Жаҳон | 21:19
1685
3 дақиқада ўқилади

Эрон ҳеч қачон тажовузкорлик йўлини танламаган – Пизишкиён америкаликларга мурожаат қилди

Эрон президентининг таъкидлашича, Эрон «тажовузкорлик, экспансия ёки ҳукмронлик йўлини танламаган» ва фақат ўзини ҳимоялаш доирасида ҳаракат қилмоқда.

Фото: Getty images

Эрон президенти Масъуд Пизишкиён америкаликларга очиқ хат ёзиб, унда «бузиб кўрсатилган ва сунъий яратилган ҳикоялар оқимидан ташқарига қарашга» чақирди ва Вашингтон сиёсати ҳақиқатан ҳам «Аввало Америка» тамойилига жавоб беришига шубҳа билдирди.

Шунингдек, у АҚШ «охирги америкалик аскар қолгунча» жанг қилишга тайёр бўлган ҳолда «Исроил прокси»си сифатида ҳаракат қилмаяптими, деб сўради. Мактуб 1 апрель куни кечқурун Эроннинг Press TV давлат янгиликлар телеканали сайтида эълон қилинди.

Пизишкиённинг таъкидлашича, Эрон «тажовузкорлик, экспансия ёки ҳукмронлик йўлини танламаган» ва фақат ўзини ҳимоялаш доирасида ҳаракат қилмоқда. Унинг сўзларига кўра, Эронни таҳдид сифатида кўриш «сиёсий ва иқтисодий манфаатлар маҳсули». Пизишкиён, шунингдек, эронликлар «бошқа мамлакатлар халқларига, жумладан, америкаликларга душманлик кайфиятида эмаслигини» таъкидлади.

Мактубда президент эскалация учун жавобгарликни АҚШ ва Исроилга юклаб, сўнгги зарбаларни «тажовуз» ва тинч аҳолига қарши қаратилган «ҳарбий жиноят» деб атаган.

Пизишкиён, шунингдек, урушнинг америкаликлар учун фойдасини шубҳа остига қўйди: «Бу уруш Америка халқининг айнан қайси манфаатларига хизмат қилади?», деб сўради у. Унинг сўзларига кўра, дунё қарама-қаршилик ва ўзаро таъсир ўртасидаги «чорраҳада» турибди ва бу танлов натижаси «авлодлар келажагини белгилайди».

Эроншунос Никита Смагиннинг The Insider нашрига берган интервьюсида таъкидлашича, Эрондаги уруш ва тинчлик ҳақидаги қарорлар бир киши томонидан эмас, балки коллектив ҳарбий-сиёсий блок томонидан қабул қилинади, бу ерда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) асосий рол ўйнайди, турли ҳарбий тузилмалар эса сезиларли даражада автономияга эга. Унинг сўзларига кўра, президент Масъуд Пизишкиан ҳақиқатан ҳам мўътадилроқ, аммо ҳақиқий таъсирга эга эмас ва кўпроқ декоратив вазифани бажаради, Хоминаийнинг ўғли - Мужтабанинг роли ва аҳволи ҳақида эса ишончли маълумотлар йўқ.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид