Ҳукумат қарори билан “Андижон вилояти Бобур шаҳрида рассомлар фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, Фестиваль 2026 йилдан ҳар 2 йилда 1 маротаба, қоида тариқасида, май ойида ўтказилади.

Фестивалда иштирок этишни истаган номзодлар 1 февралгача ташкилотчиларга қуйидагиларни топширади:

- маълумотнома (резюме);

- 3 дона 6x9 ўлчамдаги рангли фотосурат;

- тасвирий санъат соҳасида етарли тажрибага эга эканлиги, ўз давлатида ёки бошқа чет элда ўтказилган соҳага оид фестиваллар ва кўргазмаларда иштирок этганлиги тўғрисида гувоҳнома, диплом, сертификат нусхалари;

- номзоднинг ўзи ижод қилган тасвирий санъат йўналишидаги ижодий асарларининг 10 донадан кам бўлмаган сифатли фотосуратлари ва уларни яратиш жараёнлари акс эттирилган видеодиск.

Ташкилий қўмита 1 апрелгача фестивалда иштирок этувчиларнинг рўйхатини аниқлайди.

Фестиваль қуйидаги номинациялар бўйича ўтказилади:

- “Гран-при”;

- “Энг яхши рангтасвирчи рассом”;

- “Энг яхши ҳайкалтарош”;

- “Энг яхши фоторассом”;

- “Энг яхши график рассом”.

Фестивал ғолиблари президент совғаси сифатида енгил автомобил (Chevrolet Onix ёки шу классдаги бошқа автомобил), диплом, рамзий ҳайкалча ва пул мукофотлари билан тақдирланади.