Жаҳон | 20:27 / 14.01.2026
11007
2 дақиқада ўқилади

АҚШ 75 мамлакат фуқаролари учун виза беришни тўхтатади

Улар орасида Россия, Сомали, Эрон, Афғонистон, Ироқ, Миср, Нигерия, Яман, Таиланд, Бразилия ва бошқалар бор. Тўлиқ расмий рўйхат ҳали эълон қилинмади. Гап кўчиб борувчилар учун мўлжалланган иммиграция визалари ҳақида.

Фото: Alan Schein

АҚШ Давлат департаменти 75 мамлакат фуқаролари учун визаларни расмийлаштиришни тўхтатади. Бу ҳақда Fox News АҚШ ташқи сиёсат идорасининг ички ҳужжатларига таяниб хабар берди. Қарор 21 январдан кучга киради ва номаълум муддатгача амал қилади.

Эълон қилинган маълумотларга кўра, чора барча тоифадаги визаларга - иммиграцион ва ноиммиграцион, шу жумладан туристик, ишчи, талабалар ва гуманитар визаларга таъсир қилади. Шу билан бирга, гап мамлакатга киришни тўлиқ тақиқлаш ҳақида эмас, балки аризаларни кўриб чиқишни тўхтатиб туриш ҳақида кетмоқда. Аввал берилган визалар бекор қилинмайди, аммо янги аризалар вақтинча кўриб чиқилмайди.

Манбаларнинг тушунтиришича, қарор виза назоратини кучайтириш ва ариза берувчиларни текшириш тартибларини қайта кўриб чиқиш доирасида қабул қилинган. АҚШ ҳукумати public charge мезонига алоҳида эътибор қаратмоқчи - бу Америка иммиграция қонунчилигида чет эл фуқароси келажакда давлат учун молиявий юк бўлиши мумкинлигини баҳолаш учун ишлатиладиган тушунча.

Консуллик ходимларининг хизмат йўриқномаларида улар қонунчиликка амал қилишлари ва зарур ҳолларда, агар ариза берувчида ижтимоий ёрдамга эҳтимолий қарамлик белгилари мавжуд бўлса, виза беришни рад этиши кераклиги кўрсатилган. Текширувлар даромад даражаси, саёҳатни молиялаштириш манбалари, ҳомийларнинг мавжудлиги ва олдинги виза тарихига оид бўлади.

Виза бериш тўхтатиб қўйиладиган мамлакатлар рўйхатига дунёнинг турли минтақаларидаги давлатлар киритилган. Улар орасида Россия, Сомали, Эрон, Афғонистон, Ироқ, Миср, Нигерия, Яман, Таиланд, Бразилия ва бошқалар - жами 75 мамлакат тилга олинган. Тўлиқ расмий рўйхат ҳали эълон қилинмаган.

АҚШ Давлат департаментининг таъкидлашича, чора маъмурий хусусиятга эга бўлиб, миграция хавфсизлиги ва молиявий жавобгарликни кучайтиришга қаратилган. Виза тартиб-таомилларини қайта кўриб чиқишни якунлаш муддати кўрсатилмаган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид