Ўзбекистон | 22:15 / 19.02.2026
1646
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Ғазода уй-жой бинолари, болалар боғчаси, мактаб ва шифохоналар қуришга тайёр – Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев Вашингтондаги «Тинчлик кенгаши»нинг биринчи саммитида нутқ сўзлади ва Яқин Шарқдаги вазиятни яхшилаш, тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ташкил қилинган ушбу тадбирни қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон ҳам бунга ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Фаластиннинг Ғазо секторида уй-жой бинолари, болалар боғчаси, мактаблар ва шифохоналарни қуришда баҳоли қудрат ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди.

Ушбу баёнот 19 февраль куни Вашингтонда «Тинчлик кенгаши» биринчи саммитида янгради.

«Ўзбекистон «Тинчлик кенгаши»ни ташкил қилиш бўйича тинчликпарвар ташаббусни қўллаб-қувватлади ва уни муваффақиятли амалга ошириш жараёнида иштирок этишга тайёрлигини қатъий эълон қилди. Ишончим комил, кенгаш иши Ғазо секторининг иқтисодий ва ижтимоий тикланиши учун ижобий шароит яратади. Ташқи бошқарув бўйича ҳар қандай механизм сектор аҳолисининг ички қўллаб-қувватловига таяниши керак. Барча томонларнинг мувофиқлаштирилган ҳаракатлари можародан кейинги тикланиш жараёнининг барқарор бўлишини таъминлайди ва Ғазонинг тезкор тикланиши учун шароит яратади. Таъкидлайман, Ўзбекистон Ғазода уй-жой бинолари, болалар боғчаси, мактаблар ва шифохоналарни барпо қилишга баҳоли қудрат ёрдам кўрсатишга тайёр», деди давлат раҳбари.

«Ушбу йиғилиш Яқин Шарқдаги вазиятни яхшилаш, тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги халқаро бирдамликнинг ёрқин кўринишидир. Биз бу тарихий имкониятдан янги, иқтисодиёти гуллаб-яшнаётган ва аҳолиси муносиб яшайдиган янги Ғазони барпо қилиш учун фойдаланишимиз керак», деб қўшимча қилди президент.

Вашингтондаги «Тинчлик кенгаши» саммити АҚШ президенти Доналд Трамп раислигида ўтмоқда. Унда 20 дан ортиқ давлатдан делегациялар қатнашяпти.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид