Ўзбекистон | 11:15 / 10.03.2026
8445
2 дақиқада ўқилади

Метан заправкалар фаолиятига яна чеклов киритилади

10 март куни соат 16:00 дан бошланадиган навбатдаги чекловлар қачонгача амал қилишига аниқлик киритилмаган.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати пасайиши сабабли 10 март куни соат 16:00 дан бошлаб метан заправкалар фаолиятига вақтинча чеклов жорий этилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар қилди.

Вазирлик совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши оқибатида табиий газга бўлган талаб ортгани, шу сабабли магистрал газ қувурларида босим пасайиши кузатилаётганини қайд этган.

«Мазкур чора-тадбирлар, аввало, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини барқарор газ таъминоти билан таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатувчи ҳамда жамоат транспорт воситалари учун газ таъминоти чекловларсиз, барқарор тарзда давом эттирилади», – дейилади ваирлик хабарида.

Навбатдаги чекловлар қачонгача амал қилишига аниқлик киритилмаган.

Ўтган йил декабридан буён ҳаво ҳарорати пасайиши фонида метан газ қуйиш шохобчаларида қисман ёки тўлиқ чекловлар жорий этиб келинмоқда. Шу билан бирга, пропан газ қуйиш шохобчалари қиш давомида ёпилмади, аммо уларда ҳам узун навбатлар ҳайдовчиларга ноқулайлик туғдирди.

9 март куни Ўзбекистон ҳудудига совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келди ҳамда ёмғир ва қор ёғди. 

Прогнозларга кўра, жорий ҳафта ўрталарида ҳам шимолдан минтақага совуқ арктик ҳаво оқими кириб келиши кутилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид