Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп жаҳон бозорларини «портлатди»: АҚШ акциялари бир соат ичида деярли 3 трлн долларга арзонлашди
АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан Америкага келаётган барча импорт маҳсулотларига тарифлар жорий этилиши ва мамлакатнинг энг йирик савдо ҳамкорларига алоҳида божлар белгиланиши ҳақидаги қарор Америка фонд бозорида пандемиядан буён кузатилмаган кескин қулашга олиб келди.
Фото: imago images / Xinhua
Пайшанба куни савдо бошланиши билан S&P 500 индекси 4 фоиздан кўпроққа, Nasdaq — 4,9 фоизга, Dow Jones — 3,7 фоизга пасайди, кичик капитализацияга эга компанияларни ўз ичига олувчи Russell 2000 индекси эса деярли 7 фоизга қулади.
The Wall Street Journal ҳисоб-китобларига кўра, бир соатдан камроқ вақт ичида АҚШнинг энг йирик компаниялари акциялари 2 трлн долларга арзонлашди. Умумий бозор капитализацияси эса 2,7 трлн долларга қисқарди — бу 2020 йилдан бери қайд этилган энг катта йўқотишдир.
Заводлари Трамп томонидан энг оғир божларга дучор қилинган мамлакатлардан бири Хитойда жойлашган Apple акциялари 9,5 фоизга пасайди. Натижада, компания 300 млрд доллар бойлигини йўқотди. Хитой маҳсулотлари билан тўлган Target ва Dollar Tree каби чакана савдо тармоқлари акциялари 12 фоиздан кўпроқка тушиб кетди. Amazon —165 млрд, Nvidia эса 183 млрд капитализациясидан мосуво бўлди.
Трампнинг энг йирик молиявий ҳомийлари ҳам миллиардлаб доллар зарар кўрди: Tesla акциялари тушиши орқали Илон Маск 6 млрд, Blackstone Group сармоя фонди раҳбари Стивен Шварцман эса 3 млрд доллар йўқотди, деб ёзади The New York Times. Уч йил ичидаги энг катта тушиш нефт бозорида ҳам рўй берди: Brent навли нефть фючерслари 7 фоизга арзонлашиб, баррели 70 доллардан пастга тушди. Мосбиржа индекси 2,3 фоизга пасайди ва кетма-кет 12-кун манфий натижада ёпилди — бу Россиядаги замонавий биржа статистикасида илк марта кузатилмоқда.
Чоршанба кечқурун Оқ уйнинг Гулзор боғида сўзлаган нутқида Трамп АҚШга олиб кириладиган маҳсулотларнинг катта қисмига 10 фоизлик бож жорий этилишини эълон қилди. Шунингдек, Хитойга нисбатан қўшимча 34 фоиз, Европа Иттифоқига эса 20 фоизлик божлар белгилашини маълум қилди.
Fitch Ratings агентлигидан Олу Соноланинг таъкидлашича, бу билан АҚШнинг импорт учун ўртача бож ставкаси 2024 йилдаги 2,5 фоиздан 22 фоизгача ўсди — бундай даража сўнгги марта тахминан 1910 йилда кузатилган.
«Бу нафақат АҚШ иқтисодиёти, балки бутун жаҳон иқтисодиёти учун ўйин қоидаларини тубдан ўзгартиради, — деди у. — Кўплаб мамлакатлар рецессияга юз тутиши мумкин».
Божлар миқёси кутилаётганидан анча катта бўлди: Оқ уй ҳисобларига кўра, улар келаси 10 йил ичида АҚШ бюджетини 6 трлн доллар билан тўлдиради ва 2024 йилда 3 трлн долларга етган, 2025 йилда эса яна ортиши кутилган бюджет тақчиллигини қисқартиради. JP Morgan таҳлилчиларига кўра, Трамп қарори 1960-йиллар охиридан буён бу тамойилдаги энг йирик солиқ ислоҳотидир.
Бюджетни тўлдириш эвазига эса АҚШда рецессия, Европа Иттифоқида иқтисодий пасайиш ва глобал стагфляция содир бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди Quantum Strategy таҳлилчиси Дэвид Рош.
Европа Иттифоқи Трамп божларига жавоб сифатида қарши чоралар пакети тайёрламоқда, деб эълон қилди Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен. Хитой эса АҚШ томонидан жорий қилинган божларга «қатъий қарши эканини» билдириб, ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун қарши чоралар кўришини маълум қилди. Хитой фонд бозоридаги «кўк чип» компаниялари CSI300 индекси 0,59 фоизга пасайди. Европа биржаларидаги EuroStoxx600 индекси эса 2,7 фоизга тушди.
Мавзуга оид
08:00
Хитойнинг 2025 йилги савдо харитаси: АҚШ етакчи, Осиё тезлашмоқда
23:05 / 19.02.2026
Трамп «Тинчлик кенгаши» ёрдамида БМТ ролини кучайтириш режаларини эълон қилди
22:36 / 19.02.2026
Қозоғистон ва яна тўрт давлат Ғазодаги хавфсизлик кучларига қўшин юборади
22:15 / 19.02.2026