Ўзбекистон | 12:05 / 05.05.2025
8560
2 дақиқада ўқилади

Ҳафта давомида ҳарорат +40 даражагача исийди

Чоршанба кунигача ҳудудларда ҳаво +40 даражагача исийди. 8 майдан ҳароратнинг бироз пасайиши бошланади ва +27 даражага тушиши мумкин. Айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилади.

Фото: Kun.uz

5–7 май кунлари Ўзбекистон ҳудуди бўйича қуруқ ва иссиқ об-ҳаво сақланиб туради, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Душанбадан чоршанбагача ҳаво кундуз кунлари +35…+38 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда +40 даражагача исийди.

«Бу май ойи боши учун кузатилган иқлим меъёридан сезиларли даражада юқоридир. Бундай ҳарорат ёз мавсуми учун кўпроқ хосдир», – дея таъкидлайди синоптиклар.

8 майдан ҳарорат бироз пасайиши бошланади ва 9 май куни ҳарорат +27…+32 даражани ташкил этади.

8 майда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича баъзи жойларда, 9 майда марказий ва шарқий вилоятларда айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ кузатилиши мумкин.

5–7 майда шимолда ва чўл ҳудудларда, 8–9 майда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13–18 метр/сониягача кучайиши кутилмоқда, айрим жойларда шамол тезлиги 20–22 метр/сониягача кучайиши, чанг тўзонлар билан кузатилиши мумкин.

Тошкент шаҳрида 5−8 май кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат асосан +33…+36 даража, 7 майда +36…+38 даража бўлади. 9 майда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ кузатилиши мумкин. Ҳарорат +27…+30 даражагача пасаяди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид