Жамият | 17:17 / 24.06.2021
8912
2 дақиқада ўқилади

Битирувчи мактабдан аттестатини олиши шартмас, ҳаммаси онлайн базада бор — вазир

АОКА мажлислар залида 2021/2022 ўқув йилида ОТМларга қабул параметрлари мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мактаб битирувчиларининг олдинги йилларда олий таълимга ҳужжат топширишда бўлган қийинчиликлари ва бугунги имкониятлар ҳақида гапирди.

«Авваллари ҳужжат топшириш учун биринчи мактабда овора бўларди, аттестатини вақтида ололмасди. Иккинчидан, олий таълим муассасасига олиб борганда атай қийинчилик қилгандай, ҳужжат топширтирмасликка ҳаракат қилинарди. Бугунги кунга келиб бу борада қийинчиликлар йўқотилди, яъни аризалар онлайн топширилади. Ота-оналар ва ўқувчилар аттестатни олиш учун мактабга бориб юриши шарт эмас.

Ариза топширилаётганда аттестат маълумотлари Халқ таълими вазирлиги базасидан ДТМ базасига ўтади ва ҳужжат топшириш учун қоғоз аттестатни олиш шарт эмас», деб маълумот берди Шерзод Шерматов.

Шунингдек, вазирга кўра, ўқувчиси олий таълимга кирмаган мактаблар сони 3 бараварга камайган. Шу орқали мактаб раҳбарлари фаолиятига баҳо берилади.

«Ҳар бир мактабда абитуриент штаблари ташкил қилинган. Сабаби, ёшлар олий таълимни танлашда ва тайёргарлик учун имконият яратиш. Кимда интернет бўлмагани учун ҳужжат топшира олмаса, мактабда шу имкониятдан фойдаланиши мумкин. Онлайн ариза тўлдирганда абитуриентлар ўзи ёки ота-онаси рақамларини киритишини сўрар эдик, чунки бошқа рақамдаги кишига смс келса у бехабар қолиши мумкин», деди халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

Вазирга кўра, бу йил деярли ҳамма битирувчилар шахсини тасдиқловчи ҳужжат олди. ID-карта ололмаган 2 минг нафар ўқувчи қолди. 

Мавзуга оид