Жаҳон | 09:50 / 02.03.2022
8664
2 дақиқада ўқилади

«Эхо Москви» радиоси эфирдан узиб қўйилди

Радиостанция эфирдан узилиши ва сайтининг блокланишига олиб келган қарор устидан судга шикоят қилмоқчи.

Фото: РИА Новости / Антон Денисов

«Эхо Москви» радиостанцияси эфирдан узиб қўйилди. Бу ҳақда сешанба куни радиостанция бош муҳаррири Алексей Венедиктов маълум қилди.

«Эхо Москви» эфирдан узилди», — деб ёзди у Telegram’даги каналида. 

Қайд этилишича, «Эхо Москви» эфирдан узилиши ва сайтининг блокланишига сабаб бўлган қарорга суд орқали эътироз билдиради. 

«Эхо Москви» таҳририяти Бош прокуратуранинг радиостанция эфирдан узиб қўйилиши ва сайтининг блокланишига олиб келган тақдимотига мутлақо қўшилмайди. Таҳририят бу қарорга судда эътироз билдиради. Унда сиёсий омил бор, бу РФ конституцияси томонидан тўғридан тўғри тақиқланган цензурани жорий этиш, деб биламиз», деб ёзган Венедиктов. 

Унинг сўзларига кўра, тақдимномада келтирилган даъволар «ҳеч қандай мисоллар, ҳеч қандай далил билан тасдиқланмаган, улар асоссиз ва Россия журналистлари ҳамда фуқаролари учун ҳақоратли». 

Аввалроқ Россия Бош прокуратураси «Эхо Москви» радиостанцияси ва «Дожд» телеканали (Россияда хорижий ОАВ агенти сифатида тан олинган) ахборот ресурсларига киришни чеклашни талаб қилганди. Радиостанция кейинроқ эфирдан узиб қўйилди. 

Бош прокуратуранинг таъкидлашича, «Эхо Москви» ва «Дожд» томонидан эълон қилинган маълумотларда экстремизмга, РФ фуқароларига нисбатан зўравонликка, жамоат тартиби ва жамоат хавфсизлигини оммавий равишда бузишга, шунингдек, РФ фуқароларини амалдаги қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда оммавий тадбирларни ўтказиш ва конституциявий тузумни зўравонлик билан ағдаришга чақириқлар бор.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид