Ўзбекистон | 17:13 / 12.06.2024
14281
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон туризм маҳсулотлари жаҳонда энг қимматларидан: нега давлатга фақат 50 ёшдан ошганлар келади?

Туризм – давлат иқтисодиёти ва аҳоли учун энг қулай, даромадли соҳа. Ўзбекистон иккинчи маъмурияти даврида мамлакатни туризм учун очди. Қатор давлатлар фуқаролари учун визасиз режимни жорий қилди. Рейслар кўпайди, инфраструктура ривожланди, дейилса-да, республика туризм маҳсулотлари дунёда энг қимматларидан бўлиб қолмоқда. Kun.uz айни мавзуда сайёҳлик агентлиги менежери Хайрулло Норматов ҳамда ПР эксперт Камола Икрамова билан суҳбат уюштирди. Унда таъкидланишича, нархлар жуда қиммат, транспорт тизими ноқулай, чипта олиш ва хизмат кўрсатиш – ўртакашлар қўлида.

Президент туризмни ривожлантириш юзасидан ўтказган йиғилишида масъулларга шу йилнинг охиригача давлатга 10 миллиондан ортиқ сайёҳларни олиб келиш вазифасини берди. Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонга 1 йилда 5-6 миллион сайёҳлар ташриф буюрмоқда. Демак, туристик маҳсулотлар сони ва сифати ривожланиши керак, дунё аҳолисининг қизиқишини уйғотишдек вазифани уддалаш лозим. Kun.uz билан суҳбатлашган ПР эксперт, жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассис Камола Икрамова фикрича, хориждаги ташвиқот – нопрофессионал. Видеороликлар эски, ундаги маъно-мазмун тор, эътиборни тортадиган кадрлар ҳамда янги ракурсларни учратмайсиз. Худдики, Ўзбекистон қадимий обидалар ва палов маконидек маъно акс эттирилган.

Сайёҳлик агентлиги менежери Хайрулло Норматовга кўра, Ўзбекистонга келувчиларнинг аксарияти бугун Ғарбий Европадан. Ва асосан давлатга 50 ёшган ошганлар келади. Яъни ёш республикага бугун қариялар кўпроқ ошиқади. Чунки Ўзбекистон туризм маҳсулотлари тарихий-гастрономик характерга эга бўлиб қолмоқда. Суҳбатда келишича, саёҳатнинг асосий харажатлари – транспортга сарфланади. Европа ва умуман, дунё билан ишлашда мунтазам тизим керак. Ўзбекистонга кўп давлатлардан тўғридан-тўғри рейслар йўқ, ички саёҳатда ҳам чипта топиш – жиддий муаммо. Бундан ташқари, маҳаллий парвозлар жадвалига деярли ҳар куни ўзгартиришлар киритилади.

Ҳаво, темирйўл транспортига чипта олиш – жуда қийин. Чунки чипталар бизнес манбайига айланган, ўртакашлар фойда илинжида вазиятдан фойдаланмоқда. Лекин нархларнинг ошгани ўртакашлар бозорини синдириши мумкин, дейди ПР эксперт Икрамова.

“Масалан, Франциядан Ўзбекистонга саёҳат нархи авиабилетлар билан ҳисоблаганда 2500 еврогача бормоқда ва бу жаҳон бозорида жуда қиммат дегани, дейди Хайрулло Норматов.

Бундан ташқари, меҳмонхоналар, меҳмон уйлари ва сайёҳларга хизмат кўрсатиш объектлари хусусида гап кетаркан, билдирилишича, ВИП меҳмонлар учун 5 юлдузли меҳмонхоналарнинг сони бармоқ билан санарли. Аслида уларнинг сони, ҳеч бўлмаса, пойтахтда ўнлаб бўлиши керак.

Аҳолидаги тил билиш боғлиқ муаммолар, сайёҳларни кўрганда фақат фойда олиш интилиш маданияти ҳам туризм саноати гуллашига тўсиқ бўлмоқда. Ўзбекистонга шунингдек, ёшлар кам келади. Камола Икрамова фикрича, ёшларбоп туристик маҳсулотлар деярли йўқ. Масалан, кўнгилочар дастурлар, тунги ҳаёт, қувноқ ва шўх дастурлар, концертларни тўғри ташкил қилиш керак.

“Тунги ҳаёт деганда, фақат ёмон ишларни қилишни тушунмаслик лозим. Ёшларбоп, уларнинг вақтини чоғ ўтказиш учун турли дастурлар бўлиши жоиз”, - дейди Икрамова.

Шоҳрух Мажидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид