Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жалақудуқдаги ҳоким оёғи етмаган маҳалла: кучланиш 110 волт, ичимлик суви «качалка»да, таппи сероб
Бу сафарги мурожаатчи маҳалла аҳли фавқулодда қатъиятли чиқиб қолди. Уларнинг маҳалласига бормаганимизча ҳол-у жонимизга қўйишмади. Режалаштирган бошқа ишларни битириб, Жалақудуқ тумани Жалақудуқ маҳалласи Ойбулоқ кўчасига боргач, чиндан аҳвол аризачилар айтганича борлигини кўрдик. Ойбулоқ ва уларга туташ Бўстон кўчаларида 70 чоғлик хонадон яшаш учун керак бўлган оддий шароитларсиз истиқомат қилмоқда.



Тасвирга олувчи ускуналаримиз билан ишни бошлаганимизда атрофимизга жуда кўп одам йиғилди. Ҳар бирини бизга айтар сўзи бор эди. Ҳудудда муаммолар йиғилавериб, охири одамларнинг тоқати тоқ бўлган. Уларнинг айтишича мурожаатлари ҳеч «юқорига» етиб бормас экан. Оқсоқоллар, онахонлар 30 йилдан бери бирор ҳоким ёки раҳбар ҳудудга қадам босиб, халқ дардини эшитмаганини билдиришди.
Биз мана шу кўчаларни кезиб, ҳар бир хонадонда тезакдан таппи ёпилишини, қулаётган симёғочлардаги тош осилган электр симларни суратга тушириб, ичимлик суви йўқлигидан зах булоқдан сув ташиётган, электр қуввати пастлигидан оқшом дарс қила олмаётган ўқувчилар, кийим дазмол қила олмаётган аёллар билан суҳбатлашдик.




«Бу ерга кўчиб чиққанимизга 40 йилча бўлди. Болалар мактабга бориб-келишга бир ойда 2-3 та пойабзал йиртар эди. Шундан бери ўзимиз эплаб, пул топиб, йўлларга шағал тўктириб шу ерга етиб келдик. Шағалларимизни «ер ютди», «свет» ҳам, ичимлик суви чатоқ. Суви одамларни касал қиляпти, чироқ кеч кирганида шам чироқдан ҳам баттар бўлиб кетади. Болалар дарс қила олмайди.
Ёзи билан бу одамлар қишга тайёргарлик кўради. Худди чумоли дон-дун тўплагани каби қиши билан тезак-таппи қилишади. Маҳаллада таппи қилмаган оиланинг ўзи йўқ. Қоп-қоп таппи, том тўла таппи туради», дейди Рўзихон ая Султонова.
Қўлида иккита пақир билан зах зовур сувидан ташигани кетаётган Ҳалимахон Содиқова ичиш учун ҳам томорқага ҳам мана шу сувдан фойдаланишларини айтди. Дилоромхон она Мирзараҳимова хонадонига кирсак, она ҳовли саҳнидаги қишга тайёрланган таппиларни ағдараётган экан.
«Иккита набирам икки-уч яшар бўлди. Шу сабабли қишга тайёргарлик кўриб, мана шунақа қилиб таппиларни қуйяпман. Набираларимни иссиқ сақлаш, касал қилмаслик учун. Кўмир қиммат, сотиб олишга қурбимиз етмайди», дейди Дилоромхон она.
Маҳалла улуғларидан бири Муҳаммадқодир Ҳошимов муаммоли ҳолатга қуйидаги изоҳ берди: «Кўчамизни, одамларимизни бу мутасадди раҳбарлар, ҳокимларимиз эсдан чиқариб қўйган, унутган бўлса керак. Мана, ичимлик суви йўқ, зах сув ичамиз. Кўчаларимизни ҳам 36 йилдан бери биламан, бўляпти инсон келиб хабар олгани йўқ. Ўзимиз қўлимиздан келганича йўлларни шағалладик. Симёғочлар эски. «Электросет»ни ўзи ўлчаб кетди, кучланиш 110 волт экан. Мурожаат қиламиз, натижа йўқ. Ҳокимни умуман танимаймиз, кўрмаганман. Қабулига бордик, маҳалла комитетимиз эшикни тагида ўтирган экан. Чиқиб «Нега келдинглар?» дейди. Шунақа ҳам бўладими? Бизни оёғимиз асфалт кўрмаса ҳам, келажакда шу болаларимизни оёғи лой бўлмай кетсин. Қишнинг кунида шу ёруғ хоналарда дарс қилсин дейман».
Караматхон Эгамбердиева, Тожмуҳаммад Ҳайдаровлар маҳаллага туман ҳокими келиб бор муаммони ўз кўзи билан кўриб, ҳал қилишга ёрдам берар деган умидда. Аёллар маҳалла фуқаролар йиғини раиси туман ҳокими Ҳикматилло Латипов МФЙ идорасининг очилишига келганида аҳолига муаммоларни айтишга қаршилик қилганини айтишди. Маҳалла аҳлининг кўплаб мурожаатларидан сўнг бундан уч йил аввал трансформаторнинг корпусини ўрнатиб кетишибди. Лекин унинг ичида иккита ўчириб-ёндирадиган «автомат»дан бўлак ҳеч нарса йўқ.

Жалақудуқ туман ҳокимлигида
Жалақудуқ тумани ҳокимлигига борганимизда ҳоким Ҳикматилло Латипов айни пайтда Абдуллабий маҳалласида эканлигини айтишди. Туман ҳокими Жалақудуқ маҳалласида яқин кунларда бўлганини ва барча камчиликлар бартараф этилишини билдирди.

Биз ўша ерга етиб келган сув ва электр таъминоти раҳбарларидан муаммоли ҳолатлар бўйича изоҳ олдик. Аввалига туман «Сув таъминот» корхонаси раҳбари Қаҳрамон Турғуновни саволга тутдик.

«Жалақудуқ маҳалла Ойбулоқ кўчасидаги ҳолатдан хабаримиз бор. Кўчага сув тармоғи тортиш учун ҳужжатларни тайёрлаб қўйганмиз. Дўнгқишлоқ маҳалласи ва Жалақудуқ маҳалласи қўшни. Давлат дастури билан Дўнгқишлоққа 12 километр ичимлик суви тармоғи ва иккита қудуқ ўрнатяпмиз. Ўша қишлоқдан Ойбулоққа 600 метр тармоқ тортиб, муаммони ҳал қилишни режалаштирганмиз. Бир ой ичида кўчада ичимлик суви боради», дейди Қаҳрамон Турғунов.
Мутасаддига «Нега Ойбулоққа ичимлик суви транспорт орқали етказиб берилмаяпти, аҳолини улар фойдаланаётган зах сув соғлиқ учун хавфли эканлиги юзасидан огоҳлантирганмисизлар?» деб савол бердик. Турғуновнинг айтишича уларнинг корхонасига Ойбулоққа транспорт орқали ичимлик суви етказиб бериш бўйича МФЙ раисидан буюртма келиб тушмаган. Ойбулоқ аҳолиси «Сув таъминоти» корхонаси ходимлари томонидан улар фойдаланаётган ва экспертизадан ўтмаган зах сувдан фойдаланмаслик бўйича огоҳлантирилган экан.
Жалақудуқ туман «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси раҳбари Анваржон Абдурашидов биз билан суҳбатда Ойбулоқдаги электр муаммосини ҳал қилиш учун бетон таянчларга «заявка» берилгани ва битта трансформатор ўрнатиш ишлари кетаётганини айтди. «Буюртма берилган кабеллар ва бетон таянчлар келиши билан иш бошлаймиз. Ойбулоқда бир ой ичида электрдан муаммо қолмайди», дейди Абдурашидов.

Ойбулоқликлар нега ҳоким келишини кутмоқда? Чунки маҳалла раиси шу пайтгача уларнинг дардини ҳоким ва бошқа раҳбарларга етказа олмаган. Аҳолининг айтишича, ҳоким МФЙ янги биноси очилишига келганида маҳалла раиси «ҳокимга кўчангиздаги муаммоларни айтманглар» дея уларни қайтарган. Минг афсуски, маҳалла раислари ҳудуд муаммоларини ҳокимга айтишга чўчишади. Оқибатда эса йиллар давомида Ойбулоқдаги сингари муаммолар тўпланаверади.


Сўнгги йилларда 60 та маҳаллага эга туманда уч бора ҳоким алмашди. Ойбулоқликлар дардини тинглашга уларни фурсати етмагандир. Ўйлаймизки, ҳозирги ҳоким камчиликларга ботган кўча аҳолисини узоқ куттирмайди...
Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири,
Тасвирчи ва монтаж устаси – Азизбек Исмоилов.