаверса, оддий қўл телефони ёки ичимлик сувида ҳам саломатлик учун қайсидир маънода хавф туғдирадиган моддалар бор, шундай эмасми?

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу қурилаётган корхонамиз юртимизда ягона. Бунинг қанчалик фойда келтиришини бир тасаввур қилиб кўринг. Корхона маҳсулоти экспорт қилинади. Аҳоли иш билан таъминланади. Ҳукумат лойиҳа ва қарори асосида йўлга қўйилаётган корхона қурилишига бир неча мутахассислар жалб этилган. Барча керакли чоралар кўзда тутилган. Бу шунчаки тикув цехи ёки кийим фабрикаси эмас. Барчаси назорат остида.

Айни дамда маҳаллий аҳоли ишга тушмаган корхонани ишлаяпти деган айбловни қўймоқда. Афсуски, биз ҳали маҳсулотни ишлаб чиқаришни йўлга қўймасимиздан шунча маълумот тўпланибди. Мен ҳозиргина Олмалиқ шаҳридан келдим. Агар сизга мурожаат йўллаган маҳалла аҳли ўша ерга бориб шаҳар узра осмонни қоплаган тутунни кўрса қандай ҳолатга тушаркан. Ўша ерда ҳам ҳамма ишлаяпти. Ахир бу оддий туз бўлса?! Мен бир мутахассис сифатида шуни айта оламанки, маҳсулотимизнинг инсон саломатлиги учун ҳеч қандай зарари йўқ. Ростини айтсам, бундай муомаладан кейин корхонада ишлаш ҳақида ҳам ўйланиб қолдим, ихлосим ҳам қайтди», — деди корхона раҳбари Мирик Романович.

Ғаллаорол тумани ҳокимлигида туман архитектура, кадастр бўлими ходимлари ДСЭНМ бош шифокори ва ҳоким муовинлари ҳам ўз фикрларини билдириб ўтишди.

«Айни дамда саноат зонасида 25та уй ноқонуний қурилган. Уларни кўчириш масаласида бевосита аҳоли билан кўришиб гаплашдик. Уларга компенсация тўланмайди, лекин албатта ер ажратиб берилади. Бизнинг туман ҳокимлиги билан уларга берган таклифимиз ҳали ҳам ўз кучида. Афсуски, улар ўз билганидан қолишмаяпти. Бу корхонани лойиҳалаштириш жараёнида биз ҳам анча ваҳимага тушгандик, лекин хитойлик мутахассислар ва ўзимиздаги малакали мутахассислар бизга ипидан игнасигача тушунтириб кўрсатиб беришган. Бу ҳукумат доирасида амалга оширилаётган лойиҳа. Шундай экан, ортиқча ваҳимага ҳожат йўқ», — деди ҳоким муовини Акбар Мамаражабов.

«Ўтган йили айнан шу маҳалла фуқаролари мурожаат қилишганида бизга юқоридан текширувчилар келиб ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва унинг зарарини текширишган. Қўлимдаги маълумотда айтилишича, бу маҳсулот инсон саломатлиги учун катта хавф туғдирмайди. Буни биз ноябрь ойида бўлиб ўтган учрашувда ҳам айтиб ўтганмиз», — дейди шифокор Зокир Мамаражабов.

Аҳоли томонидан келтирилаётган эътирозлар ўринлими? Корхона мутасаддилари ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг ҳеч қандай зарари йўқлиги ҳақида таъкидлашяпти. Ким ҳақ? Бу борада холис мутахассис фикри жуда муҳим.

«Калий сульфат табиатда калийли тузлар сифатида учрайди. У рангсиз кристалл модда кўринишида бўлиб, сувда жуда яхши эрийди. Этанол ва ишқорларда эримайди. Тоза ҳолатда минерал калий сульфат кам учрайди. Шу боис у ишлаб чиқарилади. Асосий истеъмолчи қишлоқ хўжалиги, чунки калий сульфат хлорсиз ўғитлар рўйхатига киради. Оддий ичимлик сувида ҳам хлор бўлади. Калий сульфат айнан хлорни парчалайди. Унинг кучли хоссаси шундаки, у таркибида кам калий тутган тупроқ учун жуда фойдали. Агарда калий сульфатни азот, фосфор каби минерал ўғитлар билан ишлатса, ҳосилдорлик янада ошади. Нордон тупроқ нейтралланади ва калий бирикмалари нормал ҳолатга келади. Тупроқ унумдорлиги ошади. Шу билан бирга, калий сульфат кам миқдорда инсон танасига тегса ҳам кўз ачишиши ёки баъзи тошмалар тошиши мумкин. Кўп миқдорда истеъмол қилинса ошқозон-ичак йўлларида бузилиш ҳолати юзага келади. Бир сўз билан айтганда, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот инсон саломатлиги ёки экология учун у қадар катта хавф туғдирмайди. Агарда корхонага хом ашё келтирилаётган бўлса, демак, хавфсизлик чораларига ўта диққатли бўлмоқ лозим. Маълумки, маҳсулотни ишлаб чиқаришда турли заҳарли кислоталардан ҳам фойдаланилади. Шундай кислоталарнинг озгина миқдори ҳам ерга тўкилса анчагина зарар келтириши мумкин. Агарда хавфсизлик техникаси кучайтирилимас экан, албатта унинг инсон саломатлиги ва экология учун катта зарари тегиши мумкин», — деди Жиззах педагогика институти кимё фанлари доктори, доцент Зуҳра Яхшиева.

Мурожаатда таъкидланадики, «корхона расман ўз фаолиятини бошламай туриб ҳам ишлашни бошлаб юборган. Бунинг натижасида зарарли моддаларнинг таъсири оқибатида кекса ёшдаги ва болалар орасида нафас қисиш ҳолатлари рўй бермоқда».

Мурожаатчилар «табиати гўзал, ҳавоси тоза сўлим Ғаллаоролда корхона ишлаб чиқарадиган зарарли чиқиндилари туфайли соғлом атроф муҳитга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум бўлаётган юзлаб одамлар тақдири ҳеч кимни қизиқтирмаётгани»ни куйиниб гапиришди. Умид қиламизки, тегишли ташкилот мутассаддилари бу каби тушунмовчиликларга барҳам бериб, келажак авлоднинг саломатлиги учун қайғураётган, нажот кутиб турли идораларга мурожаат йўллаётган ғаллаороллик юртдошларимизнинг муаммосига ечим топишади.

Гулчеҳра ШАРИПОВА,

Kun.uz мухбири

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top